Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
08.06.2013

БАЛИҚЧИЛИК — ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА МУҲИМ ТАРМОҚ

бу соҳанинг ривожланиши аҳолининг балиқ маҳсулотларига бўлган талабини қондиради, нарх-навони арзонлаштиради ва янги иш ўринлари очилишига хизмат қилади

Шу боисдан, бу соҳани ривожлантиришга давлатимиз томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Тармоқда жиддий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Унинг хуқуқий асослари тубдан ўзгартирилиши, эски усулда фаолият юритаётган давлат балиқчилик корхоналарини хусусийлаштириш, бозор муносабатлари талабларига жавоб берадиган рақобатбардош балиқчилик хўжаликлари ташкил этилишига замин яратди.

Шундай қилиб, юртимизда мазкур тармоқ ривожи ҳақида гапирганда, авваламбор унинг ҳуқуқий асосларига назар ташлаш лозим. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 августдаги «Балиқчилик тармоғида монополиядан чиқариш ва хусусийлаштиришни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 350-сонли қарори асосида хусусийлашган, замонавий балиқчилик корхоналари ташкил этила бошланди. 2009 йилдан бошлаб, республикада чорвачиликнинг барча тармоқлари қаторида балиқчилик ҳўжаликларини ривожлантириш, аҳолини арзон балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш борасида бир қатор дастурлар изчиллик билан амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон балиқчиликни ривожлантириш илмий тад­қиқот маркази (Марказ)нинг ташкил этилгани балиқ етиштириш билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг бошини қовуштириш, уларнинг фаолиятини замон талаблари асосида йўлга қўйишга хизмат қилмоқда.

— Балиқ овлаш ва аквакультура (сунъий йўл билан балиқларни уруғлантириб кўпайтириш орқали маҳсулот етиштириш) озиқ-овқат таъминотида муҳим йўналиш ҳисобланади, — дейди Мар­каз раҳбари Рухилло Қурбонов. — Бундан ташқари, балиқ ва балиқ маҳсулотлари таркибида инсон организми учун зарур бўлган оқсил моддаси мавжуд. Тармоқ ривожи юртимиз аҳолисининг айнан оқсилга бўлган талабини қондириш билан бирга, озиқ-овқат таъминотига ижобий таъсир қилиб, турмуш фаровонлигини ошириш, жойларда янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.

Ҳозирда республикамизда 1601 та — 296 та табиий ва 1305 та сунъий сув ҳавзаларида балиқчилик фермер хўжаликлари фаолият кўрсатаяпти. Улар ҳи­собида жами 583,7 минг гектар сув ҳавзалари бўлиб, шундан 566,6 минг гектари табиий ва 17,1 минг гектари сунъий сув ҳав­заларидир. Мамлакатимиз бў­йича ўтган йилда 25,9 минг тонна балиқ етиштирилган бўлса, айни пайтда бу кўр­саткич 7,6 минг тоннани ташкил этяпти.

Жорий йилда соҳани ривожлантиришга қаратилган 448 та лойиҳа тасдиқланиб, уни амалга ошириш учун ҳозирга қадар, 17838 гектар табиий ва 1658 гектар сунъий сув ҳавзалари ажратилди ҳамда тижорат банклари томонидан 5249 млн. сўм миқдорида кредит маблағлари йўналтирилди.

Шуниси аҳамиятлики, жорий йилнинг 1 июнига қадар 511 та янги балиқчилик хўжалиги ташкил этилиб, уларда 1302 та янги иш ўрни яратилди. Йил якунига қадар, ушбу хўжаликларда 2207 тонна қўшимча балиқ етиштириш кўзда тутилган.

Шу ўринда бир мисолга эътибор қаратайлик. 2004 йилда товар (сотишга мўлжалланган) ба­лиқ етиштириш мақсадида хўжа­ликлар сув ҳавзаларида 6,7 млн. дона бир йиллик балиқлар чавоқлари ташланиб, балиқлар сони кўпайтирилган бўлса, 2013 йилга келиб, сунъий сув ҳавзаларига ташланган балиқ чавоқлари сони 32,3 млн. донани таш­кил этди.

— Инкубация цехларини ташкил қилиш орқали вилоятдаги йирик Айдаркўл, Тўдакўл сув ҳавзаларига етарли миқдорда балиқлар ўстиришга қаратилган тадбирларни муваффақиятли амалга ошириб келяпмиз, — дейди Навоий вилоятидаги «Қизилқумбалиқ» ДУК раҳбари Зокир Исломов. — Натижа ёмон эмас. Тўдакўл сув ҳавзасида бундан уч-тўрт йил олдин 200 тонна балиқ етиштирган бўлсак, ҳозирда бу кўрсаткич — 800 тоннадан ортиқни ташкил этмоқда.

94 гектар майдонга сунъий сув ҳавзасини ташкил этиб, ўт­ган йили 111 тонна товар балиқ, 400 минг донадан ортиқ бир йиллик балиқ чавоқларини етиштирдик, — дейди Хоразм ви­лоятидаги «Ўзбалиқтаъминот» фермер хўжалиги раҳбари Баҳром Атабоев. — Бизда ян­ги инкубация цехи ишга туширилди. Марказ мутахассислари иштирокида мавсумда бу мини цехимизда 3 млн. дона оқ дўнг­пешона балиқ личинкалари олдик. Шунингдек, балиқлар учун махсус (грануланган) омухта ем ишлаб чиқариш мини цехи қуриб битказилмоқда...

Излаган имкон топар

Ўзбекистон денгиздан йироқда жойлашган. Шу боис балиқчиликни ривожлантиришда фақат ички имкониятлар, яъни республикада мавжуд барча тоифадаги (оқар, зовур ва сизот) сув ресурслари ҳамда сув ўсимликларидан тежамкорлик билан фойдаланиш талаб этилади. Шу маънода, бугун табиий сув ҳавзалари ва сув ўсимликларидан оқилона фойдаланиш эвазига маҳсулот ҳажмини янада кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Агар авваллари кўллардан овланадиган балиқнинг асосий қисмини вобла тури ташкил этган бўлса, эндиликда сазан, оқ дўнгпешона ва оқ амур балиқлари ҳам қўшилди. Натижада Тўдакўл сув омборида 2004 йилда 292 тонна балиқ овланган бўлса, 2012 йилда балиқ овлаш ҳажми 821 тоннага етди. Қорақалпоғистон ҳудудидаги Қозоқдарё, Судочье, Желтирбас кўллари ва Бухоро вилоятидаги Оғитма кўлларида ҳам ушбу кўрсаткич ортиб бормоқда.

Дарҳақиқат, бугун балиқ ва балиқ маҳсулотлари етиштириш ва кўпайтиришда янги, тежамкор технологияларни кенг жорий қилиш талаб этилмоқда. Масалан: қўшимча озиқлантиришдан фойдаланувчи ярим-интенсив технологиялар; «қафас» («садок») балиқчилиги; бассейнларда интенсив балиқ етиштириш; ёпиқ (айланма) сув таъминоти мосламаларида балиқ етиштириш; яйлов аквакультураси ва ҳоказолар.

Ҳозирда кўп­гина балиқчилик хўжаликларида интенсив (жадаллаштирилган) технологиялар — «сув ўсимликлари-балиқ интеграцияси» тизими асосида маҳсулот етиштириш йўлга қў­йилган. Бунда алоҳида бир сув ҳавзасида ўтхўр балиқлар сонига қараб, улар истеъмол қиладиган сув ўсимликлари — азолла, сув гиацинти ва пис­ция­лари етиштирлади. Мазкур технологияни қўллаш натижасида бир гектар сув ҳавзада 18-20 центнергача балиқ етиштириш мумкинлиги амалда синаб кў­рилган.

Бассейнлар ва кўлларда «қа­фас»ларда балиқлар жойлаш­тириб етиштиришнинг афзаллиги шундаки, бу усулда сувнинг сифати бузилмайди ва ўзига алоҳида сув сарфланишини талаб этмайди. Бундай самарали, технологияни ривожлантириш маҳсулот ҳажмини тез ошириш имкониятини беради.

Оқар сув ҳавзаларида кам ҳажмдаги сувда балиқларни интенсив тарзда етиштириш ҳам ўзининг юқори самарасини беради. Бу, асосан, карп балиқ турини етиштириш технологияси бўлиб, бунда оқар сувларнинг бассейнлар орқали сифати бузилмаган ҳолда ўтиши доимий сув алмашиш имкониятини яратиб туради. Бундай бассейнларни каналлар, кичик дарё ёки ариқлар ёнларида қуриш мумкин. Муҳими, сув далаларга қайтарилади ва оқар сув сифатига ва сув балансига ҳеч қандай таъсири бўлмайди.

Тармоқ ривожи хусусида сўз юритарканмиз, жойларда ви­лоят ҳо­кимликлари ва Марказ ходимлари томонидан барча балиқчилик хўжалиги раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида замонавий технология­лар ва эришилган ютуқларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишда мунтазам равишда ил­мий-амалий семинарлар ўтказиб келинаётганини таъкидлаш жоиз.

Интенсив усулда балиқ боқишни йўлга қўйиш мақсадида Самарқанддаги «Стеклоплас­тик» заводи «Стеклопластик» бас­сейнлар ишлаб чиқара бошлади. Ҳозирда уларнинг 500 дона­дан кўпроғи тармоқ хўжаликларига хизмат қилмоқда.

Самарқанд автомобиль заводи томонидан Маҳаллийлаштириш дастури асосида балиқ ташувчи махсус «Тирик балиқ» автомашиналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Уларда тирик балиқ ва балиқ чавоқлари ташилмоқда.

Сўнгги йилларда Марказ томонидан инновацион технологиялар асосида «Амур-техно» инкубация цехи аппаратларини ишлаб чиқариш ҳам яхши самара бермоқда. Бунинг натижасида иш унумдорлиги 30-40 фоизга ошади.

У  ҲАМ  ТЕЖАМКОР,  ҲАМ  ФОЙДАЛИ

Мутахассисларнинг фикрига кўра, республикамиз канал ва зовурларини сув ўтларидан тозалашда биомелиоратив - оқ амур балиғидан фойдаланиш ҳам самарали ҳисобланади. Маълумки, қишлоқ хўжалигида суғориладиган ерларга сув, асосан, магистраллар, каналлар ва хўжаликлараро зовурлар орқали етказилади. Шунингдек, зовурлар орқали сизот сувлар чиқарилиб, ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланади.

— Ўзбекистонда канал ва зовурлар, асосан, механик усулда тозаланиши катта миқдорда маблағ талаб этади, — дейди Қиш­лоқ ва сув хўжалиги вазирлиги мутасадди ходими Ёзил Шукуров. — Мазкур иншоотлар тез ифлосланишининг боиси, улардаги сув таркибида биологик ўғитлар миқдорининг кўплигидир. Бу эса сув ўтлари кўпайишига, сув йўли тўсилиб, унинг юқо­рига кўтарилишига сабаб бўлади. Натижада, сув ҳа­ракати сустлашади, аста-секин ернинг мелоратив ҳолати ёмонлашади. Бир килограмм оқ амур балиғини етиштириш учун 30-35 кг сув ўти керак бўлади, холос. Ваҳоланки, канал ва коллек­торларни тозалашда бир квадрат метр сув юзасида 3,5-4 килограммагача сув ўсимликлари ва ўтлари бўлиши кузатилмоқда. Демак, оқ амурдан фойдаланиш, бир томондан, механик усулда канал ва зовурларни тозалашга нисбатан бир неча маротаба кам харажатни талаб этса, иккинчидан, маҳсулот ҳажмининг ортишига хизмат қилади.

Дарҳақиқат, мамлакатимиздаги барча сув ҳавзалари асосан, деҳқончилик, яъни ирригация тизимига йўналтирилган. Балиқчилик корхоналари бу тизимда сув истеъмолчиси эмас, балки сувдан фойдаланувчи сифатида ўз ўрнини топиши зарур. Бунинг учун сув балиқчилик хўжалигининг ҳовузлари орқали сув истеъмолчисига ўтиб бориш тартибини яратиш лозим. Масалан, оқар сувлар балиқчилик ҳовузлари орқали ўтиб, сифати бузилмаган ҳолда канал (истеъмолчилар)га қайтиш тизимини йўлга қўйиш зарур бўлади.

Қисқа қилиб айтганда, тармоқни тараққий эттириш борасида олиб борилаётган чуқур ислоҳотлар юртдошларимизнинг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, уларнинг таннархини арзонлаштириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Обиддин МАҲМУДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.