Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
30.05.2013

ХАЗИНА ҒОЙИБДАН ЭМАС, МЕҲНАТДАН КЕЛАДИ

Бу — «Тошкентпахтасаноат» ҳудудий акциядорлик бирлашмаси тизимидаги пахтани қайта ишлаш корхоналари фаолиятида яққол кўринмоқда

Мамлакатимизда пахтани қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, соҳага жаҳон андозаларига мос янги технологияларни жорий этиш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. «Тошкентпахтасаноат» ҳудудий акция­дорлик бирлашмаси тизимидаги корхоналар фаолияти бунга ёрқин мисол бўла олади. Деҳқонлар пешона тери эвазига етиштирилган ҳосил қайта ишланиб, бирлашма тасарруфидаги 8 та пахта тозалаш корхонасида толага ­айлантирилмоқда. Тайёрланган пахта толаси эса дунёнинг кўплаб мамлакатларига экспорт қилинаётир.

— «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» тамғаси туширилган пахта толаси дунё­даги энг етакчи бўлган Ливерпуль, Нью-Йорк, Бремен, Гданьск биржаларида муносиб ўрин эгаллаётир, — дейди бирлашма раиси Садриддин РАСУЛОВ. — Бугун ўзбек пахтасининг шуҳратини янада баланд кўтариш учун барча имкониятларни ишга солишимиз зарур. Манфаатдорлик ҳисси деҳқон-фермерни ҳам, буюртмачи ва тола ишлаб чиқарувчиларни ҳам пахтачиликка бўлган муносабатини тубдан ўзгартиришни тақозо этмоқда. Бундан кўринадики, жаҳон бозорида ўз ўрнимизда собит қолишимиз учун энг аввало, тола сифати юқори бўлган навлар масаласига алоҳида эътибор бермоғимиз лозим. Айни дамларда тармоқдаги айрим муам­моларни тезроқ бартараф этиш чоралари кўрилаётгани яхши самара бермоқда. Кечпишар, касалликка чидамсиз, тола сифати жаҳон андозаларига жавоб бермайдиган нав­лар сони йил сайин камайтириб борилмоқда. Вилоятимиздаги кўплаб деҳқон-фермер хўжаликларида IV-V типга мансуб, толаси жаҳон бозорида харидоргир «С-6524», «Наманган-77», «АН-Боёвут-2» сингари навларни кўпроқ экишга эътибор бердик. Сабаби, бу нав­лар хомашёсидан тола чиқиш даражаси 33-35 фоизни ташкил этмоқда. Қолаверса, улар вилоятимиз тупроқ, иқлим шароитига ҳам мос.

Дарҳақиқат, бирлашма жамоаси ўтган йилни яхши кўрсаткичлар билан якунлади. Чунончи, тайёр маҳсулотларни шартномалар асосида истеъмолчиларга етказиб бериш ва сифатли тола ишлаб чиқариш суръати бирмунча ошди. Бундан ташқари, Бекобод туманидаги «Далвирзин» пахтани қайта ишлаш корхонаси янгидан барпо этилди. Юқори Чирчиқ туманидаги «Ўзбекистон» пахтани қайта ишлаш корхонаси акциядорлик жамияти ҳамда Чиноз тажриба-экс­периментал пахта тозалаш корхоналари пахтани қайта ишлашда дунёда етакчи ҳисобланган замонавий технологиялар билан тўла жиҳозланди.

Бирлашмага қарашли Бўка пахтани қайта ишлаш корхонасида «С-6524», «Андижон-36» сингари пахта навлари қайта ишланади. Бу навдаги пахта толаси жаҳон бозорида харидоргирдир. Корхонада 2012 йил пахта мавсумида тумандаги 470 дан зиёд фермер хўжалигидан 37 минг 577 тонна пахта хом­ашёси қабул қилиниб, ундан шу кунгача 7 минг тоннадан зиёд сифатли тола олинди.

— Айни дамларда корхонамизда ўтган йилдаги пахта ҳосилидан жаҳон бозорида харидоргир бўлган IV типга мансуб тола олинмоқда, — дейди корхона раҳбари Темур Пўлатов. — Олинаётган тола чиқими эса 32-33 фоизни ташкил қилаётир. Бу маҳсулот «Тошкент-тола» минтақавий пахта терминали омбори орқали чет давлатларга жўнатилмоқда.

Экспортдан келадиган даромад мамлакатимиз равнақи, қолаверса, пахтачилик соҳасининг ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилади. Толанинг 80-90 фоизи хорижга экспорт қилиниши ҳам ана шундан.

— Пахтани қабул қилиш, хомашёни қайта ишлаб толага айлантириш мураккаб жараён, — дейди бирлашманинг тайёр маҳсулотларни истеъмолчиларга етказиб беришни ташкил этиш бўлими бошлиғи Қудрат ­Собиров. — Бу жараёнда ўнлаб, ҳатто юзлаб техникалар тинимсиз ишлатилади. Йўл қўйилган озгина хатолик ҳам тола сифатини бузиб қўйиши мумкин. Шу боис раҳбардан тортиб то оддий ишчигача мавсумда масъулият билан меҳнат қилади. Ўтган 2012 йилда вилоя­тимиз пахта далаларида етиштирилган ҳосил тизимимиздаги пахта тозалаш корхоналарида қайта ишланиб, ундан жорий йилнинг шу давригача 40 минг тоннадан зиёд сифатли тола олинди. Тайёр маҳсулот хорижга экспорт қилинди.

Ҳаракат бор жойда — барака бор, деганларидек, жорий йилнинг шу даврида Чиноз тажриба-экспрементал пахтани қайта ишлаш корхонаси акциядорлик жамиятида 5 минг 300 тоннадан зиёд сифатли тола олиниб, тайёр маҳсулот хорижга экспорт қилинди.

Яна бир янгилик: корхона ўзининг бош биноси ва пахта тозалаш цехларини бутунлай реконструкция қилди. Меҳнат унумдорлиги паст асбоб-ускуналар ўрнига Хитойнинг пахтачилик саноатида етакчи ҳисобланган «Hongrun» компаниясининг замонавий ускуналари ўрнатилди.

— Бунинг самараси ўлароқ, пахта хом­ашёсини толага айлантириш жараёнлари соддалашди, — дейди корхона раҳбари Фаррух Артукметов. — Қўл меҳнати, электр энергия сарф-харажатлари икки-уч бараварга камайди. Тизим юз фоиз автоматлашган. Пахта хом­ашёсини тозалашдан тортиб, то тайёр маҳсулотга айлантиргунга қадар бўлган жараёнлар компьютерлар ёрдамида бош­қарилаётир. Ана шундай қулайликлар эвазига пахта толаси олиш ҳажми ошди. Бу — бир неча тонна юқори сифатли тола, миллион-миллион сўмлик қўшимча даромад деганидир.

— Биласизми, экспортга чиқариш учун ўлчами, сифати, нави, ранги бир хил бўлган муайян миқдордаги тола талаб қилинади, — тушунтиради Садриддин РАСУЛОВ. — Биз ана шу мақсадда замон талабларидан келиб чиқиб, тизимимиздаги барча корхоналар ишини тобора такомиллаштиришни мақсад қилдик ва бу йўлда изланишлар олиб бораяпмиз.

Биргина мисол. Илгарилари тола тойлари дағал симлар ва кўримсиз матоларда қадоқланган бўлса, эндиликда тайёр маҳсулотлар полиэтелен қоплар ичига жойлаштирилиб, бежирим ленталар билан безатилмоқда. Бу ҳам жаҳон бозорида маҳсулот рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Самара ҳам шунга яраша: айтишади-ку, «хазина ғойибдан эмас, меҳнатдан келади» деб.

Бирлашма тасарруфидаги пахтани қайта ишлаш корхоналари, жамоалари сифатли тола олиш ва уни хорижга экс­порт қилиш борасида астойдил меҳнат қилиб, мамлакатимиз иқтисодий қудратини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Соҳибжон САЛИМОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.