04.06.2013

ТАШАББУС КЎРСАТИШ

партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари фаолиятининг мезонига айланиши лозим

Партия электорати манфаатини ҳимоя қилиш, аввало, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг ташаббускорлиги ва фаоллигига боғлиқ. Партиямиз Ҳаракат дастури ижро­сини таъминлаш мақсадида ўтган йили Сурхон­дарё вилоя­тининг халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари томонидан 18 та масала ўрга­нилиб, сессиялар муҳокамасига киритилди. Депутатларимиз­нинг бевосита ташаббуси билан эса 3 та ма­сала сессияларда кўриб чиқилди.

ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши Термиз шаҳрида партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳларининг фаолиятини кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказган амалий семинарда бу маълумотлар қайд этилди. Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур семинарда вилоят, туман ва шаҳар партия кенгашлари раислари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари раҳбарлари, фаоллари ва электорат вакиллари иштирок этди. Тадбирда ютуқлар билан бирга партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари фаолиятидаги мавжуд камчиликлар ҳам таҳлил этилди.

— «Ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уй-жой учун имтиёзли ипотека кредитлари ажратиш бўйича қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат қарорларининг бажарилиши тўғрисида»ги масала Ангор, Бойсун, Жарқўрғон, Сариосиё ва Қумқўрғон туманларидаги депутатларимиз томонидан ўрганилиб, халқ депутатлари туман Кенгашлари сессияларида кўриб чиқилди, — деди ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кен­гашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Иброҳим Ёқубов. — Шунингдек, Денов, Жар­қўрғон, Музработ, Узун ва Қизириқ туманларида ҳам депутатларимиз томонидан аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифати ва мутасадди корхоналар масъулиятини ошириш, хизмат кўрсатиш ва сервисни ривожлантириш, қишлоқларда замонавий инфратузилмани шакллантириш масалаларида муайян ишлар амалга оширилди.

Аммо шунга қарамай, фаолиятимиз бугунги кун талаби даражасида эмаслигини тан олишимиз лозим. Жойларда электоратимиз манфаатига дахлдор муаммоларни ўз вақтида кўтариб чиқмаяпмиз. Биз ижтимоий масалаларни нафақат вакиллик ҳокимияти муҳокамасига олиб чиқишимиз, балки, уларни ҳал этиш юзасидан ўз позициямизни билдиришимиз, муқобил таклифларни илгари суришимиз зарур. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари олдида турган энг муҳим вазифалардан яна бири доимий комиссия ҳамда сессияларда қабул қилинган қарорлар ижроси юзасидан мунтазам назорат олиб боришдир.

— Маҳаллий партия кенгашлари Жамоатчилик қабулхоналари фао­лия­тини тизимли ташкил қилиш электоратни ўйлантираётган масалаларни ўрганиш ва ечимини топишда муҳим аҳамиятга эга, — деди Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил инс­титути Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси мутахассиси Ўткир Холбадалов. — Маълумотларга қа­раганда, айрим жойларда фуқароларнинг мурожаатларига эътиборсиз қараш ҳоллари учраб турибди. Номига ташкил қилинган, амалда фаолият юритмаётган қабулхоналар ҳам йўқ эмас. Ваҳоланки, Жамоатчилик қабулхоналари электорат манфаатини ҳимоя қилишнинг мақбул йўли ҳисобланади. Шу боис уларнинг фаолиятини янада кучайтириш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.

Семинарда иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда электоратни ўйлантираётган муаммоларни бартараф этиш усуллари борасида ўз­аро фикр алмашди.

— Бошланғич партия ташкилотлари ишини жонлантирмасдан пар­тиянинг ишини самарали ташкил қилиш қийин, — дейди ЎзХДП Жарқўрғон туман кенгаши раиси Алишер Маматмуродов. — Электорат муаммоларини ўрганишда БПТнинг аҳа­мияти катта. Ижтимоий масалалар мониторингини ўтказиш, муаммоларни ҳал этиш юзасидан амалий таклифлар ишлаб чиқишда ҳам қу­йи бўғинга таяниш яхши натижа беради.

Амалий семинарда партиянинг бошланғич ташкилотлари ишини жонлантириш, депутатларнинг фаоллигини ошириш, партия сафини салоҳиятли ва изланувчан кадрлар билан тўлдириш масалаларида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шулар асосида партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари ишини кучайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Абдумалик Ҳайдаров,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.