08.06.2013

ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИ БОШЛАНДИ

Тошкентда таэквондо (ITF) бўйича III Осиё чемпионати бошланди

Халқаро таэквондо феде­рацияси (ITF), Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда таэквондо ITF федерацияси томонидан ташкил этилган Осиё чем­пионатида йигирмага яқин давлатдан 200 нафардан зиёд спортчи иштирок этмоқда.

— Осиё миқёсидаги мазкур йирик мусобақанинг айнан Ўзбекистонда ўтказилаётгани бежиз эмас, — дейди Осиё таэквондо ITF федерацияси президенти Алфред Ю (Гонконг). — Зеро, Ўзбекистонда нуфузли мусобақаларни ўтказиш учун барча шароит яратилган, ўзбек таэквондо мактаби жаҳонда ўзининг юксак мавқеига эга.

Ўзбекистонда ушбу спорт тури тобора оммалашмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда тўрт минг нафардан зиёд спортчи мазкур спорт тури билан мунтазам шуғулланмоқда.

Жумладан, спортчиларимиз 2012 йили Буюк Британиянинг Брайтон шаҳрида ўтказилган жаҳон кубогида жами бешта медални қўлга киритди. Дунёнинг 54 мамлакати спортчилари қатнашган мусобақада комплекс машқ бажариш бўйича Диана Хон ва Зарина Шемданова шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Муҳаммадазиз Турсунов иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, яна бир кумуш медаль жамоавий беллашувларда қўлга киритилди. Яккама-якка кураш баҳсларида қатнашган Акобирхўжа Тўлқинов бронза медаль билан тақдирланди.

«Ўзбекистон» спорт мажмуасида бошланган Осиё чемпионатида ўсмирлар ва катталар комплекс машқ, яккама-якка жанг, махсус техника, предметларни синдириш ва кўргазмали чиқиш бўйича ўз маҳоратини намойиш этади. Чемпионатда саксон нафардан зиёд спортчи Ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.

Мусобақанинг тиль — комплекс машқларни бажариш бўйича дастлабки ғолиб ва совриндорлари номи маълум бўлди. Ёш спортчиларимиздан Зиёвуддин Насриддинов ва Жамшид Абдусатторов биттадан олтин медални қўлга киритган бўлса, Беҳзод Холматов ва Муҳаммадазиз Турсуновга кумуш, Мирсайид Ирисбоев ва Равшан Каримовга бронза медаль насиб этди.

Байрам АЙТМУРОДОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.