01.06.2013

БИТИРУВЧИНИНГ ИШ ЖОЙИ ТАЙИН

Ишхонамизга ахборот технологиялари йўналишида касб-ҳунар коллежини битирган бир йигит келди. Билим ва малакаси синаб кўрилиб, ўз мутахассислиги бўйича ишга қабул қилинди.

Ҳаётга катта орзу-умидлар билан кириб келаётган яна бир ёш ишли бўлди, жамиятда ўз ўрнини топди. Унинг ҳаётга, меҳнатга муносабати ўзгарди. Ўзига ва эртанги кунга ишончи ортди...

Бундай мисолларни бошқа корхона, идора ва ташкилотлар, соҳа ва ҳудудлардан кўп­лаб келтириш мумкин. Зеро, бугун мамлакатимиз касб-ҳунар коллежларида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган, замонавий билимларни пухта эгаллаган ёшлар камолга етмоқда.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказидан олинган маълумотларга кўра, бугун мам­лакатимиз ёшлари ўрта махсус билим юртларида 215 хил касб-ҳунар ўрганмоқда. Уларнинг аксарияти ўз мутахас­сислиги бўйича ишга жойлашмоқда. 2012 йилда 501 мингдан ортиқ битирувчининг 450 мингдан зиёди иш билан таъминланган, қолганлари олий таълим муассасаларига ўқиш­га кирган.

Бу йил юртимиздаги касб-ҳунар коллежларини 500 минг­дан ортиқ ўқувчи тамомлай­ди. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқ­тисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўл­жалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар асосида уларни ишга жойлаштиришнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилган.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Иқтисо­­диёт вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофа­за қилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган изчил ишлар натижасида ҳозиргача қарийб 482 минг нафар битирувчини ишга олиш бўйича уч томонлама шартномалар тузилган. Касб-ҳунар коллежлари ва иш берувчи корхоналар ўртасида кооперация алоқаларининг турли шаклларидан фойдаланилаётгани, ушбу масалага жамоатчиликнинг кенг жалб этилаётгани бу борада муҳим омил бўлаётир.

Янги иш ўринлари яратиш, айниқса, ёшларни иш билан таъминлашга бундай юксак эътибор бошқа мамлакатларда кам учрайди. Аксинча, ҳа­мон давом этаётган глобал молиявий-иқтисодий инқироз меҳнат бозорига ўзининг салбий таъсирини ўтказмоқда. Кўпгина давлатларда йирик корпорациялардан то кичик корхоналаргача иш ўринларини қисқартириш чораларини кўраётир. Оқибатда ишсизлик даражаси ўсиб, ижтимоий кескинлик кучаймоқда. Жумладан, Европа Иттифоқининг статистика бошқармаси маълумотларига кўра, жорий йил март ойи­да евроҳудудга кирувчи 17 мамлакатда ишсизлик дара­жаси 12,1 фоизни ташкил этган. Февраль ойида 19,07 миллион киши ишсизлар сафидан жой олган бўлса, мартда бу кўрсаткич 19,211 миллион кишига етган. Бу борада ёшлар ўртасидаги аҳвол бундан ҳам ёмон. 25 ёшгача бўлган йигит-қизлар орасида ишсизлик ўртача 24 фоизни ташкил этади. Испанияда бу кўрсаткич 55,9, Италияда 38,4, Португалияда 38,3 фоизга етган.

Экспертларнинг фикрича, бундан беш йил олдин Европада ишсизликнинг 25 фоизли кўрсаткичи мумкин эмас, деб ҳисобланарди. Бугун эса ишсизлик минтақадаги кўплаб мамлакатларда энг долзарб муаммога айланди.

Кўплаб давлатларда шароит шундай мураккаб бўлиб турганда мамлакатимизда янги иш ўринлари яратиш, аҳолини иш билан таъминлашнинг мақсадли дастурлари, чора-тадбирлари изчиллик билан амалга оширилаётгани халқаро ҳамжамиятда катта ҳавас уй­ғотмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2012 йил 5 декабрда ўтган ўнинчи ялпи мажлисида маъ­қулланган 2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурида бу борадаги давлат сиёсати ўзининг яққол ифодасини топган.

Дастур ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг сало­ҳиятини, меҳнат бозорининг жорий ҳамда истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича алоҳида-алоҳида ишлаб чиқилган. Жорий йилда 970 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этиш белгиланган. Бу ўринлар, асосан, йирик саноат объектларини ишга тушириш, мавжуд корхоналарни реконструкция қи­лиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, хизмат кўр­сатиш ҳамда сервис соҳаларини ривожлантириш, касаначиликни кенгайтириш ҳисобидан ташкил этилади.

Мазкур дастурда таълим му­ассасалари битирувчилари­ни ишга жойлаштириш масаласига муҳим ўрин ажратилган. Касб-ҳунар коллежларининг 500 мингдан зиёд битирувчисини ишга жойлаштириш мўлжалланган. Уларни «коллеж — корхона» тизими бўйича 90 мингдан зиёд корхона ва ташкилотга бириктириш, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишни истаган битирувчиларга тижорат банклари томонидан имтиёзли микрокредитлар ажратиш ҳам ана шундай хайрли ишлардандир.

Бугунги кунда ушбу чора-тадбирлар ижроси юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозиргача 1391 касб-ҳунар коллежи иш берувчи корхона ва ташкилотларга бириктирилиб, улар ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномалари тузилган. Мисол учун, кимё саноати соҳаси учун кадрлар тайёрлашга ихтисослаштирилган 24 касб-ҳунар коллежи «Ўзкимёсаноат» давлат акциядорлик компанияси билан ҳамкорликда «Қўнғирот сода заводи», «Навоийазот», «Аммафос-Максам», «Фарғонаазот» сингари 11 йирик корхонага бириктирилган.

Давлат таълим стандартлари бўйича коллеж ўқувчилари 660 соат мобайнида ишлаб чиқариш ва дипломолди ама­лиётини ўтайди. Бу уларнинг ўз касбини пухта ўрганиши, бўлғуси фаолияти бўйича зарур кўникмаларга эга бўлиши ҳамда ишга жойлашишида муҳим ўрин тутади.

— Ўқувчилар амалиётини сифатли ташкил этиш ва уларни келажакда иш билан таъминлаш мақсадида ўндан ортиқ корхона ва ташкилот билан доимий ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз, — дейди пойтахтимиздаги Яккасарой енгил саноат касб-ҳунар коллежи директори Норпошша Мирсоа­това. — Учинчи босқич ўқувчиларининг 225 нафарини корхоналарга бириктирган эдик. Ўқувчиларимиз амалиёт ўта­ётган корхоналарга бирма-бир бориб, уларнинг иш жараёнини кузатдим. Корхона раҳбарлари, амалиётчи устозларининг ўқувчиларимиз ҳақидаги фикрларини эшитиб, хурсанд бўлдим. «Корхона — коллеж» ҳамкорлиги самарасида улар ўз ишининг устаси бўлиб етиш­моқда.

Кўплаб тўқимачилик компаниялари, шу соҳада фаолият юритаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъ­ектлари коллеж ўқувчиларини ишга олмоқда.

— Амалиётимни «Алким-текс­тиль» корхонасида ўтаган эдим, — дейди коллежнинг 3-босқич ўқувчиси Гулноза Аширалиева. — Вазифаларни яхши удда­лаганим сабабли ишга таклиф этишди. Яқинда коллежни битираман. Эртанги кундан кўнг­лим тўқ, чунки иш жойим та­йин.

Мамлакатимизда коллеж битирувчиларнинг ўз тадбиркорлигини ташкил этиши учун ҳам кенг имкониятлар яратилган. Уларга режа тузишдан бизнесни юритишгача бўлган барча жараёнда иқтисодий, ҳуқуқий, моддий ва маънавий кўмак берилмоқда, зарур миқдорда сармоя билан таъминланмоқда. 2012 йилда бундай ёшлар учун тижорат банклари томонидан 48,4 миллиард сўмдан ошиқ имтиёзли кредитлар ажратилгани бунинг яққол далилидир. Бундай имтиёз ва имкониятдан фойдаланган 10 мингга яқин битирувчи бизнес-режа асосида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган.

Бу борадаги ишларга жа­моат ташкилотлари ҳам катта ҳисса қўшмоқда. «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, тижорат банклари билан ҳамкорликда ўтказилаётган «Ёш тадбиркор — юртга ма­дадкор», «Ёш тадбиркор — келажакка пойдевор», «Менинг бизнес-ғоям» каби танловлар касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар битирувчиларида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, якка тартибдаги меҳнат фаолиятини, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, касаначиликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

«Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси, «Келажак овози» ёшлар ташаббуслари маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Савдо-са­ноат палатаси, «Микрокредитбанк», Касаба уюшмалари федера­цияси ҳамкорлигида ўтказилаётган «Ёш тадбиркорлар мактаби» ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб қилиш, уларга услубий ва молиявий кўмак кўрсатишда муҳим аҳамият касб этаётир. Мактаб битирувчиларига «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармасининг махсус грантлари ажратилмоқда. 2008 йилдан буён ўтказиб келинаётган ушбу ло­йиҳада 3960 нафар йигит-қиз иштирок этиб, тадбиркорлик бўйича зарур билимга эга бўлди ва қарийб 40 фоизи ўз бизнесини йўлга қўйди.

Коллеж битирувчиларини ишга жойлаштиришда жойларда ташкил этилаётган бўш иш ўринлари ярмаркалари ҳам яхши самара бераётир. Муайян ҳудуд меҳнат бозорида ўз мутахассисликлари бўйича иш топа олмаганлар янги касбларга қайта ўқитилмоқда. Ёшларнинг касб танлашига ёрдам бериш мақсадида тузилган Касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик рес­публика ташхис маркази ўқувчиларнинг интилишлари, қо­билияти ва имкониятларини ўрганиб, зарур маслаҳатлар бермоқда.

Ёшларни иш билан таъминлаш, ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган бундай кенг имкониятлардан самарали фойдаланаётган йигит-қизлар са­фи тобора кенгаймоқда.

Сифатли таълим олиш ба­ро­барида билимини амалиёт­да мустаҳкамлаётган, фойдали меҳнат билан шуғулланиб, оиласига даромад, жамият­га катта фойда келтираётган бундай ёшлар ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топишига шуб­ҳа йўқ.

Анвар САМАДОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.