11.06.2013

ЭНГ АСОСИЙ ҒАЛАБА

— УНИВЕРСИАДАДА ҚАТНАШИШНИНГ ЎЗИ ,ҚАДИМ ВА ҲАМИША НАВҚИРОН БУХОРО ЗАМИНИДАГИ ҲАЯЖОНЛИ ЛАҲЗАЛАРНИНГ ШИРИН ХОТИРАЛАРИ, ОРТТИРИЛГАН ЯНГИ ДЎСТЛАР, ЯНГИ ОРЗУЛАР...

Уч кун давомида мамлакатимиз  спорт мухлислари, миллионлаб ёшларимиз, бутун халқимизнинг диққат-эътиборини ўзига тортган Универсиада ўйинлари чинакам спорт байрамига айланиб кетди.

Юртимизда олтинчи бор ташкил этилган бу «кичик олимпиада»ни юқо­ри са­вияда, уюшқоқлик билан ўтказиш учун аввало жойларда, вилоят ва шаҳарларда зарур шароитлар яратилгани, жумладан, Бухоро шаҳрида ўнлаб муҳташам спорт саройлари ва мажмуалари бунёд этил­гани алоҳида эътирофга лойиқдир.

Агар рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, «Уни­версиада — 2013» мусобақалари финал босқичига тайёргарлик кўриш учун қарийб 93,5 миллиард сўм маблағ сарфланиб, катта ҳажмдаги қурилиш, рекон­с­трукция ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Бу эса ҳар уч йилда ўтказиладиган талаба-ёш­ларимизнинг спорт байрамига давлатимиз ҳамда жамиятимиз томонидан нечоғли улкан эътибор ва аҳамият берилаётганининг исботидир.

«Универсиада — 2013» мусобақаларининг финал босқичида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар терма жамоалари спортнинг 12 тури бўйича кескин ва муросасиз кураш олиб борди. Олимпия тамойилларига қатъий риоя қилинган, холислик, ҳалоллик, адолат, ўзаро дўстлик, рақибга ҳурмат каби умуминсоний қадриятлар бош мезон бўлган баҳсларда спортчиларнинг кўрсаткич ва натижалари тобора ўсиб бораётгани қайд этилди. Кўплаб янги рекордлар ўрнатилди. Бу келажакда Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида Ватанимиз бай­роғини баланд кўтаришга қодир иқтидорли спортчилар вояга етаётганининг яна бир далилидир.

...«Бухоро» спорт мажмуаси ҳар қачонгидан-да кўркам, байрамона безатилган. Ўз бағрига минглаб спортсевар йигит-қизларни жамлаган стадион узра дилрабо куй ва мусиқа садолари янграйди. Энг ҳаяжонли дақиқалар — ғолибларни тақдирлаш маросими бошланади.

Мусобақада энг кўп медаль жам­ғариб, биринчи ўринни эгаллаган Тошкент шаҳри жамоаси юксак мукофот — Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Универсиада — 2013» спорт ўйинлари иштирокчиларига табригининг асл нусхаси ва Президент сов­ғаси — «Дамас» автомобили билан тақдирланди.

Умумжамоа ҳисобида иккинчи ва учинчи ўринни эгаллаган Самарқанд ҳамда Андижон вилоятлари жамоаларига Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси — «Дамас» автомобиллари топширилди.

Мусобақаларда алоҳида маҳорат кўрсатган, ирода ва ғалабага интилишини намоён этган, тенгқурлари орасида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ спортчи-талабалар махсус совринларга сазовор бўлди.

— Мамлакатимизда мунтазам ўтказиб келинаётган уч босқичли спорт ти­зимининг барчасида қатнашган ёш­лардан бири эканимдан бахтиёрман, — дейди Термиз давлат университети талабаси Диёра Рустамова. — 2009 йилда Гулистонда «Умид ниҳоллари», 2011 йилда Термизда ўтказилган «Баркамол авлод» спорт ўйинларида қатнашиб, совриндорлар сафидан жой олгандим. Бухоро универсиадасида уч ҳатлаб сакраш бўйича 12.00 метр натижа кўрсатиб, кумуш медаль билан тақдирландим. 100 метрга тўсиқлар оша югуришда ҳам маррага иккинчи бўлиб етиб келдим. Бундан ташқари, 100 ва 400 метрга эстафета югуриш баҳсларида жамоадошларим Анжелика Кудякова, Нигора Ҳамидова, Нигора Муҳаммадиевалар билан биргаликда яна иккита бронза медалига сазовор бўлдик.

Бироқ, қайд этган натижаларимдан кўнглим тўлди, деб айта олмай­ман. Бизнинг Сурхондарё вилоятимизда ҳам халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий спорт иншоотлари кўп. Президентимиз биз учун яратган катта шарт-шароит ва имкониятларга муносиб жавоб қайтариш учун халқаро мусобақаларда албатта шоҳсупага кўтариламан.

Маълумки, бу галги мусобақалар Бутунжаҳон универсиадаси ўтказиладиган йилга тўғри келди. Шу йилнинг 6 — 17 июль кунлари Қозон (Россия)да XXVII Бутунжаҳон ёзги универсиадаси бўлиб ўтади. Унда дунёнинг юздан зиёд давлати вакиллари қаторида саксон нафар ҳамюртимиз спортнинг ўн тўрт тури бўйича ғолиблик учун кураш олиб бориши кутилмоқда.

— Универсиадада мамлакатимиз дзюдочилари тўлиқ таркиб билан қатнашди, — дейди Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Армен Багдасаров. — Улар учун бу мусобақа XXVII Бутунжаҳон ёзги универсиадаси олдидан муҳим тайёргарлик вазифасини ўтаганига шубҳа йўқ.

— Улкан спорт байрами тафсилотлари universiada.uz веб-сайтида ўзбек, рус, инглиз, немис, француз, итальян, испан, корейс, япон, хитой тилида ёритилди, — дейди «Универсиада-2013» мусобақалари финал босқичи Матбуот маркази ходими Акбаржон Рустамов. — Уч кун давомида дунёнинг қирқдан ортиқ давлатидан минглаб спорт мухлиcлари Универсиада беллашувларини ушбу расмий сайт орқали кузатиб борди.

...Стадион узра майин мусиқа садолари янграйди. «Универсиада — 2013» республика спорт ўйинларининг байроғи туширилади. Уни бухоролик спортчилар олий ўқув юртлари талабаларининг навбатдаги Универсиадаси финал мусобақаларига мезбонлик қиладиган Фарғона вилояти вакилларига топширади.

Мусобақа машъаласи аста-секин сўнади. Бироқ у қатнашчилар қалбига жо бўлиб, уларнинг катта спорт сари йўлини ёритиб, янги ва янада улкан ютуқларга илҳомлантиради. Президентимиз таъкидлаганидек, «Халқимиз, жамоатчилигимизга яхши таниш бўлган, ҳаммамизга куч-қувват бағишлайдиган, эртанги кунга ишонч туғдирадиган «Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва ҳеч қачон кам бўлмаймиз!» деган олижаноб даъват барчамизни мана шундай гўзал ва бетакрор Ватанимизга меҳр қўйиб, ғурур ва ифтихор билан яшашга чорлайди».

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.