унга масъулият ва ҳурмат билан ёндашмоққа боғлиқ
Атроф-муҳит тоза, ҳаммаёқ обод ва чиройли. Бундай жойда кайфият кўтаринки бўлади, одам ўзини тетик ҳис қилади.
Аммо бунинг акси бўлса-чи? Эрталаб ишга шошганча уйдан чиқдингиз, маҳалла бошида ҳар томонга ёйилиб ётган чиқиндиларга кўзингиз тушди. Бу нафақат кайфиятингиз, балки соғлигингизга ҳам таъсир этмасдан қолмайди.
Таҳлиллар кўрсатишича, сўнгги йилларда маиший ва саноат чиқиндилари йилдан-йилга кўпайиб бораяпти. Бу экологик барқарорлик, аҳоли саломатлигига борган сари жиддий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис чиқиндиларни йиғиш, зарарсизлантириш, қайта ишлаш долзарб масалалардан бирига айланди.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг Коммунал хўжалик ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш масалалари бўйича доимий комиссияси «Чиқиндилар тўғрисида»ги Қонуннинг шаҳардаги ижросини ўрганиб чиқди. Яқинда доимий комиссия томонидан ташкил этилган давра суҳбатида ўтказилган назорат-таҳлил якунлари муҳокама этилди, чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетиш ва аҳоли ўртасида бу масаладаги тарғибот-тушунтириш ишлари ҳақида сўз юритилди.
Таъкидландики, Қонун ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзкоммунхизмат» агентлиги, шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси, Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, «Махсустранс» ишлаб чиқариш бошқармаси, Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази, Ҳудудий коммунал фойдаланиш бошқармаси томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.
«Махсустранс» ишлаб чиқариш бошқармаси тақдим этган маълумотга кўра, шаҳар ҳудудидан бир кунда 1800-2000 тонна маиший чиқинди олиб чиқилади. Шаҳардаги 30 та маҳаллада ишни намунавий ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, бошқарма томонидан уларда 10 та янги чиқинди йиғиш майдончаси қурилди. 41 та майдончани мукаммал таъмирлаш ишлари якунланди.
Бироқ шунга қарамай, чиқиндиларни зарарсизлантириш, атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш, шунингдек, уларни қайта ишлаш борасида камчиликлар ҳали мавжуд. Масалан, бугунги кунда чиқинди йиғиш қутиларининг аксарияти яроқлилик муддатини ўтаб бўлган. Бу эса чиқиндилар тартибли тўпланишига тўсиқ бўлмоқда.
Учқун ШОЙИМҚУЛОВ, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг Коммунал хўжалик ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш масалалари бўйича доимий комиссияси аъзоси, ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари:
— Бу муаммоларни бартараф этиш бўйича қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилаяпти. Масалан, «Тошкент шаҳрининг санитария тозалаш тизимини такомиллаштириш» лойиҳасини амалга ошириш, маиший чиқиндиларни тизимли йиғиш учун турар жой мавзеларида махсус пунктлар қуриш режалаштирилган.
Ҳозирги кунда тегишли дастур асосида 709 та хизмат кўрсатиладиган ва 567 та хизмат кўрсатилмайдиган чиқиндихона пункти қурилган. Натижада
Шунга қарамасдан, токсик (таркибида зарарли моддалар бўлган) чиқиндилар билан ишлаш ҳалигача талабга жавоб бермайди. Тошкент шаҳри ва вилоятидаги корхоналардан чиқаётган токсик чиқиндиларни утилизация қилувчи махсус полигон қуриш масаласи ҳунузгача муаммо бўлиб келмоқда.
«Чиқиндилар тўғрисида»ги қонун ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар устидан жамоатчилик назоратини изчил олиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун фуқаролар фаоллиги, қонун ижросига ҳурмат ва масъулият ошиши лозим.
Ботир ИСОБЕКОВ, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари:
— Тиббиёт чиқиндилари атроф-муҳит ва унинг деярли барча элементлари — сув, ҳаво, тупроқ, озиқ-овқат маҳсулотларига таъсир этиши аҳоли орасида юқумли касалликларнинг тарқалиш хавфини туғдиради. Шунинг учун мазкур муаммога жиддий ёндашиш тақозо этилмоқда.
Ҳозирги пайтда соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббиёт чиқиндилари, яъни, патоген микроорганизмлар билан зарарланган махсус чиқиндиларни йўқ қилиш ва зарарсизлантириш ишлари олиб борилмоқда.
Шаҳарда санитария-эпидемиологик вазиятни янада яхшилаш, маҳаллалар, турар-жой биноларида амалга оширилаётган ободонлаштириш тадбирлари устидан назоратни кучайтириш, тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида 476 та маҳаллага мутахассислар бириктириб қўйилди. Улар ҳудудларда маиший ва бошқа турдаги чиқиндилар ўз вақтида олиб чиқиб кетилиши, белгиланмаган жойларга чиқинди ташланишининг олдини олиш ишларини мунтазам назорат қилишаяпти.
Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, Ўзбекистон Экологик ҳаракати мутасаддиларининг фикр-мулоҳазалари тингланди. Депутатлар ва мутахассислар Қонунни ижро этиш талаб даражасида эмаслигини таъкидлаб, муаммоларни ечишга қаратилган таклифларини билдиришди.
Шу асосда чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича кўрсатиладиган хизматларга оптимал тарифларни шаҳар молия бошқармаси билан биргаликда ишлаб чиқиш ва жорий этиш, хусусий хонадонлар эгалари, муассаса ва ташкилотлар ҳамда саноат корхоналарига чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар бўйича шартномаларни тўлиқ тузилиши ва бажарилишига эришиш, саноат чиқиндилари, заҳарли чиқиндиларни шаҳардан ташқарида жойлаштириш учун алоҳида ихтисослаштирилган полигонларни ташкил қилиш масаласини ҳал этиш ҳамда тиббиёт муассасаларида ҳосил бўладиган чиқиндиларни замонавий технология ва усуллар ёрдамида зарарсизлантириш масаласини кўриб чиқиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Лазиза ШЕРОВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
|