08.06.2013

ТАШКИЛОТ ЭМАС, МАНСАБДОР ШАХС

жавобгар бўлади

Партия дастурий мақсадларини самарали амалга ошириш учун бошлан­ғич партия ташкилотларига дунёқараши кенг, изланувчан, сиёсий-ҳуқуқий билими юқори, жамоатчилик билан ишлаш ва ташкилотчилик қобилиятига эга, одамларни ўз ортидан эргаштира оладиган фаолларни етакчи этиб сайлаш муҳим аҳа­миятга эгадир.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож, хусусан, жисмоний имконияти чекланган кишилар ҳам меҳнат қилиш ҳуқуқига эга.

Бунинг учун корхона-ташкилотларда қонунчиликка мувофиқ чоралар амалга оширилиши, муносиб меҳнат шароити ва кафолатлари яратилиши керак. Акс ҳолда, қонун талаблари бажарилмаган ҳисобланади ва тегишли тартибда жавобгарлик белгиланади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида ана шу жавобгарлик кучайтирилиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Улуғбек ЗОКИРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси фракциямиз аъзолари томонидан атрофлича муҳокама қилинди. Мазкур қонун лойиҳасига асосан айрим қонун ва кодекслар, жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам тегишли ўз­гартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

ЎзХДП электорати манфаати ҳимояси кафолатини мустаҳкамлашда бу тузатишлар муҳим аҳамиятга эга. Қонун лойиҳасида ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни ишга жойлаштириш мақсадида давлат ҳокимияти органларининг иш ўринлари ташкил этишга доир қарорларини бажармаганлик учун, шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий маълумот олган ёки касбий тайёргарлик ҳамда қайта тайёрловдан ўтишга, малака оширишга юборилган, илгари маълум қилинган шахс­ларни ишга қабул қилиш рад этилганда жавобгарликни кучайтириш назарда тутилмоқда.

Мазкур қонуний талаблар бажарилмаган тақдирда корхона, муассаса ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилиши қонун лойиҳасида белгилаб қўйилаяпти. Хусусан, унга мувофиқ бўш иш ўринлари мавжуд бўлганда, меҳнат бўйича маҳаллий органлар йўлланмасига эга шахсни ишга қабул қилишни асоссиз рад қилганлик мансабдор шахсларга энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.

Фракция «Олий малакали ил­мий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш ҳамда аттес­тациядан ўтказиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қо­нун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қо­нун лойиҳасини кўриб чиқди.

Қонун лойиҳаси Президенти­мизнинг «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадр­лар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган. Унда Меҳнат кодекси, Уй-жой кодексига, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги, «Таълим тўғрисида»ги қонунларга ҳам­да Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига ўзгартишлар киритиш назарда тутилмоқда.

Бу ўзгаришлар илм-фанга қизиққан, илмий изланишларга қобилиятли кишилар тўғридан-тўғри фан доктори илмий даражаси олиши учун замин яратади. Натижада илмий ишларнинг самарадорлиги ошиб, мамлакатимизда илмий салоҳият янада юксалишига имконият кенгаяди.

«Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қар­ши курашиш тўғрисида»ги қо­нун лойиҳаси муҳокамасида ЎзХДП фракцияси билдирган таклифлар уни такомиллаштириш жараёнида инобатга олингани таъкидлаб ўтилди.

Алишер ТИЛЛАБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Фракциямиз аъзолари таклифи билан одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашнинг молиялаштирилишига оид меъёрлар такомиллаштирилди.

Мамлакатимизда ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу йўналишдаги ҳуқуқий масалалар 1999 йил 19 августда қа­бул қилинган «Одамнинг имму­нитет танқислиги вируси билан касалланишнинг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғ­рисида»ги Қонун билан тар­тибга солиниб келинмоқда.

Ўтган давр ичида халқаро миқёсда ОИВ касаллиги тар­қалишига қарши кураш бў­йича ёндашувлар кескин ўз­гармоқда. Шундан келиб чиқиб, соҳани тартибга солувчи амалдаги қонунни такомиллаштириш зарурати туғилган.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича қилинаётган ишларнинг ҳу­қуқий асосини янада мустаҳкамлайди.

Юқоридаги қонун лойиҳалари жорий йил 6-7 июнь кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида муҳокама қилинди. Унда ЎзХДП фракциясининг қонунлар лойиҳалари бўйича партия дастурий мақсадлари, электорат манфаатларидан келиб чиқиб билдирган муносабат ва таклифлари қабул қилинди.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.