28.05.2013

МАҲАЛЛА – ҲАЁТИМИЗНИНГ АЖРАЛМАС ҚИСМИ

Маҳалла халқимизнинг тарихан шаклланган ўзаро ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва меҳр-оқибат тимсоли, маълум бир ҳу­дуд­даги аҳолини бирлаштирадиган маскан, мўъжаз бир ватандир.

Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари концепцияси амалга ошишида маҳалланинг ўрни беқиёс. Чунки маҳалла аҳоли ҳаёт тарзи, муаммоларини чуқур биладиган, уларни ечишга, ҳар қандай вазиятда одамларнинг бошини қовуштиришга қодир бўлган бетакрор институт сифатида тан олинади.

Ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг асосий принциплари ижтимоий адолат, демократия, ошкоралик, инсонпарварлик, маҳаллий аҳамиятга эга масалаларни ечишда мустақиллик, жамоатчилик асосидаги ўзаро ёрдамдан иборат. Мазкур принциплар жамиятимизда сиёсий-иқтисодий барқарорлик ва ижтимоий адолатни қарор топтиришнинг муҳим воситаси сифатида миллий қонунчилигимиздан алоҳида ўрин эгаллаган.

Бу борадаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик тобора такомиллашиб бормоқда.

«Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғриси­да»ги қонун 1999 йил 14 апрелда қабул қилинган эди. Ўтган вақт давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланиш ва ислоҳотлар мазкур қонунни янги таҳрирда қабул қилиш заруриятини вужудга келтирди.

Олий Мажлис Сенатининг яқинда бўлиб ўтган навбатдаги XI ялпи мажлиси «Фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари тўғрисида»ги янги таҳрирдаги Қонунни маъқуллади. Қонун ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштиришга, маҳаллани аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантиришга, давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги вазифаларини кенгайтиришга йўналтирилган.

Қонуннинг 10-моддасига асосан, фуқаролар йиғини фаолияти ўзи тасдиқлаган низомга биноан ташкил этилади ҳамда мазкур низомда фаолиятининг барча йўналишлари қамраб олинади.

Шунингдек, шаҳар, қишлоқ, овул фуқаролар йиғини ва улар таркибидаги маҳалла фуқаролар йиғини, фуқаролар йиғини кенгаши, фуқаролар йиғини раисининг ваколатлари мустаҳкамлаб қўйилди.

Қонун билан фуқаролар йиғинининг аҳоли муҳтож қатламларини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари никоҳдан ўтаётганида, тўй тадбирларини ўтказаётганида моддий ёрдам бериш, икки ёшга тўлмаган фарзанди бор ишламайдиган, шунинг­дек, бюджет ташкилотларида ишлайдиган оналарга ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нафақалар тайинлаш ҳамда тўлаш ваколатлари кенгайтирилди.

Қонунга мазкур меъёрларнинг киритилиши инсонпарварлик тамойили бўлиб, Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари амалга оширилиши, яъни эҳтиёжманд оилаларни манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга турмуш шароитларини яхшилаш учун қўшимча имкониятлар яратишда хуқуқий кафолатни таъминлайди.

Маълумки, янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ижтимоий ҳимоянинг энг самарали шаклидир. Бунда, айниқса, қў­лида касби, ҳунари бор кишилар, ўз бизнесини, мустақил ишини бошлаш истагидаги ёшларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга. Аммо аҳолининг бундай тоифаси кўпинча ўз ишини бошлаш учун тижорат банк­ларидан кредит олишда гаров, кафиллик масаласида муаммога дуч келар эди.

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси ва «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддасига мувофиқ, тадбиркорлик фаолияти субъектига, оилавий корхонага кредит берилаётганда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кафил бўлишлари мумкин. Шу муносабат билан янги таҳрирдаги Қонунда фуқаролар йиғинининг тегишли ҳудудда жойлашган тадбиркорлик субъектларига кредитлар бериш вақтида кафил бўлиш ҳуқуқи янада мустаҳкамланди.

Фуқаролар йиғинининг кафиллик ваколати қонунга киритилган асосий ўзгартишлардан биридир. Бу Ўзбекистон ХДП электорати — оилавий бизнесини йўлга қўймоқчи, ўз ишини бошламоқчи бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Шунингдек, Қонун билан фуқаролар йиғинига тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишни хоҳловчиларга иқтисодиёт асослари, бухгалтерия ҳисоби, тадбиркорлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ўргатиш, ёшларнинг ишга жойлашишига кўмаклашиш, давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни тайёрлаш ҳамда кредитлар олиш ва бошқалар бўйича маслаҳат марказлари ташкил этиш ваколатлари берилди.

Фуқаролар йиғини таркибида маслаҳат маркази янги тузилма бўлиб, тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш учун энг зарурий иқтисодий-молиявий, хуқуқий ҳужжатларнинг қонуний юритилишини таъминлаш, қолаверса, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини янада оширишга хизмат қилади. Айниқса, тадбиркорлик субъ­ектлари ташкил этилиши муносабати билан янги иш ўринлари вужудга келиши, мазкур иш ўринларига ёшлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини жалб этиш имконияти туғилиши маслаҳат маркази фаолиятининг асосий самараси бўлади.

Бундан ташқари, Қонунда фуқаролар йиғинида мажбурий тартибда тузиладиган асосий комиссияларнинг рўйхати белгиланди ҳамда уларга раҳбарлик қилиш, қоида тариқасида, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари зиммасига юклатилди.

Булардан ташқари, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг ваколатларини муддатидан олдин тугатиш учун асослар рўйхати тўлдирилди. Бу эса юз бериши мумкин бўлган салбий ҳодисаларнинг олдини олиш ҳамда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг масъулиятини оширади.

 Шунингдек, Қонунда «Маҳалла пос­бони» жамоатчилик тузилмаси ҳамда диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор меъёрлар ҳам назарда тутилган.

Умуман, мазкур Қонун ўзини ўзи бошқ­ариш органларининг ҳаётимиздаги, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришдаги ўрнини янада мус­таҳкамлашга, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

Раҳима ҚЎРҒОНОВА,

Бувайда педагогика коллежи директори, халқ депутатлари Бувайда туман Кенгаши депутати, Олий Мажлис Сенати аъзоси.



DB query error.
Please try later.