28.05.2013

РЕСПУБЛИКАМИЗ ҲУДУДЛАРИДА 25-26 МАЙ КУНЛАРИ ЗИЛЗИЛА СОДИР БЎЛДИ

Бу айнан Қайси Ҳудудларда юз берганлиги Ҳамда унинг эпицентри, чуҚурлиги, магнитудаси рИхтЕр шкаласи бЎйича Қанчага тенг бЎлгани  хусусида аҲолига кенгроҚ маълумот бериш ва хабардор Қилиш маҚсадида мухбиримиз ЎзР ФА Ғ.Мавлонов номидаги Сейсмология институтининг ­масъул ходимлари билан учрашди.

ЎзР ФА Ғ.Мавлонов номидаги Сейсмология институтининг лаборатория мудири, академик Қаҳҳорбой
АБДУЛЛАБЕКОВ:

— Барчани бирдек қизиқтирадиган савол зилзила қандай содир бўлади? Бунга жавобан шундай дейиш мумкин. Ер қатламларида доимо мураккаб кимё­вий, физикавий жараёнлар тўхтовсиз бўлиб туради. Булардан биринчиси — солиштирма оғирликлари оғир жинсларнинг доимо пастга, енгил жинсларнинг юқорига бўлган ҳаракати. Иккинчиси — радиоактивлик хоссаси асосида бир жинслардан иккинчиларининг ҳосил бўлиши ёки жинсларнинг бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиши натижасида энергия ажралади.

Бундай реакциялар содир бўлишига сабаб ернинг чуқур қатламларида жуда катта босим ва иссиқлик мавжудлигидадир. Бу ўз навбатида радиоактивлик хоссасига асосан бир жинсларнинг иккинчисига айланишига ва иссиқлик энергияси ажралишига олиб келади. Энергиянинг сақланиш қонунига биноан, у йўқолиб кетмайди. Демак, ҳосил бўлган энергия сарф бўлиши керак. Ҳосил бўлган энергия Ернинг остида жуда катта ҳажмдаги жинсларни ҳаракатга келтиради, худдики у ачиган хамирдек ҳажмини орттиради. Ўз навбатида бу кучлар Ернинг устки қатламларини, яъни Ер қобиғини ҳаракатга келтиради. Демак, зилзилаларни келтириб чиқарадиган асосий куч Ернинг чуқур қатламларида жойлашган. Ер остида ҳосил бўлган энергия жуда катта қийматга, кучга эга. Энергиянинг қанчалик катталигини кўз олдимизга келтириш учун улкан Тянь-Шань, Помир, Кавказ тоғларини, ёки Химолай тоғла­рини тасаввур қилиб кўрсак, бас. Бир сўз билан айтганда, зилзилаларни келтириб чиқарувчи сабаб — ердаги ниҳоятда мураккаб жараёнлар ва ҳаракатлардир. Шунингдек, зилзилалар еримиздаги ҳаракат ва жараёнларнинг маҳсули бўлиб, улар ернинг маълум қатламларида аста-секин йиғилган қўшимча кучлар таъсирида содир бўлади.

Хусусан, ер шари бўйича асосан 3 та сейсмик камарга бўлинади. Ушбу камарда жойлашган ҳудудлар сейсмик фаол жойлар ҳисобланади. Булар: биринчиси — Тинч океани, иккинчиси — Ўрта ер денгизи Осиё сейсмик камари, учинчиси — Атлантика океани сув ости тоғ тизмасидир. Бизнинг мамлакатимиз 2-камарга тўғри келганлиги боис, сейсмик фаол ҳудудга киради.

Энди куни кеча бўлиб ўтган иккита зилзила ҳақида тўхталадиган бўлсам, бу юз берган ер қимирлаши кучли зилзила ҳисобланади. Аслида, ер куррасида бу каби ҳолатлар маълум йиллар давомида жуда фаоллашиб, маълум йилларда сокин бўлади. Мисол учун Ўрта ер денгизи Осиё сейсмик камарида маълум бир даврда зилзила кўпроқ бўлиб, маълум даврда сокинлик бўлган. Буни 1897 йилдан 1917 йилгача сейсмик фаол бўлган бўлса, 1917-1934 йилгача сокин. 1934-1952 йилда яна сейсмик фаол бўлган, 1952-1970 йилда эса сокин. 1970-1989 йилда яна сейсмик фаол бўлган бўлса, 1989-1998 йилда сокин. 1998-2016 ва 2018 йилда яна сейсмик фаоллашуви кузатилиши тахмин қи­линмоқда.

Шу боисдан ҳам қўшни давлатлар ва мамлакатимизда тез-тез зилзилалар содир бўлмоқда. Энг охирги кучли зилзила Хитойнинг Сичуан вилоятида магнитудаси 9 га тенг бўлган. Ва кўплаб вайронагарчиликларни келтириб чиқарган. Худди шунга ўхшаш зилзила Суматра оролида ҳам бўлганди. Очиқроқ айтганда, 2018 йилгача яна ҳудудимизда кучли 2-3 марта зилзила бўлиш эҳтимоли бор.

Сейсмология институти геодинамика лабораторияси мудири, физика-математика фанлари номзоди Моҳира УСМОНОВА:

— 25 май тунги соат 03:18 да рехтир шкаласи бўйича, магнитудаси 5 га тенг зилзила бўлиб ўтди. Аслида ўша ҳудудда 24 май кеч­қурун соат 22:20 да магнитудаси 3 га тенг бўлган кучсиз зилзила бўлиб ўтганди. Лекин бу кўпчилик аҳолига унчалик сезилмаган. Ушбу 25 майдаги зилзиланинг эпицентри пойтахтимиздан жанубий-ғарбий йўналиши бўйича 35-40 километр масофа узоқлигида, яъни Тошкент вилоя­тининг Пискент, Тўйтепа ва Бўка шаҳри оралиғида 6-7 баллга тенг бўлган ва унинг ўчоғини чуқурлиги 10-15 километрдир. Шунингдек, зилзиланинг таъсир кучи Тошкент шаҳрида 5 баллга, Самар­қанд шаҳрида 2 баллга тенг бўлган. Бу зилзила шу ҳу­дудда бўладиган тектоник жа­раённинг натижасидир. Ер қи­мирлаши оқибатида жиддий талафотлар бўлмади ва аҳоли орасида ўлим қайд этилмади. Ҳаттоки бирон киши жароҳатланиб шифохонага ҳам келмаган. Фақатгина гувала лойдан қурилган эски уйларга зарар етган.

Сейсмология институти лаборатория мудири, физика-математика фанлари доктори, профессор Турдиали ОРТИҚОВ:

— 26 май кундузги соат 11:08 да рихтер шкаласи бўйича, магнитудаси 6,2 га тенг бўлган зилзила содир бўлди. Бунинг эпицентри Жиззах шаҳрининг шимоли-ғарбидан 56 километр узоқликдаги Самарқанд вилояти Булунғур туманининг тоғли қисми ҳисобланиб, 6-7 баллга тенг бўлган ер қимирлаган. Чуқурлиги 18-20 километрдир. Бу зилзила натижада республикамизнинг бошқа вилоят ва шаҳарлари — Жиззах ва Самарқандда 5 балл, Навоийда 4-5 балл, Олмалиқда 3-4 балл, Андижонда 2 баллга тенг тебранишлар бўлган ва бунда ҳам аҳоли орасидан жароҳатланганлар бўлмаган. Шифохонага ҳеч ким мурожаат этмаган. Баъзи эскирган биноларга зарар етган, холос. Яна аҳолига шуни маълум қилишимиз мумкинки, янги сейсмик районлаштириш хариталари яратилган. Бу хариталар асосида бунёд этилган иншоотлар ҳар қандай зилзилага бардош бера олади. Шу билан бирга, аҳолининг тўла хавфсизлигини таъминлай олади.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ ёзиб олди.

 

ПИСКЕНТ, БЎКА:

уй-жойлар ҳам, одамлар ҳам талафот кўрмаган

25 май куни тонг отарга яқин, аниқроғи соат тунги 3:18да кучли ер силкиниши Тошкент шаҳри ва вилояти аҳлини оёққа турғазди. Одамлар дарҳол ўз яқинларига қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрай бошлади.

Тонг отар-отмас интернет сайтларида дастлабки маълумотлар пайдо бўлди: «25 май соат тунгги 3:18 да Тошкент шаҳри ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида зилзила кузатилди. Айтиш лозимки, ушбу ер силкиниши узоқ вақт давом этиб тургани билан ёдда қолди...

Зилзила 40.835 даража шимолий узунлик, 69.173 даража шарқий кенгликда, Тошкент шаҳридан 41 км жанубий ғарбда, Тошкент вилоятида содир бўлди. 5 магнитудали зилзиланинг кучи 5,5-6 баллни ташкил этди. Горизонтал тебраниш билан кузатилган ер силкинишининг маркази 15,8 км чуқурликда қайд этилди.

Зилзила марказига яқин жойлашган шаҳарлар:

9 км — Бўка, 14 км — Пискент, 27 км — Тўйтепа, 25 км — Зафар, 41 км — Тошкент.

Тошкент шаҳрида зилзила кучи 4-5 балл, Олмалиқда — 3 балл, Самарқандда — 2 баллни ташкил этди».

Бу орада турли-туман миш-мишлар ҳам тарқалди. Кимдир тахмин қилиб, кимдир эса атайлаб, ноўрин, асоссиз гапларни кўпайтирди. «Пискентликлар, бўкаликлар катта зиён кўрмадими, иш­қилиб, одамларга зиён етмадимикин?»... Кўпчиликни шу каби саволлар безовта қиларди.

Ўтган шанба тушдан кейин ва якшанба кун бўйи мухбиримиз Пискент, Бўка туманларида бўлиб, аҳвол билан танишди. Одамларнинг кайфияти билан қизиқди.

Тошкентдан чиқиб, Пискент — Бўка йўналиши бўйлаб кетаркансиз, асфальт йўлнинг икки четидаги одатий манзарага кўзингиз тушади: пахтазор, одамлар ғўза ниҳолини чопиқ қилмоқда, аҳён-аҳён культивация қилаётган трактор кўзга ташланади. Ора-орада сарғиш тусга кира бошлаган буғдойзор, кўм-кўк бедазор, боғ-роғлар... Йўл-йўлакай қишлоқларда тўхтаб, дуч келган одам билан суҳбатлашамиз, ҳовлиларга кириб, уйлар деворларини кўздан кечирамиз. Пискент туманидаги Мингтепа қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида 40-ўрта мактаб ўқитувчилари Муқаддам Саматова, Шоҳида Фармонова, Раҳима Қамбарова ва бошқалар билан учрашдик. Уларнинг айтишича, бир-икки жойда ҳовли четидаги эски девор қулаб тушган, айрим уйларнинг шифтидаги сувоқ қисми ёрилган. Бошқа ҳеч қандай зиён етмаган.

Дарҳақиқат, бунга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик.

Бўка тумани ҳокимлиги етакчи мутахассиси Соҳибжон Орипов ҳокимлик биноси ёнгинасидаги уйда яшар экан.

— Албатта, чўчиб уйғониб кетдик, — дейди у. — Орадан кўп ўтмай раҳбарлар, фаоллар, маҳалла оқсоқоллари ҳокимликда тўпланди. Ҳаммага маҳалла ва қишлоқларни ўрганиб чиқиш топширилди. Кечга яқин яна тўпланиб, муҳокама қилинди. Бирорта уй жиддий зарар кўрмагани маълум бўлди. Фақат айрим уйларнинг деворлари сувоқ қатламига дарз кетган. Баъзи жойларда шифтдан бир-икки парча сувоқ қисми кўчиб тушган.

«Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлими мутахассиси Умида Эгамқулова ҳам ана шу фикрларни тасдиқлади.

Биз айрим маҳаллаларга кириб, бирорта ҳам уйга жиддий зиён етмаганига иқрор бўлдик. «Наврўз» маҳалласидаги намунавий лойиҳа асосида қурилган уйларни кўздан кечирдик.

— Хонадонларимизга жиддий зиён етгани йўқ, — дейди «Наврўз» кўчасида яшовчилардан бири Дилшод Ҳамроқулов. — Баъзи уйлар шифтидан бир-икки қарич сувоқ қатлами кўчиб тушди, холос. Ер эса қаттиқ қимирлади...

Ҳақиқий ҳолат шундан иборатки, Пискент ва Бўка томонларда зилзиладан бирорта уй-жой, одамлар жиддий шикаст кўрмаган. Ҳаёт бир маромда давом этмоқда.



DB query error.
Please try later.