Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
23.05.2013

ҲУҚУҚИЙ ЭКСПЕРИМЕНТ: ОЧИҚЛИК ТАМОЙИЛИ

фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақида ахборот олиш тўғрисидаги конституциявий ҳуқуқлари тўлиқ таъминланишига хизмат қилади

Самарқанд шаҳридан келган отахон ва онахон Олий Маж­лис Қонунчилик палата­сига ўзлари сайлаган депутатга муро­жаат этишди. Уларни шаҳар четидаги ўз уйлари жойлашган кичик кўча қачон қайта таъмирланиши ҳақидаги масала ўйланти­раётган экан.

Бу мурожаат бир қарашда арзимасдек туюлиши мумкин. Аммо унинг ортида ечимини кутаётган масала бор. Депутатлик фаолиятимиз давомида бундай саволларга, маълумот олиш билан боғлиқ мурожаатларга тез-тез дуч келамиз. Улар асосан ҳудудларда олиб борилаётган, режалаштирилган қурилиш-ободонлаштириш ишлари, корхона-ташкилотларда мавжуд бўш иш ўринлари, тижорат банклари фаолияти ва бошқа шунга ўхшаш масалалар ҳақида бўлади. Ваҳоланки, бундай саволларга пойтахтга келиб юрмасдан, жойининг ўзида жавоб олиш мумкин.

Шу оддий мисолдан кўриниб турибдики, фуқароларнинг ахборот олиш имкониятини кенгайтириш ва мустаҳкам кафолатлаш ҳаётий заруратдир. Бухоро ва Самарқанд вилоятлари давлат ҳокимияти органлари негизида эксперимент сифатида ҳуқуқий тажрибадан ўтказилаётган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қабул қилиниши долзарб ҳаётий аҳамиятга эга.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақидаги маълумотлар қамрови ниҳоятда кенг. Улардан аҳолининг хабардорлик даражаси ошиши жамиятда ижтимоий-иқтисодий фаоллик юксалишига хизмат қилади. Шундай механизм ишлаши керакки, фуқароларнинг янгиликлардан ўз вақтида хабардор бўлиш имконияти кенг бўлсин ҳамда бу давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига салбий таъсир этмасин.

Бугун ҳаётнинг ўзи жамиятни янгилаш, ислоҳ қилиш ва демократлаштиришнинг янги жараёнларини талаб этмоқда. Маълумки, мамлакатимизда мустақиллик йилларида ахборот соҳасини жадал ва эркин ривожлантириш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий ҳамда моддий-техник асос шакллантирилди. Ахборот соҳасини демократия тамойиллари асосида ривожлантириш жараёни изчил давом этмоқда.

«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси фуқароларнинг айнан ахборот соҳасидаги конституциявий эркинликлари ва ҳуқуқларини таъминлаш, давлат бош­қарувини янада демократлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳаси жамоатчиликни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида хабардор қилиш тамойиллари ҳамда жараёнларини аниқ белгилаш имконини беради. Аҳолига унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини ҳисобга олган ҳолда маълумотлардан фойдаланишга етарли шароит яратилишини таъминлайди.

 

АХБОРОТ ОШКОРАЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВА БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИ УЧУН ҲАМ САМАРАЛИ ФАОЛИЯТ ЮРИТИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ЙЎЛИГА АЙЛАНАДИ. ЗЕРО, ҲАР ҚАНДАЙ ҚОНУН ҲУЖЖАТИНИНГ КУЧИ АЙНАН ХАЛҚҚА, ИСЛОҲОТЛАР РИВОЖИГА ХИЗМАТ ҚИЛИШИДАДИР.

Давлатимиз раҳбари Фармойишига кўра, қонун лойиҳасининг амалий синови йил охирига қадар Самар­қанд ва Бухоро вилоятлари давлат ҳокимияти органлари негизида ўтказилади. Таъкидлаш керакки, бу жамиятимизда демократияни янада ривожлантиришда ўзига хос янги ва ноёб ҳуқуқий тажриба бўлмоқда. Ҳуқуқий эксперимент ўтказиш қонун ижодкорлиги фаолиятининг муҳим ва замонавий усулларидан бири ҳисобланади. Мазкур тажриба мамлакатимизда илк бор ўтказилаётганини ҳам алоҳида эътиборга олиш зарур.

Қонун лойиҳаси вилоят, туман ҳам­да шаҳарлардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг реал фаолияти шароитида синовдан ўтказилаяпти. Унда давлат тузилмаларидан ташқари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақида ахборот олишдан манфаатдор бўлган фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ, жисмоний ва юридик шахслар иштирок этмоқда.

Эксперимент давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси меъёрлари самарадорлигини белгилаш, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтларининг ахборотдан эркин фойдаланиш имкониятини рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Ҳуқуқий тажриба натижалари бўйича ишлаб чиқилган таклифлар қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш имконини беради.

Ҳозирда ҳуқуқий экспериментнинг асосий босқичи амалга оширилмоқда. Самарқанд ва Бухоро вилоятлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотларни фойдаланувчилар учун қулай шаклда тақдим этмоқда. Эксперимент якунларига асосан, қонун лойиҳаси меъёрларини уларнинг ижро этилиши самарадорлигини таъминлаш нуқтаи назаридан такомиллаштириш муҳим масаладир. Ҳуқуқий эксперимент, шу маънода, парламент қуйи палатаси депутатлари, мутахассислар зиммасига катта масъулият юклайди. Қонун лойиҳаси такомиллашуви Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган эзгу мақсад рўёбига хизмат қилиши зарур.

Яъни, бу жараёнда фуқаролар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар ҳақида, қонунлар, муайян давлат ва ҳудудий дастурлар жойларда қандай амалга оширилаётгани бўйича ишончли, тўлиқ маълумотлар олишини кафолатлаш, ахборотдан фойдаланишни эркинлаштириш асосий эътиборда бўлиши керак.

 

ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВА БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИ УСТИДАН ТАЪСИРЧАН ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИНИ ОЛИБ БОРИШДА ҲАМ МУҲИМ ЎРИН ТУТАДИ. ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВА БОШҚАРУВИ БИЛАН БОҒЛИҚ ФАОЛИЯТНИНГ ФУҚАРОЛАРИМИЗ УЧУН ОЧИҚ БЎЛИШИ БАРЧА ДАРАЖАДАГИ ДАВЛАТ ХИЗМАТЧИЛАРИНИНГ ЎЗ ФАОЛИЯТИГА МАСЪУЛИЯТИНИ ЖИДДИЙ РАВИШДА ОШИРАДИ. БИР СЎЗ БИЛАН АЙТГАНДА, БИЗ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИНИ ҲУҚУҚИЙ ТАЖРИБАДАН ЎТКАЗИШ ОРҚАЛИ ДЕМОКРАТИК ЎЗГАРИШЛАРНИНГ ЯНГИ ДАВРИГА ҚАДАМ ҚЎЙМОҚДАМИЗ.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига мурожаат билан келган самар­қандлик ҳамюртларимизга келсак, отахон ва онахон шунча йўлни бесамар босишмади. Улар ўзлари истиқомат қилаётган кўчанинг қайта таъмирланиши ҳақида, давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолиятига доир ахборотлар олишни кафолат­лашга хизмат қилувчи қонун лойи­ҳасининг ҳуқуқий тажрибаси тўғ­риси­да атрофлича маълумотга эга бўлишди. Бу тажриба уларга яшаш жойла­ри бўйича биринчи манба — маҳаллий ҳокимият ва бошқарув орган­ларидан энг ишончли маълумотларни тез фурсатда, тўсиқсиз, сарсонгар­чиликсиз олиш имконини беради.

Зеро, асосий босқичи жадал тус олаётган ҳуқуқий эксперимент айнан шундай оддий одамлар, ҳар бир фуқарога қулайлик яратиши, давлат бошқарувини демократлаштириш жараёнини том маънода янги бос­қичга кў­таришга хизмат қилиши билан аҳамиятли, деб ўйлайман.

Фахриддин РАЖАБОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.