06.06.2013

Хотин-қизлар ҳуқуқлари ва эркинлигини таъминлаш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш: Ўзбекистон тажрибаси

Тошкентда “Хотин-қизлар ҳуқуқлари ва эркинлиги, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан “БМТ – хотин-қизлар” дастурларини Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида амалга ошириш бўйича минтақавий офиси ҳамда Германиянинг омонат кассалари жамғармаси кўмагида ташкил этилди.

Конференцияда Германия, Италия, Хитой, Малайзия, АҚШ ва МДҲнинг қатор давлатларидан экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, вазирликлар, идоралар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқаро жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлол йилларида Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришга қаратилган кенг кўламли комплекс ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Жамиятимизда хотин-қизларнинг мавқеи ва ролини юксалтириш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий фаоллигини ошириш, интеллектуал ва маънавий салоҳиятини, умуман, ҳаётнинг барча жабҳаларини модернизация қилиш ҳамда янгилашда иштирокини кенгайтириш учун барча шарт-шароитларни яратиш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди.

Ушбу муҳим вазифаларни бажариш доирасида тизимли ва изчил ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўрилаётир. Хотин-қизлар ҳуқуқлари ва эркинлигини таъминлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси шакллантирилган. Уни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, саксондан ортиқ қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ташкил этади. Ушбу соҳадаги асосий халқаро конвенциялар ва ҳужжатлар ратификация қилинган.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 1991 йилда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташкил қилинди. Ушбу нодавлат нотижорат ташкилоти хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган қарийб 540 хотин-қизлар нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаларини амалга ошириб келмоқда. Фуқаролик жамиятининг ушбу институтлари ижтимоий шериклик доирасида кўплаб давлат дастурларини ҳаётга татбиқ этиш, хотин-қизларга оид кўплаб муҳим долзарб масалаларини ҳал этишда фаол иштирок этмоқда.

“Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари фаол иш юритаёганининг гувоҳи бўлдик, – дейди Шанхай хотин-қизлар федерацияси президенти Цзяо Ян (Хитой). – Буни мамлакатингизда кучли ижтимоий давлат сиёсатини амалга оширишга ёрдам бераётган хотин-қизлар ташкилотлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Шанхайда 330 шундай ташкилот бор. Фаолиятимиз тизими бир-бирига ўхшаш. Бугунги кунда аёл нафақат она, рафиқа, балки жамиятнинг фаол аъзоси ҳамдир. Бироқ, бунинг учун у тегишли ҳуқуқий билимга эга бўлиши, ўз халқининг маданияти, тарихини яхши билиши керак. Шу билан бирга, хотин-қизларнинг ташвишу муаммоларига ҳам катта эътибор қаратилиши даркор. Ўзбекистонда ушбу барча йўналишларда салмоқли ишлар амалга оширилаётганини кўрдик”.

Малайзия ишбилармон хотин-қизлар халқаро ассоциацияси президенти Нозаризах Борханнинг фикрича, “Ўзбекистонда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва манфаатларини таъминлаш учун барча зарур инфратузилма яратилган. Мамлакат раҳбарияти бунга катта эътибор қаратаётгани ҳам ғоят муҳим. Бу борада жамоат ташкилотлари, жумладан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ва бошқа ташкилотлар фаоллик кўрсатиб, ижтимоий тараққиётга муносиб ҳисса қўшмоқда. Бундан ташқари, улар томонидан хотин-қизларнинг иқтисодий мустақиллигини оширишда улкан ишлар олиб борилмоқда”.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 1995 йил 2 март куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, ҳудудий хотин-қизлар қўмиталарининг раислари эса жойлардаги ҳокимларнинг ўринбосарлари этиб тайинланиши белгиланган.

Давлат ва жамиятни бошқаришда хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтириш мақсадида миллий сайлов қонунчилигимизга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, сиёсий партиялар томонидан ҳокимият вакиллик органларига сайловларда депутатликка номзодларни кўрсатишда хотин-қизлар учун 30 фоизлик квота белгиланган. Натижада ҳозирги пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлар корпусининг 22 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялар аъзолари сафида ҳам хотин-қизлар кўпаймоқда.

Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг турли тармоқларида меҳнат қилаётганларнинг қарийб 50 фоизини ташкил этадиган хотин-қизлар мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Улар орасида машҳур инсонлар – корхоналар, ташкилотлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, фермерлар, шифокорлар, илм-фан, маданият, таълим соҳаси вакиллари кўп.

“Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кенг миқёсда таъминланаётгани менда катта ҳавас уйғотди, – дейди АҚШ хотин-қизлар ташкилотлари миллий кенгаши раиси Сьюзен Скенлан. – АҚШда ҳам хотин-қизлар учун Ўзбекистондаги каби Президентингиз Ислом Каримовнинг саъй-ҳаракатлари билан яратилган кенг имкониятлар берилишини истар эдим. Амеркада аҳолининг 52 фоизини хотин-қизлар ташкил этишига қарамай, Конгрессда уларнинг сони 20 фоиздан ошмайди. Мен Ўзбекистон халқидан, жумладан конференцияда танишган юксак салоҳиятли ўзбек аёлларидан кўп нарсаларни ўрганмоқдаман. Бу ерда йўлга қўйилган ажойиб тизим хотин-қизларга жамиятда, кўплаб жабҳаларда эркаклар билан тенг ўрин эгаллашга хизмат қилмоқда. Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибаси ҳақида Америкада сўзлаб бермоқчиман. АҚШда бу борадаги ўзгаришлар жуда суст кечмоқда. Бундан атиги 22 йил муқаддам мустақилликка эришган Ўзбекистон кўплаб йўналишларда бизга ибрат бўлиши мумкин. Келажакка дадил қараётган доно Президент раҳнамолигида Ўзбекистон халқи амалга ошираётган бундай ишларга янгидан-янги муваффақиятлар тилайман”.

Чет эллик экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш, жумладан, хотин-қизларнинг давлат ва жамият қурилиши ишларида фаол иштирокини кенгайтириш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланишда яратилган кенг имкониятлар бўйича Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак баҳоланмоқда.

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш доирасида яратилган оналик ва болаликни муҳофаза қилиш миллий модели жаҳон ҳамжамияти томонидан бошқа мамлакатлар учун намуна сифатида эътироф этилган. Умуммиллий ҳаракатга айланган «Соғлом она – соғлом бола» дастури ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Бугунги кунда энг чекка туманлардаги хотин-қизлар ва болаларга ҳам малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Қарийб 3200 қишлоқ врачлик пункти, давлат томонидан кафолатланган бепул шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг мутлақо янги тизими, Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, вилоятлар кўп тармоқли шифохоналари, перинатал ва скрининг марказлар тармоғи ташкил этилди. Уларнинг фаолияти Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига жавоб берадиган ташхис қўйиш, профилактика ва даволаш бўйича илғор технологияларга асосланган. Туғиш ёшидаги аёлларни мунтазам оммавий профилактика кўригидан ўтказиш йўлга қўйилган. Аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш ва репродуктив саломатликни яхшилашга доир кенг кўламли маърифий ишлар амалга оширилмоқда.

Хотин-қизларни спорт билан шуғулланишга жалб этиш уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш ишларининг муҳим қисмидир. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қизлар ва аёллар учун спортнинг 39 тури бўйича 35 мингдан ортиқ секция ташкил қилинган. Ҳар йили аёллар ўртасида ҳудудий спорт фестиваллари ўтказилмоқда. Бугун Ўзбекистонда 3,5 миллион нафардан ортиқ хотин-қиз спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.

Ушбу чора-тадбирлар натижасида мустақиллик йилларида хотин-қизлар ва болаларнинг касалланиш даражаси анча камайди, оналар ва болалар ўлими уч бараварга қисқарди, аёлларнинг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 75 ёшга узайди. Хорижлик экспертлар бу кўрсаткичлар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсат юсак самаралар бераётганидан ёрқин далолат эканини таъкидлади.

“Ўзбекистонда ўзим учун кўплаб фойдали нарсаларни билиб олдим, – дейди Синжерей тумани раисининг ўринбосари Виталий Табарча (Молдова). – Масалан, жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари раислари айни пайтда ҳоким ўринбосари этиб тайинланишига оид тажрибангиз жуда ноёбдир. Бу хотин-қизлар билан боғлиқ кўплаб ҳуқуқий, ижтимоий ва гуманитар масалаларни ҳал этишда давлат ва жамият имкониятларидан самарали фойдаланиш имконини бермоқда. Ўзбекистонда оналик ва болалик муҳофазасига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Юртингизда болалар соғлом туғилиши ва ўсиши учун алоҳида эътибор қаратилаётир. Молдовада давлат соғлиқни сақлашга маблағ ажратмайди, барча харажатлар тиббий суғурта, яъни аҳоли ҳисобидан қопланади. Ўзбекистонда мазкур соҳа тўлиқ давлат томонидан молиялаштирилмоқда. Бу – жуда катта ютуқ. Бундан ташқари, фуқарога бепул мажбурий 12 йиллик таълим, бир ёки икки касбни эгаллаши кафолатланган. Бошқача айтганда, Ўзбекистонда ёш авлод тўлиқ давлат ҳимоясига олинган. Молдовада ҳам бу ибратли тажрибадан фойдаланиш зарур, деб ҳисоблайман. Зеро, хотин-қизлар ва болаларнинг ривожланиши учун бундай қулай шарт-шароитларни яратиш мамлакат ҳамда жамият тараққиёти билан боғлиқ кўплаб масалаларни ҳал этишга хизмат қилади”.

Мамлакатимизда хотин-қизлар роли ва мавқеини ошириш учун уларнинг, биринчи галда, қишлоқ жойларда бандлигини кенгайтириш катта аҳамиятга эга. Ўтган йили мақсадли ҳудудий дастурларни амалга ошириш доирасида 430 мингдан зиёд, жорий йилнинг биринчи чорагида эса қарийб 114 минг иш ўрни ташкил этилди. Хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига, аввало, кичик ва оилавий бизнес, хизмат кўрсатиш соҳаларига жалб этиш, касаначиликни ташкил қилишга катта эътибор қаратилмоқда. 2013 йилнинг биринчи чорагида касаначи хотин-қизлар учун 27,6 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Тадбиркор аёлларга кредит ажратиш ҳажми ҳам ортиб бораётир. Ўтган йили тижорат банклари томонидан ушбу мақсадлар учун 491,7 миллиард сўмлик кредитлар ажратилган бўлса, жорий йил бошидан буён 300 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди.

“Жамғармамиз Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва банклари билан 10 йилдан буён хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда, – дейди Германия омонат кассалари жамғармаси департаменти директори Матиас Фосс. – Ҳудудларда хотин-қизлар маслаҳат марказларини ташкил этдик. Улар хотин-қизларнинг молиявий саводхонлигини ошириш, оилавий бизнес соҳасида билим ва касб эгаллаши, кредит олишига ёрдам бермоқда. Бу, авваламбор, олис қишлоқ туманларида аёллар ўртасида тадбиркорликни кенгайтириш, касаначиликни ташкил қилишга хизмат қилмоқда. Қарийб 6,5 минг нафар хотин-қизга маслаҳат ёрдами кўрсатилди. 10 минг нафардан ортиқ хотин-қиз бизнес-кўникмаларини ривожлантиришга доир ишбилармонлик тадбирларида иштирок этди. Тадбиркор хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойларда яшаётган аёлларни микрокредитлаш орқали бошланғич капитал билан таъминлаш ҳамкорликдаги ишларимизнинг муҳим йўналишларидандир. Ажратилган кредитлар умумий ҳажми 14 миллиард сўмдан ошди. Шуни таъкидлашни истардимки, мамлакатингиздаги хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича бундай тизим дунёнинг бошқа ҳеч бир мамлакатида йўқ. Германияда ҳам буни ўрганишимиз лозим”.

Давлатимиз раҳбари хотин-қизларнинг маънавий, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантиришга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келмоқда. Мамлакатимиз Президентининг ташаббуси билан 1999 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди. Ушбу мукофотга ўқишда, ижодда ва ижтимоий ҳаётда юксак натижаларга эришаётган қизлар сазовор бўлмоқда. 196 нафар қиз ушбу мукофот соҳибаларидир.

Президентимизнинг 2004 йил 25 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий қилинди. Бу аёлларнинг вазифаси ва фаолияти жамиятимизда барқарорликни таъминлаш, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, маҳаллаларда қулай маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантиришга қаратилган.

Тадбирнинг хорижий иштирокчилари Ўзбекистонда истиқлол йилларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг вазифа ва ваколатлари анча кенгайганига эътибор қаратди. Уларнинг фаолиятида хотин-қизлар учун янада кенг имкониятлар яратиш муҳим ўрин тутади.

“Ўзбекистонга олтинчи маротаба келишим, – дейди “Европа аёллар лоббиси” ташкилотининг Италиядаги бўлими бош котиби Мария Людовика Боттарелли. – Мамлакатингиз иқтисодиёти, ижтимоий соҳаси жадал ривожланиб бормоқда. Давлатингиз хотин-қизларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатмоқда. Бу борада ноёб фуқаролик институти – маҳалла ижтимоий алоқаларни сақлаш ва мустаҳкамлаш, жамиятнинг саъй-ҳаракатларини муайян одамлар эҳтиёжларига йўналтиришга ёрдам бермоқда. Бугунги кунда маҳалла – бу ўз ишини бошлашга, ижтимоий ва сиёсий фаол бўлиш, ўз ҳуқуқларини билишга интилаётган хотин-қизлар учун муҳим таянчдир. Маҳалла манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айланмоқда, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлашга кўмаклашмоқда. Бундай ўзига хос тажрибани, шубҳасиз, ўрганиш ва бошқа мамлакатларда ҳам жорий этиш лозим”.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг 2013-2014 йилларда мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантириш ва оилани мустаҳкамлашда хотин-қизларнинг ролини кучайтириш, давлат ва жамият қурилишида кенг иштирокини таъминлаш бўйича ҳаракат дастурининг ҳаётга татбиқ этилаётгани чет эллик экспертларда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу дастур давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, шунингдек, 2013 йилнинг Ўзбекистонда Обод турмуш йили деб эълон қилиниши муносабати билан қабул қилинган.

Конференциянинг хорижий иштирокчилари Ўзбекистонда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва эркинлигини, мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида фаол иштирокини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ноёб тажриба эканлигини ҳамда юксак самара бераётганини таъкидлади. Уларнинг фикрича, Ўзбекистоннинг ушбу муҳим соҳадаги тажрибаси жуда ноёб. Жаҳоннинг тараққиётга интилаётган давлатлари ушбу бой тажрибани ўрганиши ва ундан фойдаланиши лозим. Бу тажриба Ўзбекистондаги барча туб ўзгаришлар инсон манфаатлари ва фаровонлиги йўлида амалга оширилаётганидан ёрқин далолатдир.

Конференция доирасида Ўзбекистоннинг қатор хотин-қизлар жамоат ташкилотлари вакиллари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Чет эллик экспертлар "Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси, Тошкент шаҳридаги "Журжоний" маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти, шунингдек, тадбиркор аёллар ҳунармандчилик ишларининг Ёшлар ижод саройида ташкил этилган кўргазмаси билан танишди.

Конференция якунлари бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.

ЎзА, Анна Иванова



DB query error.
Please try later.