21.05.2013

ДАСТУРИЙ ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИ

турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади

Ислоҳотлар юртимизнинг барча ҳудудларини кўлами жиҳатдан тенг равишда қамраб олишида ўзини ўзи бошқариш органлари, хусусан, маҳалла муҳим ўрин тутади. Шу боис ижтимоий ислоҳотлар самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилаётган жараёнда юртимизда маҳаллаларнинг ривожланиши муҳим масалалар сирасига киради. Бу эса халқимизга хос бўлган жиҳатларни ўзида тўлалигича акс эттиришида маҳалланинг тутган ўрни қай даражада долзарб эканидан далолатдир. Мазкур жараёнда фаол иштирок этиш мақсадида Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда.

Лойиҳа доирасида Ўзбекис­тон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ва Самарқанд вилоят кенгаши Пахтачи туманида «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» мавзусида амалий семинар ўтказди.

Мазкур тадбирда партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вилоят, туман ва шаҳар партия кенгашлари раислари, Марказий банк Самарқанд вилоят бошқармаси, тижорат банклари, вилоят давлат солиқ бош­қармаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқа­ри пенсия жамғармасининг вилоят бошқармаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Пахтачи туман бўлими вакиллари иштирок этди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева «Маҳалла — аҳо­лини манзилли ижтимоий қўл­лаб-қувватлаш маркази» ло­йиҳаси, унинг амалга оширилиши ва натижалари ҳақида маълумот берди.

— Ушбу лойиҳадан кўзланган асосий мақсад маҳалла аҳолиси, айниқса, партия элек­торати вакилларини ўйлантираётган масалаларни ўрганиш, уларнинг сиёсий-иқтисодий билимларини янада ошириш, янги таҳрирда қабул қи­линган «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғ­рисида»ги ҳамда «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги қонунларнинг мазмун-моҳиятини кенгроқ тарғиб қилиш, аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш борасида Президент Фармон ва қарорлари бажарилиши, қонунларда белгиланган меъёрларнинг қай даражада амал қилаётганини ўрганишдир, — деди у. — Тадбир давомида ўтказилган мониторинг орқали аҳолини ўйлантираётган масалаларни аниқлаш, уларни ўз жойида ҳал этишга кў­маклашиш, мониторинг натижалари асосида электорат учун фойдали бўлган масалаларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комис­сиялари, сессиялари муҳокамасига олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.

Амалий семинар доирасида Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари Ҳафиза Каримова ва Дилбар Холиқова томонидан юқорида қайд этил­ган қонун ҳужжатларининг ҳам­да «Давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолия­тининг очиқлиги тўғрисида»ги қо­нун лойиҳаси бўйича ўтказилаётган ҳуқуқий экспериментнинг мазмун-моҳияти ҳа­қида иштирокчиларга атрофлича тушунча берилди.

— Маҳалланинг ҳаётимиз­даги ўрни ва аҳамияти тобора ошиб бораяпти, — дейди ЎзХДП Пахтачи туман кен­гаши раиси Исмат Санаев. — Туманимизда 65 та маҳалла мавжуд. Уларда аҳолини, хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти. Ўт­казилган мониторинг натижа­ларига кўра, баъзи турар-жойлар ҳудудида аҳолига хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиши сустлик билан олиб борилаётгани касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ўз мутахассисликлари бўйича иш ўринлари билан таъминлаш жараёнига салбий таъсир ўт­казаётгани аниқланди. Бу ҳо­латни ўрганиш бўйича йиғилган маълумотлар асосида маз­кур масала халқ депутатлари Пахтачи туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи томонидан туман Кенгаши сес­сиясига киритиш учун тайёрлаб қўйилди.

Шунингдек, яқинда тижорат банкларининг туман бўлим­лари томонидан ажратилган кредитлар эвазига 154 та хонадонда иссиқхона ташкил этилди. Халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзолари, пар­тия фаоллари уларга ташкилий-ҳуқуқий масалаларда яқин­дан ёрдам кўрсатишди. «Ниёзжоби», «Мирзо Нодир» маҳаллаларида ташкил этилган иссиқхоналарда йил давомида ҳосил етиштириш имкони бор. Меҳнат қилаётганлар кам бўлмаяпти. Энг муҳими, аҳо­лининг ижтимоий ҳимояси таъ­минланмоқда. Бунда партиямиз иштироки ҳам сезиларли даражада ошиб бораяпти.

— Анчадан буён иссиқхона ташкил этиш ниятида юрган эдим, — дейди Сафар Тош­пўлатов. — Маблағга эҳтиёж сезиб юрган бир пайтда ЎзХДП Пахтачи туман кенгаши томонидан аҳолини ижтимоий ҳи­моя қилишга қаратилган тадбирлар ўтказилаётгани ҳақида эшитиб қолдим. Партия фаоллари ва депутатларга учрашдим. Улар менга бизнес-режа тузиш, кредит олиш йўл-йўриқлари, шунингдек, ишни ташкил этиш тўғрисида маълумот беришди ва фаолиятимни йўлга қўйишда мутасадди ташкилотлар билан бир­га яқиндан кўмаклашишди. Айни кунда тўрт сотих ерда иссиқхона таш­кил этиб, полиз экинлари етиш­тираяпмиз. Оила аъзоларимнинг барчаси шу ерда меҳнат қилади. Энг муҳими, даромадимиз, оиламизнинг фаровонлиги ошаяпти.

Амалий семинар давомида, шунингдек, тадбирнинг ижтимоий ҳамкори — Марказий банк ҳамда тижорат банклари вакиллари томонидан ло­йиҳалари истиқболли деб топилган 45 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчисига имтиёзли микрокредит олиш ҳуқу­қини берувчи сертификатлар топширилди.

— Жорий йил давомида вилоятдаги тижорат банклари касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига 10 миллиард сўмлик имтиёзли кредит бериши режалаштирилган, — деди Марказий банк Самар­қанд вилоят бош бошқармаси етакчи мутахассиси Орифжон Файзуллаев. — Жорий йилнинг май ойига қадар 2,5 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағлари коллеж битирувчиларининг иш бошлаши учун берилди.

— Пахтачи педагогика коллежини битираяпман, — дейди Насиба Тўхтамуродова. — Миллий ҳунармандчиликка қизиқаман. Ўзбекистон ХДП фаоллари кўмагида режа тузиб, Халқ банкининг Пахтачи туман филиалига ҳунармандчиликда ўз ишимни ташкил этиш мақсадида ҳужжат топширган эдим. Менга икки миллион сўмлик имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификат топширилди. Энди ўзим истиқомат қилувчи «Бўстон» маҳалласида тикувчилик цехи очаман. Тенгдошларимнинг 4 нафарини иш билан таъминлашни мақсад қилганман.

Лойиҳа доирасида, шунинг­дек, бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам бўлиб ўтди. Унда Пах­тачи туманидаги қатор корхона, ташкилот ва муассасалар бўш иш ўринлари билан иш­тирок этди. Ёшлар мутахас­сислиги ва қизиқишига мос иш ўринлари билан танишиб, касб-ҳунар коллежи битирувчиларинг 56 нафари ишга жойлашиш бўйича шартнома имзолашди. Аҳамиятлиси, меҳнат бозорида рақобатлашишга қодир бўлмаган 19 нафар электорат вакили ўзига мос иш ўрнига эга бўлди.

Тадбирда, шунингдек, Пахтачи туман ҳокимлиги, Педагогика коллежи, ХДП туман кенгаши ҳамкорликда ўтказган «Намунали талаба» танлови ғолиблари Расулова Фазилат ва Дониева Шаҳлога тумандаги 22-ўрта мактаб ҳам­да 4-мактабгача таълим муас­сасасида ишлашга йўлланма берилди.

Тадбир давомида кўчма Жамоатчилик қабулхонаси ҳам ташкил этилди. Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзолари аҳолини, хусусан, хотин-қизлар ва ёшларни ўйлантираётган масалалар бўйича мурожаатларни тинглаб, тегишли йўл-йўриқ ва маслаҳатлар беришди.

Бундан ташқари, тадбир­да аҳолининг ижтимоий ҳи­мояга муҳтож қатлами ман­фаатларини ҳимоя қилиш борасида туманда олиб борилаётган ишлар, замонавий инфратузилмани ривожлантириш ҳи­собига янги иш ўринлари яратиш имкониятлари хусусида ҳам фикр алмашилди. Аҳолини манзилли ижтимоий қўл­лаб-қувватлашга қа­ратилган масалаларни халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига олиб чиқиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Абдували ХУДОЁРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.