30.05.2013

ПАРТИЯМИЗ ҒОЯЛАРИ АМАЛГА ОШМОҚДА

Қуват ҚУРБАНБАЕВ, Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон республика кенгаши раиси:

«Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонунда сиёсий партия тушунчасига таъриф берилган. Унга кўра, сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қарашлар, манфаатлар ва мақсад­лар муштараклиги асосида тузилган, давлат ҳоки­мияти органларини шакллантиришда жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга интилувчи ҳамда ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашувчи

кўн­гилли бирлашмасидир.

Демак, сиёсий партиянинг энг асосий вазифаси давлат ҳокимиятида қўлга киритган ўринларидан фойдаланган ҳолда унга ишонган қатлам манфаатини ҳимоя қилишдир. Аҳолининг ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлашга муҳтож қатлами Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг электорати ҳисобланади. Шу йил бошида бўлиб ўтган ЎзХДП Марказий Кенгашининг VII пленумида партиянинг 2013 йилда бош дастурий устувор йўналиши меҳнатга лаёқатли ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами бандлигини таъминлаш орқали манзилли ижтимоий ёрдам самарадорлигини ошириш экани алоҳида таъкидланди.

Бугун партия ташкилотларимиз ҳамда давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайланган депутатларимиз мазкур устувор йўналишни амалга ошириш учун қатъий ҳаракат қилмоқда.

Жумладан, 2013 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурида кўзда тутилган ўр­та махсус касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари учун янги иш ўринлари яратиш тадбирлари мунтазам равишда назорат қилиб борилмоқда.

Жорий йилнинг феврал ойи­да Амударё туманида партия кенгаши ташаббуси билан касб­лар ярмаркаси ташкил этилди. Унда тумандаги ўрта махсус касб-ҳунар таълими муас­сасалари битирувчила­рини иш­га жойлаштиришнинг мавжуд механизмларини, 2012-2013 ўқув йилида уч томонла­ма шартномалар тузиш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Беруний туманида ҳам «Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз мутахассисликла­ри бўйича ишга жойлаштириш муаммолари ва ечимлари, таклифлар ва мулоҳазалар» деб номланган давра суҳбати ташкил этилди. Унда масалага алоқадор барча мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, Кегайли ва Чимбой туманларидаги ўқув муассасалари, корхоналар ҳамда коллежлар битирувчилари ўр­тасида уч томонлама шартномалар тузиш амалиёти ўрганиб чиқилди. Шу корхоналар билан биргаликда «Иш ўринлари ярмаркаси» ва «Коллеждан — корхонага» мақсадли тадбирлари ташкил этилди.

Бу тадбирлар орқали битирувчиларни иш билан таъминлаш самарадорлигини оширишга амалий таъсир кўрсатилмоқда. Бир сўз билан айтганда, иш билан таъминланишга муҳтож бўлган кишилар — партиямиз электорати манфаати ҳимоя қилинмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, меҳнат бозорига илк бор кириб келаётган ёшлар манфаатини ҳи­моялаш долзарб масаладир. Қонунларимизга бу борада киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ёшларни, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини кафолатли тарзда иш билан таъминлашда улкан аҳамиятга эга. Биринчи марта ишга жойлашган ёшлар «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» ва «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қў­шимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонунларга асосан, бир йил давомида иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатиб юборилиши мумкин эмас.

Шу сабабли биз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси­даги партиямиз фракцияси аъзолари кўмагида, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракция­си ва халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари аъзолари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Қорақалпоғистон Республикаси худудий бў­лими, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вакилларини жалб этган ҳолда меҳнат қонун­чилигига киритилган янгиликларни кенг тарғиб этаяпмиз.

Бундан ташқари, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассислиги бў­йича иш билан таъминлашнинг самарали шаклларини жорий этиш, бу борада мутасадди идоралар, давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш юзасидан таъсирчан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ташкил этиш вазифалари олдимизда турибди.

Партия кенгашлари ҳузуридаги Жамоатчилик қабулхоналарига, депутатларимизнинг аҳоли билан учрашувлари чоғида иш билан таъминлашда кўмак беришни сўраб кўплаб мурожаатлар бўлмоқда. Уларга имкон қадар ёрдам кўрсатаяпмиз. Бу борада кўплаб мисоллар ҳам келтириш мумкин. Аммо сиёсий партиянинг асосий вазифаси фақат шундан иборат эмас. Сиёсий пар­тия энг аввало, сиёсий куч си­фатида ўз дастури, сайловолди ҳужжатлари, асосий ғояларидан келиб чиқиб, муқобил таклиф ва лойиҳалар ишлаб чиқиши, уларни ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига киритиш ташаббусини илгари суриши зарур.

Айнан ушбу мақсадда Нукус, Чимбой туман партия кенгашлари ҳамда маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар ҳудудий инвестиция дастурлари ижросини ўрганиб чиқишди. Бу жараёнда партия электорати ҳисобланган кишиларни иш билан самарали таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусий инвестициялар ва маҳаллий манбалар ҳисобига амалга ошириладиган қў­шимча инвестиция лойиҳаларини шакллантириш бўйича муқобил таклифлар тайёрланди. Халқ депутатлари туман Кенгашларидаги пар­тиямиз депутатлик гуруҳлари йиғилишларида бу масала атрофлича муҳокама этилди.

Шунингдек, депутатларнинг бевосита ташаббуси билан Нукус туманида оилавий корхоналарни ташкил этиш ҳисобига сервис соҳасини ривожлантириш бўйича 2 та лойиҳа тайёрланди ҳамда экспертизадан ўтказилди. Бу жорий йилнинг биринчи ярмида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилиши режалаштирилди.

Бугунги кунда аҳоли фаровонлигини оширишда оилавий тадбиркорлик, касаначилик, томорқадан фойдаланиш маданиятини ошириш муҳим аҳа­миятга эга. Бу орқали янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳолининг бандлик даражасини оши­риш, ҳаёти даражасини юксалтириш имкониятлари янада кенгаяди. Шу боис партия ташкилотлари ҳамда депутатларимиз бу борада қатор ло­йиҳаларни илгари сурмоқда. Уларни амалга оширишда меҳ­нат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш идоралари, тижорат банклари, жамоат ташкилотлари ва бошқа мутасадди идоралар билан ўрнатилган ҳамкорлик қўл келмоқда.

Умуман олганда, бугун бизнинг асосий эътиборимиз партиямизнинг электоратини ташкил этувчи иш билан таъминланишда ёрдамга муҳтож кишилар манфаатини ҳимоялаш, шу орқали ижтимоий ҳимоянинг манзиллилиги ва самарадорлигини ошириш, бу борада Марказий Кенгаш пленумида белгилаб берилган вазифаларни рўёбга чиқаришга қаратилган.



DB query error.
Please try later.