30.05.2013

СИЁСИЙ ЖАРАЁНЛАРДА ЯНАДА ФАОЛ

ва ташаббускор бўлиш зарур

Бугунги тезкор даврнинг ўзи сиёсий партиялар фаолиятини янада такомиллаштириш, дастурий мақсадлар ижроси йўлидаги курашни кучайтиришни талаб этмоқда. Бунга эришиш учун янги-янги ташаббуслар билан чиқиш, айниқса, партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари ишини янги босқичга кўтариш зарур.

Фуқаролик жамиятини ривожлантиришда муносиб иштирок этиш, кишиларнинг сиёсийуқуқий маданиятини юксалтириш, электорат манфаатларини самарали ҳимоя қилишда бу муҳим аҳамиятга эгадир.

ЎзХДП Хоразм вилоят кенгашида бўлиб ўтган партия ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари­нинг қўшма йиғилишида ана шу масалалар хусуси­да сўз борди.

Йиғилишда партия Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов иштирок этди. Партия етакчиси фаоллар эътиборини бугунги кунда ҳаёт сиёсий партиялар олдига қўяётган талаблар, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон Халқ демократик партияси зиммасида турган муҳим вазифаларга қаратди.

— Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида фуқаролик жамияти институтлари, айниқса, сиё­сий партиялар фаолиятини янги бос­қичга кўтариш борасида долзарб аҳамиятга эга ташаббуслар илгари сурилган, — деди у. — Бугун мамлакатимизда сиёсий партиялар, хусусан, ЎзХДП давлат ва жамият бош­қарувини янгилаш ва янада демократлаштириш жараёнида фаол қатнашишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ ҳозирги фаолиятимизни шиддат билан бораётган тараққиётга мос тарз­да партиямиз фаолиятини янги бос­қичга кўтариш, сиёсий ислоҳотлар жараёнида янада ташаббускор ва фаол бўлиш олдимизда турган энг муҳим вазифадир.

Бунинг учун вилоят, туман ва шаҳар партия кенгашлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимиз кўпроқ ташаббус кўрсатиши, электорат билан яқин алоқада бўлиши, муаммолар ечими, электорат манфаатлари ҳимояси юзасидан партия Марказий кенгаши, Қонунчилик палатасидаги фракциясига жиддий таклифлар билан чиқиши талаб этилади. Шунинг­дек, бошланғич ташкилотлар ишини кучайтириш, Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти самарадорлиги, «Истиқбол» ёшлар ҳамда «Фаол аёллар» қаноти етакчиларининг сиёсий-ҳуқуқий салоҳиятини муттасил ошириб бориш лозим. Ана шунда белгилаб олган вазифа ва режаларимиз ҳаётда ўз аксини топади.

— Партиямизнинг шаҳар ва туман кенгашларида ички партиявий ҳамда кадрлар масалаларига жиддий эътибор қаратишимиз лозим, — деди ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Раимберган Сабуров. — Жойларда партия ғоя ва мафкурасини тарғиб этиш, электоратни ўйлантираётган айрим муаммолар ечими юзасидан амалий таклифлар бериш партия тизимида меҳнат қилаётган кадрлар салоҳиятига ҳар жиҳатдан боғлиқ.

Йиғилишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари фаолияти таҳлил қилинди. Ўтган даврда электорат манфаатларини ифодалаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган 4 та масала туман ва шаҳар Кенгашлари сессиялари, 4 та масала Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги доимий комиссиялар йиғилишлари кун тартибига киритилиб, камчиликларни ҳал этиш бўйича муҳим қарорлар қабул қилингани, уларнинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар натижа­лари бўйича фикр-мулоҳазалар тингланди. Халқ депутатлари Хон­қа, Қўшкўпир туман ва Урганч шаҳар Кенгашларидаги пар­тиямиз депутатлик гуруҳларининг бу борадаги фаолияти ижобий экани таъкидланди.

Айрим туман Кенгашларида депутатларимизнинг иши қониқарли даражада эмаслиги, жойларда партия тизимида учраётган камчиликлар, ўзибўларчилик юзасидан танқидий мулоҳазалар ўртага ташланди. Муаммоларни бартараф этиш, депутатларнинг фаоллигини ошириш, партия ташкилотларининг ишини кучайтириш билан боғлиқ тавсиялар берилди.

Шунингдек, қўшма йиғилишда «Фаол аёллар» ва «Истиқбол» ёшлар қанотлари олдида турган вазифалар, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш механизмларини янгилаш, иқтидорли ва билимли ёшларни партия фаолиятига кенг жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда билдирилган таклиф-мулоҳазалар ва тавсиялар ҳисобга олиниб, вилоят партия ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.