04.06.2013

ХОРАЗМ: ТУРИЗМ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ

Хоразм Юртбошимизнинг таъбири билан айт­ганда, Хоразм, «Ўзбек давлатчилигининг илк таъмал тоши қўйилган муқаддас заминИн­соният тамаддуни ўчоқларидан ҳисобланмиш бу кўҳна юртдан не-не буюк алломалар, қомусчи олимлар, аҳли донишлар, авлиё-анбиёлар етишиб чиқган. Бунёдкор боболаримиз яратган осори атиқалар, осмонўпар нилий гумбазлар, минора-ю мадрасаларни кўришга бўлган қизиқиш Европа-ю-Осиё у ёқда турсин, баҳри муҳит ортидаги элкезар сайёҳлар учун орзу ҳавасга айланмоқда. Истиқлол туфайли юртимиздаги қадим шаҳарлар ва қалъалар, маданият ўчоқларини кўриш, зиёрат қилиш учун етти иқлимдан келаётган сайёҳларнинг сони йилдан-йилга ошмоқда. Жаҳон бизнинг мўътабар юртимизни кўриш­га орзуманд.

Иккитагина меҳмонхона бўларди...

Бундан йигирма йил олдин қа­дим Хивага келаётган хорижлик сайёҳлар учун вилоятда бор-йўғи иккитагина меҳмонхона бор эди. Бири вилоят маркази Урганчда, иккинчиси Хиванинг ўзи­да. Икки қаватли кўримсизгина. Хизмат кўрсатиш ҳам шунга яраша. Вилоятдаги «сайёҳлик идораси» эса «филиалларнинг филиали русумида» фаолият юри­тарди.

Қайсидир қитъадан минг машаққат билан ташриф буюрган сайёҳларнинг аксар ҳол­ларда мўъжизалар ўрнига таъмирталаб, хароба обидаларни кўришга мажбурлиги, хизмат кўрсатиш тизимидан норозиликлари яқин ўтмишга хос одатий ҳолат эди. Неча асрларни кўр­ган, кўп қадим меъморий услубда бунёд этилган аксар ёдгорликларнинг «омбор», «атеизм уйи», «устахона»га айлантирилгани, сайёҳлар нигоҳидан яширинганлигига ҳам кўниккандик.

«Ҳар бир тошингизда тарих бор...»

...Истиқлолнинг дастлабки йи­ли. Олмониялик ўлкашунос-тарихчи Якуб Тоубе Хоразмга келган. Нафақат Хива балки Ҳа­зораспдаги машҳур Дев қалъа, Боғотдаги Қалъажиқ харобаларини томоша қи­либ, ҳайратини яшира олмаган: «Бизларда бир аср муқаддам қу­рилган эски те­гирмонни кўз қо­рачиғидек асрашади, сайёҳларга кўз-кўз қи­лишади. Неча минг йиллик меъморий иншоотларингиз бор-а! Аммо улар қаровсиз ётибди. Бу деворлар, тошларда қанчалаб тарих яширин!»

Айнан ўша пайтларда қадим қадриятлар ҳақида баралла айтила бошлаган, кўп қадим меъморий обида, иншоотларни обод қилиш, таъмирлаш ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлаётганди.

Кейин Хиванинг 2500 йиллик тўйи бутунжаҳон миқёсида нишонланди. Байрам тадбирига хорижлик меҳмонлар — таниқли илм-фан намояндалари ташриф буюришди. Байрам муносабати билан шаҳарнинг Ичон ва Дишон қалъалари ҳудудидаги барча меъморий ёдгорликлар қайта таъмирланди. Шўролар даврида омборхона, устахона вазифасини ўтаб, вайрона ҳолга келиб қолган обидаларга иккинчи умр бахш этилди. Қисқа фурсатда Хива таниб бўлмас қиёфа кашф этди — чин маънода «очиқ осмон остидаги музей»га айланди. Ҳар бир тошда яширинган тарих қайта бўй кўрсатди.

Бу ИСТИҚЛОЛ шарофати эди!

 

Уч карра тарихий

Истиқлолдан кейинги ўтган қисқа даврда Президентимиз биргина қадим ва навқирон Хива билан боғлиқ учта қарор қабул қилди. Уч тарихий қарор!

Хиванинг 2500 йиллигини нишонлаш борасидаги Президентимиз фармони қадим шаҳарни яшартириш йўлидаги илк қадам бўлди.

Хива шаҳрида Маъмун академиясини ташкил этиш борасидаги тарихий қарор туфайли воҳада илм-фан тараққиёти янгича босқичга олиб чиқилди. Илм масканида ўтган қисқа фурсатда аниқ ва ижтимоий фанлар бўйича ўнлаб номзодлик ва докторлик ишлари ёқланди.

Яқинда Президентимиз «2013-2015 йилларда Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида»ги тарихий ҳужжатга имзо чекди.

Тарихий қарорда биринчи нав­батда қадим Хива, қолаверса, бутун вилоятда туризм соҳасини бутунлай ислоҳ қилиш ҳақида гап боради.

Бу дастур асосида воҳадаги тарихий-маданий ва меъморий ёдгорликларни томоша қилиш учун келаётган юртдошларимиз ҳамда хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатишни жаҳон андозалари даражасига олиб чиқиш, бунинг учун эса зарур инфратузилмани ривожлантириш бандма-банд белгилаб берилган.

— Юртбошимизнинг мазкур қа­рорини ҳар бир хоразмлик қу­вонч билан кутиб олди, — дейди «Ичонқалъа» қўриқхонаси хо­дими, тарих фанлари номзоди Комил­жон Худойберганов. — Бу, аввало, боболаримиз қолдирмиш осо­ри-атиқаларга эътибор, уларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ва шу орқали бой тарихий, мада­ний, меъморий тарихимизни бутун дунёга намоён қилиш! Мазкур дастур қисқа фурсатда амалиётга айлангач, қадим Хивани, кўҳна Хоразмни — юртимизни дунё аҳли қайта кашф этади! Сайёҳлар оқими янада кўпаяди.

61 та меҳмонхона

Шу йил Наврўз кунларида Истамбул университети илмий ходими, тарихчи ва таржимон Гул­орахоним Хива зиёратига келди. Арафада меҳмонга ҳамроҳлик қилаётган пойтахтлик дўстимиз илтимос қилган: Гулорахоним дунёнинг кўп давлатларига борган. Хива, Бухоро, Самар­қандни зиёрат қилмоқчи. Иложи бўлса Хивадан маъқулроқ меҳмонхона топиб қўйсангиз. Ҳамма талабларга жавоб берадиган бўлсин.

Шундоқ Ичон қалъа ичида жой­лашган, икки қаватли «Мирзобоши» хусусий меҳмонхонасидан бир хона гаплашдим. Сайёҳлар сони кўплигидан, баъзида «бўш ўрин» топиш қийин.

Гулорахоним биз минг хижолат, андиша билан танлаган меҳмонхонани, ундаги шароитларни кўриб қувончини яшириб ўтирмади: — Чўх гўзал! Қадим қалъа ичида бир кеча яшаш-тунаш — бу қандай бахт! Обидаларга қўл узатсанг етади. Эртаклар дунёсига тушиб қолгандай бўлдим! Яна сизларда нарх-навонинг арзонлигини айтинг...

Ҳозирда хорижлик сайёҳларга xизмат қиладиган замонавий, кўркам меҳмонxоналарнинг со­ни 33 та. Дастур бўйича амалда­ги йилда яна 6 та, келгуси йили эса 9 та, 2015 йилда эса 13 та меҳмонxона қурилиб, сайёҳларни қабул қила бошлайди. Шу тариқа уч йил ичида янги 28 та меҳмонxона ишга туширилиб, уларнинг сони 61 тага етади!

Сайёҳ аҳолидан кўп

Ўтган 2012 йилда воҳага — Xи­вага келган сайёҳлар салкам 74 минг нафарга етди. Шундан 51600 нафари хорижлик. Амалдаги йилда қадим шаҳарни зиёрат қилиш учун 82 минг нафардан кўпроқ сайёҳ келиши кутилмоқда. Уларнинг салкам олтмиш минги чет эллик. 2015 йилга келиб ҳар йили қадим шаҳарга 127 минг нафардан зиёд сайёҳ келиши мумкин бўлади. Уларнинг кўпчилиги — салкам 80 мингдан ошиғини бевосита хорижлик сайёҳлар ташкил этади. Ёки уч йил ичида сай­ёҳлар келиши 1,7 баробар кўпаяди.

Агарда бугун Xива шаҳрида 65 минг аҳоли истиқомат қилаётганини айтсак, демак, қадим шаҳарга ҳар йили ўз аҳолисидан 2 баробар кўпроқ сайёҳ келаркан. Бу нафақат мақтанадиган, балки фаxр-ғурур уйғотадиган таққос!

Ҳамма йўллар Xивага элтади

Ҳозирги Урганч аэропорти дунё­нинг бир қатор давлатлари билан ҳаво йўллари орқали боғланган. Европанинг исталган давлатидан Xивани кўриш учун йўл олган сайёҳ бир кунда манзилига етиши мумкин.

Дастур бўйича амалдаги йилдаёқ «Буxоро-Урганч» йўналишида самолётлар қатнови йўлга қўйилади. Бу эса икки қадим шаҳарни зиёрат қилишни xоҳловчи сайёҳларнинг манзилларини бир қадам қилади. Бундан ташқари, сайёҳлик мавсумида ҳафтасига икки марта «Париж-Урганч» ва «Милан-Урганч» йўналишида самолётлар сайёҳларга xизмат кўрсатади. «Франкфурт-Урганч» ҳаво қатнови ҳам йўлга қўйилади. Кейинги йилдан бошлаб эса Урганч аэропортида Жанубий-Шарқий Осиё, Европа Иттифоқи ҳамда Россия Федерациясининг бир қатор шаҳарларидан ҳаво лайнерларини қабул қилиш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, Фарғона, Қарши, Термиз, Самарқанд шаҳарлари билан ҳам доимий авиақатновлар йўлга қўйилиши режалаштирилган.

«Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК томонидан Урганч шаҳри билан Бухоро, Самарқанд ва Тошкент йўналишларидаги йўловчи поездлар қатновини кўпайтириш, шунингдек, «Урганч — Бухоро — Қарши — Термиз» йўналишида ҳафтасига икки марта йўловчи поезд қатновини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Самолётлар, йўловчи поездларда ташриф буюрган сайёҳларни Хива ҳамда бошқа туристик йўналишларга ўз вақтида етказиш учун амалдаги йилда 25 та ва келгуси йил яна 25 та янги русумдаги автобуслар келтирилади. Урганч ва Хива шаҳарлари ҳамда Урганч — Хива автомобиль йўли яқинида барча қулайликларга эга автобус парклари ва тўх­таш жойлари барпо этилиши ҳам мазкур дастурда кўзда тутилган.

Янги иш ўринлари

Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Ҳакимбой Худойназаровнинг мухтасаргина эътирофини ма­қоламизнинг шу ўрнида келтиришни лозим топдик: «Воҳада туризмни ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастур ёш­ларни иш билан таъминлашда жуда катта имкониятлар яра­тади. Айниқса, бизнинг электоратимиз учун. Дастур тўла амалиётга айлангач, минглаб чет тилини билган, иш билган, касб-ҳунар эгаллаган ёшлар учун бу жуда катта ғамхўрлик! Ҳали бу бошланиши. Давлат раҳ­бари томонидан бир вилоят бўйи­ча тўртта дастурнинг қабул қилиниши эса тарихларга татийдиган ишдир. Бу бунёдкорлик жараёнида озми-кўпми меҳнатимиз билан иштирок этишимиз бизлар учун ҳам масъулият, ҳам шараф — ҳам тарихга дахлдорликдир!»

Дарҳақиқат, давлат дастур­лари ижросини таъминлаш жараёнида қурилиш, саноат, транспорт, савдо, маиший хизмат каби соҳаларда минглаб янги иш ўринлари яратилди.

Бугуннинг обидалари

Юртбошимиз қабул қилган тарихий қарор билан тасдиқланган дастурда вилоятдаги тарихий-маданий ёдгорликларни тўла таъмирлаш ҳақи­да аниқ, манзилли рўйхат келтирилган. Унга кўра, жами 39 та тарихий меъморий ёдгорлик қайтадан тўлиқ таъмир қилиниши белгилаб берилган. Уларнинг айримларини келтириб ўтамиз.

Хива туманидаги «Тўрт Шов­воз» меъморий-тарихий обидасини 2013-2014 йилларда тўлиқ таъмирлаш учун 400 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган. Ёки Хива тумани ҳудудидаги Отажон Тўра мадрасаси таъмири ҳам яқин бир йил ичида поёнига етади. Ажратилган маблағ 225 минг АҚШ доллари.

Халқ орасида «Беш ҳовли» деб ҳам юритиладиган Нуруллабой меъморий мажмуасини тўлиқ таъмирлаш учун ажратилган давлат маблағи янада залворли — 700 минг АҚШ доллари миқдорида.

Шунингдек, Дишон қалъада муқаддам мавжуд бўлган саккизта дарвозадан тўрттаси қайта тикланади.

Дишон қалъанинг йўқолиб кетган деворларининг бир қисмини асл тарихий ҳолида тиклаш қадим шаҳарга бошқача кўрк бериши шубҳасиз.

Қисқаси фақатгина Хива шаҳри ва унинг атрофидаги 32 та тарихий-меъморий ёдгорликни тўлиқ таъмирлаш ишлари икки йилда поёнига етиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, вилоятнинг бошқа бир қатор туманларидаги тарихий обидаларга ҳам иккинчи умр бахш этилади. Жумладан, Ҳазораспдаги Дев қалъа, Боғотдаги Қалъажиқ қалъа, Шовотдаги Катқалъа тарихий-меъморий ёдгорликларини қисман ёки бутунлай қайта тиклаш, шаҳардаги Суратлар галереяси, Янгиариқ туманидаги Шайх Мухтор Валий мақбарасида реконс­трукция ишлари амалга оширилади.

Мазкур кенг кўламдаги таъмирлаш ишлари учун салкам етти миллион АҚШ доллари миқ­дорида маблағ сарфланиши режалаштирилган. Бу маблағнинг катта қисми 4 миллион 260 минг АҚШ доллари миқдори давлат бюджети маблағлари, қолганлари ажратиладиган грант маблағлари ҳисобига тўғри келади.

Бугун воҳада одамлар ўртасида ҳар бир суҳбатда, даврада Юртбошимизнинг вилоятга бўл­ган катта эътиборига миннатдорчилик сўзлари эшитилади. Кексаларнинг қўли дуода, ёшлар эса сайёҳлик тизимига кирувчи кўп­дан-кўп хизмат соҳаларига ишга кириш орзусида. Дарвоқе, сайёҳ­лик тизими учун малакали кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам дастурда кенг ўрин берилган. Янгидан очилажак иш ўринларига Хива ва Урганч шаҳарларидаги туризм касб-ҳунар коллежлари битирувчилари қабул қилинади.

Хоразмни янада юксалтириш йўлида амалга оширилаётган ишларни тарихий ишлар, барпо этилаётган иншоотларни бугун яратилаётган буюк обидалар, де­йиш мумкин.

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.