08.06.2013

ЙИЛЛАРГА ТАТИГУЛИК ҚУВОНЧЛИ ЛАҲЗАЛАР

Осойишта ва обод юртга байрамлар, тўйлар ярашади. Дунё ҳамжамиятида мавқеи тобора ортиб бораётган мамлакатимизда бири-биридан нуфузли тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилаётгани замирида ҳам аввало тинчлик ва ободлик ётибди.

Айни кунларда пойтахтимиз бир йўла учта катта спорт байрами — бадиий гимнастика ва таэквондо (ITF), самбо бўйича Осиё чемпионатларига мезбонлик қилаётган бўлса, кўҳна ва навқирон Бухоро шаҳрида мамлакатимиз олий таълим муассасалари талабаларининг анъанавий «Универсиада — 2013» мусобақалари давом этаётир.

Соғлом ва баркамол авлод мамлакатимиз тарақ­қиётини, халқимиз фаровонлигини, турмушимиз обод­лигини таъминловчи қудратли кучдир. 2000 йилдан бу­ён мунтазам равишда ўтказиб келинаётган уч босқичли спорт ўйинлари — умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг «Умид ниҳоллари», коллеж ва лицейлар ёшлари ўртасидаги «Баркамол авлод» ва олий ўқув юртлари талабаларининг Универсиада мусобақалари аввало ана шу юксак мақсадга хизмат қилмоқда. «Кичик олимпиада» деб эътироф этилган уч бос­қичли узлуксиз спорт тизими мусобақалари Олимпия ўйинлари қоида ва талаблари асосида ташкил этиб келиняпти. Универсиада мусобақалари бу йил ҳам 12 спорт тури — баскетбол, волейбол, кураш, белбоғли кураш, дзюдо, енгил атлетика, теннис, стол тенниси, футбол, қўл тўпи, шоҳмот ва сузиш бў­йича ўтказилмоқда. Унда мамлака­тимизнинг барча ҳудуди­да ўтган кўп бос­қичли саралаш мусобақа­ларида ғолиб чиққан йигит-қизлардан таркиб топган 14 терма жамоа қатнашмоқда. Қувонарлиси, уларнинг аксарияти спорт билан мунтазам шуғулланиб, «Умид ниҳоллари» ва «Баркамол авлод» спорт ўйинларида тажриба ва маҳоратини оширган ёшлардир.

Дастлаб уч (шаҳар, вилоят ҳамда минтақавий) босқичда уюштирилган саралаш мусобақаларида иштирок этган қарийб 138 минг нафар талаба орасидан «Уни­версиада — 2013» финал босқичига 1020 нафар қатнашчи йўлланмани қўлга киритган эди. Айни чоғда улар Бухорода энг замонавий ва халқаро талабларга жавоб берадиган спорт иншоотларида сов­ринли ўринлар учун ўзаро курашмоқда.

Мусобақа дастуридан жой олган сузиш баҳслари «Семурғ» спорт мажмуаси сув ҳавзасида ўтказилмоқда. Универсиаданинг илк олтин медали айнан шу тур бў­йича ўз эгасини топди. 50 метр­га эркин усулда сузиш бў­йича Андижон давлат университети биринчи курс талабаси Раъно Омонова маррага биринчи бўлиб етиб келди.

— Уч босқичли спорт мусобақалари биз ёшлар баркамол бўлиб вояга етишимиз, улкан ғалабаларни қўлга киритишимизда муҳим аҳамият касб этмоқда, — дейди Раъно. — Бухоро универсиадасида қўлга киритган ютуғимдан беҳад хурсандман. Бунгача 2006 йили Қарши шаҳрида ўтган «Умид ниҳоллари» спорт мусобақасида ғолиб бўлган эдим. 2011 йили Термиз шаҳри мезбонлик қилган «Баркамол авлод» ўйинларида тўртта олтин медални қўлга киритганман. Шу йилнинг июль ойида Испанияда бўладиган жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қиламан. «Универсиада — 2013» мусобақалари ана шу нуфузли мусобақа олдидан мен учун ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўтади.

2010 йили Андижонда ўтган Универсиададан бошлаб жамоавий спорт турлари хусусан, футбол бўйича минтақавий баҳсларда сараланган энг кучли бештадан жамоа мусобақанинг финал босқичида медаллар учун майдонга чиқмоқда. Бухорода футбол бўйича илк учрашувда Самарқанд вилояти футболчилари пойтахт терма жамоасига қарши майдонга тушиб, йирик ҳисобда ютқазди — 1:5. Тошкент шаҳри вакиллари финал йўлланмаси учун кечган учрашувда қашқадарёликлар устидан 2:1 ҳисобида зафар қучди. Иккинчи финалчи номи эса Хоразм — Фарғона вилоятлари терма жамоалари ўртасида аниқланди — 4:2. Бугун Универсиада чемпиони маълум бўлади.

Мусобақа дастуридан жой олган кураш бўйича спортчилар етти вазн тоифасида гиламга чиқдилар. Беллашувларда Шароф Лутфуллаев (60 кг), Давлат Абраев (73 кг), Мирали Шарипов (73 кг), Дилшод Чориев (90 кг), Шерали Жўраев (100 кг), Сами Убайдуллаев (100 кг) сингари, Осиё, жаҳон чемпионатлари, йирик халқ­аро турнирлар ғолиб ва сов­риндорлари билан бир қа­торда кўплаб иқтидорли ёш полвонлар иштирок этмоқда.

— Кураш миллий спорт туримиз бўлганлиги туфайли Бухоро универсиадасига ҳамма жамоа барча вазн тоифаларида энг кучли курашчилари билан ташриф буюрган, — дейди «Универсиада — 2013» мусобақалари олтин медали совриндори Давлат Абраев (73 кг). — Ҳар бир учрашув ниҳоятда қийин кечди. Айниқса, ярим финал беллашувини ҳали кўп йиллар эслаб юраман. Унда мамлакатимизнинг номдор полвонларидан бири Мирали Шариповни енгиб, финалга йўлланма олдим. Мусобақаларга жиддий тайёргарлик кўрганлигим боис, шундай муваффақиятга эришдим.

Ҳозир Қарши давлат университети учинчи босқич талабасиман. Бугун юр­тимизда биз ёшларга яратилаётган катта имконият ва шароитларга муносиб мутахассис бўлиб етишишга ҳа­ракат қиламан. Университетда олган билимларимни, мусобақаларда орт­тирган тажрибаларимни келгусида Осиё ва жаҳон чемпионларини тарбиялашга, курашимизнинг янада ри­вожланишига сарфламоқчиман.

Мусобақалар қизғин давом этмоқда.

Бухородан махсус мухбиримиз Эркин ХОЛБОБО хабар қилади.



DB query error.
Please try later.