08.06.2013

ЕТАКЧИНИНГ ФАОЛ ВА ТАШАББУСКОРЛИГИ

партия фаолиятини кучайтиради, бундан аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами манфаат кўради

Сиёсий партия аҳоли муайян қатламининг қарашлари, манфаатлари ва мақсадлари муштараклиги асосида тузилади ҳамда уларнинг ирода­сини рўёбга чиқариш учун курашади. Ўз Дастури, Сайловолди платформасида муайян ғояларни илгари суради.

Сиёсий партия ўз олдига қўйган мақсадга эришишининг кўплаб омиллари бор. Ана шулардан бири, ҳеч шубҳасиз, бошланғич ташкилотлардир. Бошланғич ташкилотлар партия ўз электорати билан узвий алоқа боғлаб туришининг энг ишончли воситаси ҳи­собланади. Сиёсий пар­тиянинг халқ орасига чуқур кириб бориши, нуфузи мус­таҳкамланиши кўп жиҳатдан бошланғич ташкилотлар фаолияти қай даражада самарали йўлга қўйилганига боғлиқ. Қуйи бўғин иши тўғри ва тизимли ташкил этилса, партия сиёсий куч сифатида ўзини тўлиқ намоён этади ва мав­қеи ошади. Бир сўз билан айт­ганда, кучли бошлан­ғич ташкилот партиянинг дастурий мақсади ва вазифалари рўёбга чиқишида муҳим ўрин тутади.

Сиёсий партия ўз дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, аҳолини ўйлантираётган масалаларни изчил ўрганиш, электорати билан ҳамнафас бўлиш учун ўзининг бошланғич ташкилотларига таянади. Чунки улар электоратга яқин бўғин бў­либ, бевосита аҳоли орасида, ҳаётнинг энг қайноқ жойларида фаолият юритади. Табиийки, бугунги кун­нинг, бугунги кун одамларининг ўй-ташвиши, ютуқ­лари-ю муаммоларини ях­ши билади.

Демак, бошланғич ташкилотлар фаолиятини изчил кучайтириб бориш партия олдидаги долзарб вазифа ҳисобланади.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзолари сони 380 мингни ташкил этади. Улар 10 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотга бирлашган.

Бошланғич партия ташкилотлари томонидан партия ғояларини тарғиб қилиш, дастурий мақсадларини рўёбга чиқариш, электорат манфаатини ҳимоялаш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда. Сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида ўқувлар ўтказилмоқда, айрим йирик бошланғич партия ташкилотлари қошида Жамоатчилик қабулхоналари ташкил этилган.

Шу йилнинг март ойида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг пленуми бўлиб ўтган эди. Унда бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари ва бир қатор камчиликлар муҳокама қилинди, таклифлар айтилди. Шу йилнинг иккинчи чорагида бошланғич ташкилотларда ҳисобот-сайлов йиғилишларини ўтказиш ҳа­қида қарор қабул қилинди. Бу жараёнда бошланғич ташкилотларни янада мустаҳкамлаш, фаоллиги ва ташаббускорлигини ошириш, етакчиликка электорат орасида самарали иш олиб бориш қобилияти юқори бўлган аъзолар номзодларини кўрсатиш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Май ойи давомида кўпгина бошланғич ташкилотларда ҳисобот-сайлов йиғилишлари ўтказилди. «Ўзбекистон ХДП бошланғич ташкилотларида ҳисобот-сайлов йиғилишларини ўтказиш тўғрисида»ги концепцияга асосан, уларда бошланғич партия ташкилоти раиси (ёки ижроия қўмитаси)нинг аввалги ҳисобот-сайлов йиғилишидан шу давргача амалга оширган фаолияти юзасидан ҳисоботи, БПТнинг партия дас­турий мақсадларини амалга оширишдаги фаолиятининг асосий йўналишлари муҳокама этилмоқда. Бошланғич партия ташкилоти ижроия қўмитасининг янги таркиби шакллантирилмоқда ва етакчиси сайланаяпти.

Шу ўринда партия дастурий мақсадларини самарали амалга ошириш учун қуйи бўғинга дунёқараши кенг, изланувчан, сиёсий-ҳуқуқий билими юқори, жамоатчилик билан ишлаш ва ташкилотчилик қобилиятига эга, одамларни ўз ортидан эргаштира оладиган кишиларни етакчи этиб сайлаш долзарб аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида сиёсий партиялар етакчилари масъулиятини янада ошириш эҳтиёжи кучаймоқда. Чунки, етакчилар фаол ва ташаббускор бўлса, партия фаолияти кучаяди, бундан аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами манфаатдор бўлади.

Шу боис бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада кучайтириш, муносиб кишиларни раисликка сайлаш масаласига жиддий эътибор қаратиш талаб этилади.

Бу борада партия кенгашлари бошланғич ташкилотлар фаолиятини доим таҳлил қилиб, уларга тавсиялар бериб бориши, БПТ ишини кучайтиришга асосий вазифалардан бири сифатида қараши зарур.

Сиёсий партия салоҳиятини қуйи бўғин белгилайди. Дастурий мақсадларга эришиш, жамият ҳаётида таъсир кучига эга бўлиш учун унинг имкониятларидан самарали фойдаланиш зарур. Электорат билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўрганишда бошланғич партия ташкилотларини нафақат ташаббускорликка ундаш, балки уларни қўллаб-қувватлаш, фаоллик кўрсатишдан манфаатдорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эгадир.

Умуман, бугун барча даражадаги партия кенгашлари ва депутатларнинг қуйи бўғин билан ишлашга муносабатини янгилашга эҳтиёж сезилмоқда. Назаримизда БПТга қуйи ташкилот, деб эмас балки, партиянинг асоси, таянчи сифатида қараш, ундан чиқаётган таклифлар, фикрлар билан ҳисоблашиш керак. Вилоят, туман ва шаҳар партия кенгашлари партия Дастури ва Уставида белгиланган вазифаларни адо этиш бўйича асосий фаолият марказини қуйи бўғинга кўчириши зарур. Партиянинг Марказий Кенгашидан тортиб, то БПТга қадар бир бутун, ягона сиёсий куч сифатида ташаббускорликни кучайтириш керак. БПТ томонидан кўтарилаётган ҳеч бир таклиф эътибордан четда қолмаслиги лозим.

Бугунги кун талабидан келиб чиқиб, долзарб мавзуларни кўтариш, турли ижтимоий масалалар, хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш, одамларнинг ҳаёт даражасини юксалтириш борасида ташаббуслар билан чиқиш, ушбу долзарб ижтимоий масалаларни депутатларимиз орқали маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари ва сессиялари муҳокамасига киритишга эришиш мумкин.

Таҳлиллар кўрсатмоқдаки, аҳоли орасига чуқур кириб бориш бўйича бизнинг партиямиз жуда катта имкониятга эга. Ўн мингдан ортиқ бошланғич ташкилот етакчиси, уларнинг ортида турган кўп минг сонли аъзолар кучи ва салоҳиятидан тўғри фойдаланилса, партия Дастури, Сайлов­олди платформаси, Ҳаракат дас­турида белгиланган мақсадларга сўзсиз эри­ши­лади.

Бугун партия бошланғич ташкилотларида амалга оширилаётган янгиланиш жараёни — ҳисобот-сайлов йиғилишлари ана шу мақсадларга хизмат қилиши зарур.

Бекзод ШУКУРОВ



DB query error.
Please try later.