23.05.2013

ОБОД ВА ФАРОВОН ТУРМУШ

партиямиз дастурий мақсадларининг асосидир

Паркент туманидаги «Гулбоғ» маҳалласи ҳудудида қаровсиз, ташландиқ ётган жойда қисқа фурсат ичида намунавий лойиҳалар асосида шинам уй-жойлар барпо этилди. Маҳалла бугун Паркентнинг энг хушманзара ва обод гўшаларидан бирига айланди.

Дарҳақиқат, бу уйлар қишлоқ аҳолиси турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Шаҳарга айланиб бораётган «Гулбоғ» маҳалласида ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган амалий семинарда қишлоқларда яратилаётган имконият ва шароитлар партия электорати манфаатига хизмат қилаётгани, кишиларнинг дунё­қарашини юксалтираётгани таъкидланди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзолари, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, «Оила» илмий-амалий маркази, «Аёллар кенгаши» жамоат бирлашмаси масъул ходимлари, фуқаролар йиғинлари фаоллари ҳамда электорат вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида ипотека асосида уй-жой қуришни кенгайтириш, шунингдек, давлат бюджети ва бюджетдан ташқари ижтимоий фондлар ҳисобига уй-жойлар қуриш ва уй-жойга муҳтож аҳолининг кам таъминланган қатламларига, ижтимоий мақбул тарифларга мувофиқ ижарага бериш, коммуникация тармоқлари сифатини ошириш борасида барча даражадаги депутатлик бирлашмалари, партия ташкилотлари изчил фаолият олиб бориши белгилаб қўйилган.

Семинарда намунавий лойи­ҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар қишлоқ аҳолисига паст фоизларда кредитга берилаётгани мамлакатимизда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётининг изчил амалга оширилаётгани билан боғлиқ экани қайд этилди.

— Партиямиз дастурий ҳужжатларида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакиллари манфаатини ҳимоя қилиш, қулай турмуш шароитлари яратиш учун курашиш алоҳида белгилаб қў­йилган, — деди ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Сирожиддин Аъзамов. — Президентимиз ташаббуси билан қурилаётган уй-жойлар қишлоқларимиз инфратузилмаси бутунлай янгиланиши, замонавий кўриниш касб этиши, у ерда истиқомат қилаётган электорат вакиллари учун янада қулай шарт-шароит вужудга келишига имконият яратмоқда. Бу эса юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади инсон фаровонлиги, манфаатларига қаратилаётганининг яна бир ёрқин исботидир.

Партия фаоллари, депутатлар электоратимиз манфаатига хизмат қилаётган бу каби ташаббусларни қўллаб-қувватлашимиз керак. Шу билан бирга, уй-жойларнинг сифатли қурилиши, у ерда ижтимоий инфратузилмани шакллантириш ишлари устидан жамоатчилик, таъсирчан депутатлик назоратини олиб бориш зарур, деб ҳисоблайман.

Фуқаролик жамиятини ривожлантириш, аҳолининг ижти­моий ҳимояга муҳтож қатла­ми­ни қўллаб-қувватлашда маҳалланинг ўрни ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депу­тати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоев сўз юритди.

— Яқинда «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди, — деди у. — Қонуннинг 8, 10 ҳам­да 30-моддаларига киритилган ўзгартишларда маҳалла оқсоқоллигига сайлов, муҳтож оила­ларга моддий ёрдам кўрсатиш, кишилар ўртасида инсонпарварлик тамойилларини қарор топтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу меъёрлар айнан бизнинг пар­тиямиз электорати манфаатига хизмат қилади. Шундай экан, янги қонун ҳужжатларини нафақат фаол тарғиб қилиш, бал­ки, унинг жойларда самарали ишлашини назорат-таҳлил этиб бориш лозим.

— Мамлакатимиз ҳаётида сиё­сий партияларнинг ўрни тобора чуқурлашиб бораяпти, — деди «Гулбоғ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, партия фаоли Бекзод Эгамбердиев. — Бу ЎзХДП фаолияти мисолида ҳам яққол намоён бўл­моқда. Партиямиз тизимида ўтказилаётган амалий семинарлар орқали қамраб олинаётган кишилар сиёсий-ҳуқуқий билимини мустаҳкамлаш, қо­нунчиликдаги ўзгаришлар мазмун-моҳияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўл­моқда.

Аслида маҳалла тизими олдидаги бугунги жиддий вазифалар ЎзХДПнинг дастурий мақсадлари билан ҳамоҳанг. Обод ва фаровон турмуш пар­тия ғоя ва мафкурасининг асоси, шунингдек, маҳаллалар фаолиятининг ҳам бош мақ­садидир. Демак, ўзаро ижтимоий шерикликни ҳар томонлама чуқурлаштириш зарур, деб ҳисоблайман. Бу, албатта, эзгу мақсадларимиз амалга ошишига хизмат қилади.

Тадбир доирасида партиянинг кўчма Жамоатчилик қа­булхонаси ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари фуқароларнинг турли масалалар юзасидан мурожаатларини ўрганишди. Оилавий тадбиркорликнинг ҳуқуқий асослари, пенсия ва ёшга доир нафақаларнинг тайинланиши билан боғлиқ масалаларда ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, айрим мурожаатларда кў­тарилган муаммоларни ҳамкор ташкилотлар билан бирга ҳал қилишга келишиб олинди.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.