11.06.2013

ЗАМОНАВИЙ РАВОН АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИ

обод турмушимизнинг муҳим воситасидир

«Ўзавтойўл» давлат акциядорлик компанияси томонидан «Мамлакатимиз автомобиль йўлларининг бугунги аҳволи ва уларни ривожлантириш масалалари» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда компания бошқаруви раисининг ўринбосари Шуҳрат Назаров Президентимизнинг 2010 йил 21 декабрдаги «2011-2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш борасида мақсадли дастурлар изчиллик билан ҳаётга жорий қилинаётганини таъкидлади. Шунингдек, 2013 йилда халқаро стандартларга жавоб берадиган 526 километрлик автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, Қамчиқ довонида 71 километрлик автомобиль йўли участкасида реконструкция ишларини якунига етказиш, шу билан бирга, қатор кўприк ва йўл ўтказгичларни барпо этиш режалаштирилаётгани ҳамда тегишли вазирлик, идоралар ва жойлардаги ҳокимликлар билан биргаликда автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш бўйича тегишли инфратузилмани ривожлантиришга доир амалий чоралар кўрилаётгани тўғрисида ҳам тўхталиб ўтди.

Жумладан, 2011-2015 йилларга мўлжалланган инвестиция дас­турида белгиланган вазифаларни бажариш борасида компания таркибидаги корхона-ташкилотлар томонидан жорий йилнинг шу даврига қадар Ўзбек Миллий автомагистрали таркибига кирувчи 59 километрдан ортиқ автомобиль йўли 4 тасмали қилиб, тўлиқ реконструкция қилинди. Булар жумласига Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи, «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлининг 21 километр қисми, «А-378» автомбиль йўлининг Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳудудларидан ўтувчи 4 километри ҳамда Қамчиқ довонининг 6 километр қисмини мисол тариқасида келтириш мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўрин­лики, Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 14 февралдаги «Обод турмуш йили» Давлат дастури тўғ­рисидаги Қарорида ҳам йўл инфратузилмасини яратишга алоҳида масала сифатида ёндашилган. Мазкур қарорда белгиланганидек, жорий йилда 500 километрдан ортиқ автомобиль йўллари қу­рилади, реконструкция қилинади ва мукаммал таъмирланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 31 декабрда қабул қилинган «Умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш ишлари таснифига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, компания тасарруфидаги корхоналар томонидан йил давомида умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларидан фойдаланиш, транспорт воситаларининг узлуксиз ҳамда хавфсиз ҳаракатини таъминлашга доир изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилда эса умумий фойдаланувдаги автомобиль йўлларида транспорт ҳа­ракати хавфсизлигини таъминлаш, мавсумий баҳорги ва кузги техник кўрикларда аниқланган нуқсонларни бартараф қилиш мақсадида 350 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилган. Ўтган 5 ой давомида мазкур ишларни амалга оширишда 160,0 миллиард сўмлик жорий таъмирлаш ва сақлаш ишлари бажарилиб, 950 километр атрофидаги йўллар таъмирланди. Мисол учун Фарғона вилоя­тининг Фарғона, Данғара, Ўзбекистон туманларидаги, Жиззах вилоятининг Бахмал ва Ғаллаорол туманларидан ўтувчи М-39 автомобиль йўли, Бухоро шаҳридаги умумий фойдаланувда бўлган автомобиль йўл­лари ва бошқа ҳудудлардаги йўл­лар жорий таъмирланди.

Маълумот ўрнида қайд этиш керакки, компания томонидан 2015 йилгача Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирадиган яна 1487 километр йўлни қуриш, реконструкция қилиш ва тўрт полосага ўтказиш, йўлларни тегишли ҳолатда сақлаш учун қўшимча техника ҳамда ускуналар сотиб олиш, йўл-қурилиш ва таъмирлаш корхоналарини модернизация қилиш кўзда тутилган.

Тадбирда компаниянинг масъул ходимлари мавзу юзасидан журналистларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб беришди.

Тоштемир МУРОД



DB query error.
Please try later.