11.06.2013

МУҚОБИЛ ЭНЕРГИЯ

ривожида география фанининг ўрни

Президентимизнинг 2013 йил 1 мартдаги «Муқобил энергия манбала­рини янада ривожлантириш чора-тадбир­лари тўғрисида»ги Фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришни тақозо этмоқда.

География фани муқобил энергиянинг ҳудудий тар­қалиши, вақт давомида такрорланиши, энергия қуввати, уларни табиий-географик ва иқтисодий географик шароитларга кўра оптимал жойлаштириш масалаларини ўрганади.

Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп­лаб давлатлари табиий захиралар ҳамда ички имкониятлардан фойдаланиб электр энергия ишлаб чиқаришнинг турли тармоқларини ривожлантиришга ҳа­ракат қилаяпти. Чунки хилма-хил географик минтақаларда жойлашган давлатлар муқобил энергиянинг турли захираларига эга. Масалан, Европа қитъасининг шимолий қисмидаги давлатлар қишнинг узоқ давом этиши ва булутли кунларнинг кўп­лиги туфайли қуёш энергия­сидан кенг фойдалана олмайди.

Германия, Голландия, Бельгия, Франция, Буюк Британия, Финляндия ва Швеция давлатлари эса Болтиқ денгизи ҳамда Шимолий денгиз қирғоқларида бир неча минг километр масофага чўзилган шамол генераторларини қуришни режалаштирмоқда. Шамол қурилмалари ёрдамида электр энергияга бўлган талабни тўлиқ қондириш имконияти йўқ. Шу сабабли ҳам шамол генераторлари билан бир қаторда бош­қа энергия манбалари ҳам изланмоқда.

Африка қитъасининг шимолидаги Саҳрои Кабир чў­лида қуёш энергиясидан фойдаланиш лойиҳаси мавжуд. Ушбу лойиҳа бўйича Саҳрои Кабирнинг шимолий қисмига бир неча юз миллион фотобатарея­лар жойлаштирилади. Ишлаб чиқиладиган электр энергиянинг қуввати 100 ГВтга тенг. Бу билан Европа давлатлари ўзларининг электр энергия­га бўлган эҳтиёжини тўла қондириш режасини тузмоқда.

Республикамиз қуёш энер­гияси ресурсларига бой ҳудуд ҳисобланади. Юртимизда йил давомида қуёшли кунлар 290-310 кунни ташкил этади. Ушбу энер­гиянинг ялпи потенциали 50 миллиард 973 миллион тонна нефть эквивалентига тенг.

Таққослаш учун шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистонда қуёш­дан келадиган йиллик энергия миқдори қазиб олинаётган нефтга нисбатан ўн минг марта каттадир. Бизда ушбу энергия имкониятларидан ҳо­зирга қадар тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Мамлакатимизда фойдаланиш мумкин бўлган муқобил энергия манбаларидан яна бири шамол энергияси ҳисобланади. Ўзбе­кистонда ер юзасига яқин, яъни 10 метр баландликкача атмосферада шамол энергиясининг техник потенциали анча юқори. Бунда шамол узлуксиз эсадиган очиқ текисликлар, ҳаво оқими тезлашиб ўтадиган тоғлар оралиқлари, ботиқлар, маҳаллий омиллар туфайли ҳосил бўладиган шамоллар ҳисобга олинмаган.

Агар шамол ресурслари аниқ ва тўлиқ ўрганилса, унинг қуввати 20-30 млрд кВт дан ошади. Масалан, Бекобод шамолининг кучи 6-12 м/с.га етади. Ўзбекис­тонда шамол ресурсларидан унумли фойдаланилса, электр энергияга бўлган эҳ­тиёжнинг ярмини шамол энергияси ёрдамида қондириш мумкин.

Электр ва иссиқлик энергияси олишнинг яна бир қулай ман­баи чиқиндилардан биогаз олиш ҳисобланади. Баъзи ривожланган давлатларда ишлаб чиқарилаётган ялпи электр энергиянинг муайян қисмини биогаз энергияси ташкил этади.

Биогаз ишлаб чиқаришда маиший чиқиндилар жуда қўл келади. Самарқанд шаҳридан, ҳар куни юз тоннадан зиёд чиқинди чиқарилади. Бунинг қарийб 40-45 фоизи органик чиқиндилар бўлиб, биогаз ишлаб чиқариш учун асосий хомашё ҳисобланади. Туманлар ва кичик шаҳарлардан ҳам ҳар куни маълум миқдорда маиший чиқинди тўпланади. Агар шулардан қурилма ёрдамида биогаз олинса, бир қатор муаммолар ҳал этилар эди.

Самарқанд шаҳри яқинидаги қишлоқлардан бирида ҳажми 3 тонналик биогаз қурилма ясалган. Ундан олинадиган биогаздан бир оила 3 ой давомида узлуксиз электр олишда фойдаланиши мумкин.

Дарҳақиқат, биогаз олиш учун шаҳар ва қишлоқларда хомашё манбаи катта. Ривожланган мамлакатларда чорвачилик фермала­рида, шаҳар чиқиндихоналарида, иссиқхоналар ёни­да турли катталикдаги биогаз қурилмалари йил давомида ишлаб туради. Хитой давлатида 12 миллиондан ортиқ биогаз қурилмалари бор.

Биогаз ишлаб чиқарадиган бир ёки бир неча оилага мўл­жалланган кичик ҳажм­даги қурилмалар қишлоқ аҳо­лиси учун жуда керак. Қишлоқларда ҳар бир оилада уй ҳайвонлари боқилади. Ана шу чорва моллари чиқинди­лари биогаз ишлаб чиқариш учун хомашё ҳи­собланади.

Қорамол чиқиндиси ҳисо­бига бир суткада олинадиган биогаз қарийб 10 кг ўтин ёки 5 кг кўмир эквиваленти­га тенг. Чорва моллари чиқиндилари махсус қурилмаларда 8-15 кун ичида парчаланади ва асосини метан гази ташкил қилувчи биогаз ҳосил бўлади. Биогаз олингач, қолган чиқиндилар ўғитга айланади.

Қишлоқларда кичик биогаз қурилмаларининг ўрнатилиши аҳолига катта қу­лайлик яратишидан ташқари, экологик вазиятни яхшилаш, атроф-муҳит муҳофазасида беқиёс аҳамиятга эга. Гап шундаки, чиқиндихоналар атроф-муҳитни зарарлайдиган органик чиқиндилардан тозаланади.

Ҳозир шаҳарлар, шаҳарчалар, йирик қишлоқлардаги чиқиндихоналарнинг кўп­чилиги стандарт қоидага мос ҳолда қурилмаган. Чиқиндилар, айниқса, суюқ чиқиндилар ташланадиган жойлар таги бетонлаштирилмаган. Шу сабабли чиқиндилар ер тагига сингиб тупроқ сувларини ифлослайди, ёқиб юборилган чиқиндилар эса бир неча километр радиусда ҳавони зарарлайди.

Мамлакатимизда экологик тоза муқобил энергия турларидан фойдаланиш янги энергетика тармоғининг ривожланишига асос бўлади. Бу тармоқнинг ривожланиши туфайли юз минглаб кишилар иш билан таъминланади. Тоғли, чўл ҳудудларда истиқомат қи­лувчи аҳолининг электр энергия таъминоти яхшиланади. Чўл ҳудудларида қуёш ва шамол энергиялари орқали ер ости сувларини насос ёрдамида чиқариш ва томчилаб суғориш технологияларидан фойдаланиш ҳисобига катта майдонларда суғорма деҳқончиликни ривожлантириш имконияти пайдо бўлади.

Шунингдек, муқобил энер­гия манбалари яйлов ре­сурсларидан бир текис фой­даланиш имконини ҳам беради. Бундан ташқари, тоғ боғдорчилиги, асаларичилик янада тараққий этишига йўл очади.

Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети табиий фанлар факультети, география бўлими, гидрометеорология ва ландшафтшунослик кафедрасининг профессор-ўқитувчилари Самарқанд вилоятининг шамол ресурсларини ўрганиш ишларини бошлаб юборишди. Бу тадқиқот ишларига ўқитувчилардан ташқари магис­трантлар ва талабалар ҳам жалб қилинган.

Субхон АББОСОВ,

география фанлари доктори, профессор,

Орзимурод РАҲМАТУЛЛАЕВ,

география фанлари номзоди, доцент.



DB query error.
Please try later.