28.05.2013

ҲУДУДЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТИ

янада кучайишига муносиб ҳисса қўшиш учун партия ташкилотлари, депутатлик бирлашмалари фаолиятини бугунги кун талаблари даражасида ташкил этиш зарур

Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон республика кенгашида бўлиб ўтган партия кенгашларининг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари билан қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Обод турмуш йили муносабати билан ЎзХДП ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмаларининг партия дастурий мақсадларини рўёбга чиқаришдаги фаолиятини самарали ташкил этиш масалалари муҳокама этилди.

Қўшма йиғилишда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов қатнашди ва сўзга чиқди.

Сўзга чиққанлар ижтимоий-сиёсий ишлар самарадорлигини оширишда пар­тия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари ваколати ҳамда салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, электорат билан ишлаш, унинг турмуш фаровонлигини юксалтиришда эътиборни кучайтириш зарур бўлган асосий жиҳатларга тўхталиб ўтишди.

— Партиямизга ишонган, уни қўллаб-қувватлайдиган кишилар, хусусан, аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами жонли фаолиятимиз орқали ижтимоий ислоҳотлар самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшишимизни истайди, — деди ЎзХДП Қорақалпоғистон республика кенгаши раиси Қуват Қурбанбаев. — Шунинг ўзи зиммамизга ҳар доим жуда масъулиятли вазифаларни юклайди ва биз буни бир дақиқа бўлсин, унутишга ҳаққимиз йўқ. Олдимизда турган вазифаларни бажаришда депутатлик гуруҳлари фаоллигини ошириш, бошланғич партия ташкилотлари ишини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга.

Бошланғич ташкилотларда ўтказиладиган тадбирларда ҳаётий масалалар муҳокамасига кенг ўрин бериш, ижтимоий долзарб мавзуларда учрашув ва давра суҳбатларини кўпроқ ташкил этиш, уларда кўтарилаётган масалаларни депутатлик гуруҳларимиз ор­қали вакиллик ҳокимияти муҳокамасига олиб чиқишимиз зарур.

— Сиёсий партиянинг салоҳияти кўп жиҳатдан депутатлик гуруҳлари амалга ошираётган ишлар билан белгиланади, — деди ЎзХДП Беруний туман Кенгаши раиси Халилла Ешимбетов. — Депутатлар қанча фаол ва ташаббускор бўлса, электорат манфаати ҳимоясига шунча кўп ҳисса қўшади.

Халқ депутатлари Беруний туман Кенгашининг 30 нафар депутатидан 18 нафари Ўзбекистон ХДП вакиллари ҳисобланади. Улар ўзи сайланган ҳудуднинг ривожланиш ҳолати, ютуқлари-ю муаммоларини яхши билади. Бугун биз ҳар бир депутатнинг салоҳиятидан имкон даражасида кенг фойдаланишимиз керак.

Ҳар бир депутат туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича таклиф ишлаб чиқиши зарур. Депутатлик гуруҳида махсус ишчи гуруҳи тузилиши мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз. Бу гуруҳ томонидан таклифлар умумлаштирилса ҳамда муаммоларни ҳал этиш масаласи сессиялар кун тартибига киритилса, бу бизнинг амалий ишимиз, электоратимиз манфаатини ҳимоя қи­лиш­даги дадил қадамимиз бўлади.

— Партия ташкилотларини салоҳиятли, ташаббускор кадр­лар билан тўлдириш олдимизда турган асосий вазифалардан бири, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Назира ­Матякубова. – Сабаби, депутатларнинг ташаббускорлигини ошириш, уларни турли масалаларни кўтариб чиқишга ундаш, зарур услубий материаллар билан таъминлаш партия кенгашлари зиммасида. Демак, кадр­лар қанча салоҳиятли бўлса, партия кенгашларининг ҳам, депутатлик гуруҳларининг ҳам фаолияти шунга яраша самарали бўлади.

Қишлоқ аҳоли пунктларида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, мазкур соҳага оилавий тадбиркорлик субъектлари ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини кенг жалб этиш ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида муҳим аҳамиятга эгадир. Шундай экан, ҳуқуқ ҳамда ваколатларимиздан фойдаланиб, бу йўналишда ҳам ўз таъсиримизни кўрсатишимиз зарур, деб ўйлайман.

Йиғилишда, шунингдек, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш орқали маҳаллани обод қилиш, бу борада мутасадди идоралар фаолияти, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш, депутатлик ва жамоатчилик назоратини янада такомиллаштириш масалалари бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Қўшма йиғилишда сўзга чиққан Ўзбе­кис­тон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов республика партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари олдида турган устувор вазифалар ҳақида тўхталди.

— Ҳаммамиз гувоҳи, иштирокчиси бўлиб турибмизки, бугун мамлакатимизда барча соҳаларда чуқур ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — деди партия етакчиси. — Буларнинг барчасида хал­қимизга муносиб турмуш шароитини яратиб бериш, юртимизни ­дунёнинг энг гўзал, энг обод, аҳолиси тўқ ва фаровон, ёшлари ҳеч кимдан кам бўлмаган мамлакатлардан бирига айлантириш каби эзгу мақсад мужассам.

Эътибор берадиган бўлсак, кейинги йилларда сиёсий партиялар фаолиятини кафолатловчи, янги ҳуқуқ ҳамда ваколатлар берувчи қатор қонунлар қабул қилинди. Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партия­ларнинг бугунги имкониятларини бундан 15-20 йил олдинги имкониятлар билан мутлақо таққослаб бўлмайди.

Буни ҳар биримиз яхши тушунамиз ва англаймиз. Шундай экан, бугун партиямиз, унинг депутатлик гуруҳлари фаолияти ана шу ислоҳотлардан асло ортда қолмаслиги керак.

Партиямиз қанчалик самарали фаолият юритаётгани аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳаёти даражасини юксалтиришга, ижтимоий ислоҳотлар самарасини оширишга қанчалик даражада таъсир кўрсатаётганимиз билан ўлчанади.

Партиямиз Дастури, Сай­лов­олди дастури ҳамда Ҳаракат дастурида белгиланган аниқ мақсадларга эришиш, олдимизга қўйилган вазифаларни сўзсиз амалга ошириш ҳаммамиздан катта масъулият талаб этади. Амалий натижаларга эришиш учун фракция барча даражадаги партия ташкилотлари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларимизнинг фаолиятини тубдан кучайтириш, тадбирларни илғор сиёсий технологиялардан фойдаланган ҳолда юқори савияда ташкил этиш зарур.

Шунингдек, Марказий Кенгаш раиси, ички партиявий ишларни янада яхшилаш, амалий натижаларга қаратилган ташаббусларни кўпайтириш, партия ташкилотларида иқтидорли ёшлар сафини кенгайтириш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш, Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини кучайтириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталди.

Қўшма йиғилишда билдирилган барча фикр-мулоҳазалар ҳисобга олиниб, партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳлари фаолиятини замон талаблари даражасида кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.

Рейимбой ЕШИМБЕТОВ,

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.