06.06.2013

ЖАМОАТЧИЛИК ҚАБУЛХОНАЛАРИ ФАОЛИЯТИ:

янада самарадорликка эришиш долзарб вазифа

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Ижроқўми Ҳайъатининг 2005 йил 30 ноябрь кунидаги қарорига мувофиқ партиямизнинг барча минтақавий, туман ва шаҳар кенгашларида Жамоатчилик қабулхоналари ташкил этилиб, улар фаолияти тобора такомил­лашиб бормоқда. Тасдиқланган Низомга мувофиқ Жамоатчилик қабулхоналари ижтимоий муаммоларни ҳал этишда аҳолига ҳуқу­қий ва бошқа маслаҳат бериши, электорат ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига партия депутатлик гуруҳлари, ЎзХДП маҳаллий кенгашлари ва бошланғич ташкилотларининг эътиборини кучайтириш талаб этилади.

Жамоатчилик қабулхоналарининг 2012 йил ва 2013 йилнинг ўтган давридаги фаолияти таҳлили мазкур вазифалар самарали бажариб келинаётгани, электорат вакилларини ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам берилаётганини кўрсатмоқда.

2012 йилда ЎзХДП маҳаллий ташкилотлари қошидаги барча Жамоатчилик қабулхоналарига тушган мурожаатлар сони 2011 йилга нисбатан камайганини кўриш мумкин. 2011 йилда Жамоатчилик қабулхоналарига туш­ган 10759 мурожаат кўриб чиқилиб, уларнинг 70,9 фоизи ижобий ҳал этилган. 2012 йилда 7778 нафар фуқаро қабул қилиниб, мурожаатларнинг 72 фоизи ечим топган. 2013 йилнинг биринчи чорагида эса Жамоатчилик қабулхоналарига 2496 мурожаат тушиб, уларнинг 69,5 фоизи ижобий ҳал қи­линган.

Мурожаатларда кўтарилган масалаларни ўрганиш ва ҳамкор ташкилотлар кўмагида ҳал этишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга ЎзХДПдан сайланган депутатлар фаол иштирок этмоқда.

Аксарият Жамоатчилик қа­булхоналари ҳузурида Ҳуқуқий маслаҳатхоналар ташкил этилгани аҳолининг ҳуқуқий билимини оширишга, уларни ўйлантирган масалалар бўйича малакали жавоблар берилишига хизмат қилмоқда.

2011 йилдан мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ўтказилаётган ижтимоий-иқтисодий анжуманлар, «Маҳалла — аҳо­лини манзилли қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси тадбирлари доирасида кўчма Жамоатчилик қабулхоналари ташкил этилаётгани ҳам ижобий самара бераётир. Шундай кўч­ма Жамоатчилик қабулхоналари Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида ўтказилган ижтимоий-иқтисодий анжуманлар давомида фаолият кўрсатди. Уларга фуқаролардан жами 62 мурожаат тушган бўлиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга ЎзХДПдан сайланган депутатлар ва тегишли ташкилотлар ёрдамида уларнинг 41 таси ижобий ҳал этилди, бошқалари бўйича маслаҳат ва тушунтириш берилди.

«Маҳалла — аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси доирасида туман ва шаҳарларда ўтказилган давра суҳбатлари давомида 200га яқин кўчма Жамоатчилик қабулхонаси ташкил этилди. Ушбу тадбирларда жами 1275 та фуқаро партиядан сайланган депутатлар, партия етакчиларига мурожаат қилди. Таҳлиллар кўрсатишича, мурожаатларнинг 12,2 фоизи коммунал соҳа, 16 фоизи иш билан таъминлаш, 10,2 фоизи хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси, 9,3 фоизи иш ҳақи, нафақа ва пенсиялар ўз вақтида берилиши, 9,7 фоизи аҳолига малакали тиббий хизмат сифатини яхшилаш ма­салалари бўйича бўлган. Шунингдек, электорат вакиллари оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш, бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш, таълим, имтиёзли кредит олиш ва бошқа масалаларда мурожаат қилишган.

Жамоатчилик қабулхоналарининг фаолиятини янада фаоллаштириш ва такомиллаштириш мақсадида жорий йилнинг май ойида сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида бўлиб ўтган машғулот «Партия дастурий мақсадларини амалга оширишда Жамоатчилик қабулхоналари ва партия депутатлик гуруҳлари фаоллигини кучайтириш» мавзусига бағишланди. Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Назира Матякубова ва бошқалар Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини кучайтиришга қаратилган маърузалар билан қатнашди. Муҳокамада иштирок этганлар Жамоатчилик қабулхоналари, бугунги кунда партия ва электорат ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтаётганини таъкидлаб, уларнинг ишини янада фаоллаштиришга қаратилган амалий таклифлар билдиришди.

Жумладан, «Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан юқори даражага кўтаришда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатларининг ўрни қай даражада, деб ўйлайсиз?» деган саволга иштирокчиларнинг катта қисми Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини кучайтириш, кўчма қабулхоналар ташкил этиш билан аҳоли муаммоларини ўрганиш, таҳлил этиш, шу асосда депутатлик гуруҳлари орқали сессияларга масала тайёрлаш ва муҳокамага киритиш, уларда ҳуқуқшунос ва мутахассислар, барча даражадаги депутатлар иштирокини таъминлаш, Жамоатчилик қабулхоналарида маҳаллий Кенгашлар депутатларининг қабулини жадвал асосида ташкил этиш керак, деб жавоб беришди.

Электорат вакиллари ва фаоллар мурожаатлар маҳаллий партия кенгашларнинг ўзида қолиб кетмаслиги, улар юзасидан депутатлар орқали аниқ чораларни амалга ошириш, қабул қилинган қонун ва қарорларнинг ижросини тизимли ўрганиш, ҳуқуқшунослар, партиянинг фаол аъзолари билан қонунларга ҳаётий ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясига тақдим этиш, шу орқали «Жамоатчилик қабулхонаси — вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутати — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати» механизмини яратиш зарур, деган фикр-мулоҳазалар беришди.

Эътироф этиш керакки, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуннинг қабул қилиниши фракцияларда қонун лойиҳалари ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини яхшилаш имконини бериши билан бирга, қонун ижодкорлиги жараёни самарадорлигини оширади. Яна бир муҳим жиҳат, бу каби ёндашув партия электорати ва кенг жамоатчиликнинг фикри янада тўлиқ эътиборга олинишига имкон яратади.

Бундай тизим, мавжуд муаммоларни янада чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш, аҳолидан келиб тушаётган таклифларни умумлаштириш, уларни ишчи гуруҳларда ҳуқуқшунослар ва партиянинг экспертлари иштирокида муҳокама этишга имкон беради. Бунда бевосита Жамоатчилик қабулхоналари имкониятларидан фойдаланиш давлатни бошқариш жараёнидаги аҳоли иштирокининг ёр­қин мисоли бўлиб, жамиятни демократлаштиришнинг муҳим жиҳатларидан биридир. Аҳоли, сиёсий партиянинг электорат вакиллари ўзларининг сайлов органларидаги вакиллари (депутатлари) орқали қонунчилик тизимини такомиллаштириш, партия электорати манфаатларига жавоб берадиган, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қиладиган муқобил қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади.

ШУНИНГДЕК, ТАДБИРДА ЖАМОАТЧИЛИК ҚАБУЛХОНАЛАРИНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНОТИНИ ТАЪМИНЛАШ, МАРКАЗЛАШГАН ИНТЕРНЕТ ҚАБУЛХОНАНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЭЛЕКТРОН МУРОЖААТЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИШГА ЎТИШ, НАМУНАЛИ ЖАМОАТЧИЛИК ҚАБУЛХОНАЛАРИ ИШ ТАЖРИБАСИНИ ОММАЛАШТИРИШ, МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАРДАГИ ЎзХДП ДЕПУТАТЛИК ГУРУҲЛАРИ АЪЗОЛАРИНИНГ ЎЗ САЙЛОВ ОКРУГЛАРИДАГИ ЖАМОАТЧИЛИК ҚАБУЛХОНАЛАРИ БИЛАН АЛОҚАСИНИ МУНТАЗАМ ЙЎЛГА ҚЎЙИШ МАСАЛАЛАРИГА АЛОҲИДА ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛДИ.

Мурожаатларни таҳлил қилиб бориш, минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда ҳудудий бандлик дастурларига ўзгартиш киритиш эҳтиёжини аниқлаш, электоратни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш, шу асосда қонунчиликни янада такомиллаштириш чораларини кўриш бўйича таклифлар айтилди.

Чунки Жамоатчилик қабулхоналарига тушган мурожаатларнинг мунтазам таҳлил қилиниши орқали амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, фракциянинг қонун ижодкорлиги ташаббускорлигини ошириш имконини кенгайтириши шубҳасиз.

Бир сўз билан айтганда, Жамоатчилик қабулхоналари пар­тия ташкилотлари, барча даражадаги депутатлар ва электорат ўртасида том маънодаги кўприкка айланиши одамларнинг партияга ишончини оширади, электорат манфаатини самарали ҳимоя этишга хизмат қилади.

Маҳмуд ТОИРОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири.



DB query error.
Please try later.