28.05.2013

БМТ БОШ КОТИБИ ЁРДАМЧИСИ ЎЗБЕКИСТОНДА

Мамлакатимизга ташриф буюрган БМТ Бош коти­бининг инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ёрда­м­чиси Иван Симонович раҳбар­лигидаги делегация аъзолари 27 май куни Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Баҳодир Матлюбов билан учраш­ди.

Мулоқот чоғида Президент Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнида инсон ҳуқуқ­ларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, инсон ҳуқуқлари устуворлиги тамойилига асосланган миллий ҳуқуқий тизим яратилгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари соҳасидаги конвенция, шартнома ва битимларга қўшилган ҳамда бу борада ўз зиммасига олган барча мажбуриятларни бажариб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида ўтган мулоқотда меҳмонларга мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари тизими, ички ишлар идоралари томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўналишида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Пан Ги Муннинг 2010 йилнинг апрель ойида Ўзбекистонга ташрифининг мантиқий давоми бўлган ушбу ташрифимиздан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишишдан иборат, — деди Иван Симонович. — Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистонда ички ишлар органлари учун ходимларни тайёрлаш, ўқитиш ва малакасини ошириш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бермоқда. Бу борада Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилиш, жумладан, соҳада турли лойиҳаларни амалга ошириш тарафдоримиз.

Шу куни делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси ­Адлия вазирлиги ва Олий ­судида ҳам бўлиб, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича яратилган миллий институтлар тизими, соҳадаги халқаро ҳамкорлик тўғрисида фикр алмашди.

Ирода УМАРОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.