21.05.2013

ЮКСАЛИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Давлатимиз раҳбарининг Халқ депутатлари Тошкент ва Андижон вилоятлари Кенгашларининг яқинда бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессияларидаги маърузаларида нафақат мазкур ҳудудлар, балки бутун мамлакатимизда эришилаётган ютуқлар чуқур таҳлил қилиниб, истиқболдаги вазифалар аниқ белгилаб берилди. Айниқса, жойларда ишни бугунги замон талаблари асосида ташкил этиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди. «Такрор айтаман, — деди Президен­тимиз, — бизга бўлаверади, деган эскича қараш билан фақат томорқадан олинадиган даромад ёки олди-сотди ишларига кўз тикиб яшаш бизга энди ярашмайди».

Миллий иқтисодиётни, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада изчил ва юксак суръат­ларда ривожлантириш, янгидан-янги саноат корхоналарини ташкил этиш орқали қЎшимча иш ўринлари барпо этиш, фаровонлик ва ободликка эришиш учун яратилган кенг кўламли солиқ ва божхона имтиёзларидан самарали фойдаланиш, салоҳиятли маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга хорижий шерикларни жалб этиш учун кўмаклашиш, шунинг ҳисобидан юқори технологиялар ва инновацион Fоялар, тайёр маҳсулот, ички ва ташқи бозорда рақобатдош бўлган товарларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зурур.

Дарҳақиқат, тараққиётимизнинг устувор йўналишлари орасида иқтисодиёт ва унинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, ишлаб чиқаришни диверсификациялаш муҳим ўрин тутади. 2008 йилда бошланган глобал молиявий-иқтисодий инқироз модернизациялашнинг аҳамиятини янада ошириб юборди. Шу боис давлатимиз раҳбари: «жаҳон иқтисодий инқирози ишлаб чиқаришни мунтазам янгилаб, модернизация қилиб бориш зарурлигини кун тартибига янада ўткир қилиб қўймоқда ва бунинг учун бор куч-имкониятимиз ва ресурсларимизни сафарбар этишни талаб қилмоқда», деб алоҳида таъкидлайди.

ҳақиқатан ҳам маҳсулот ишлаб чиқаришни ҳозирги замон технологиялари даражасида ўзлаштирмасдан, эскирган асбоб-ускуналар ва технологияларни замонавий ва унумдорларига алмаштирмасдан, янги инновацион ғояларни ўзлаштирмасдан, жаҳон иқтисодиётига интеграциялашмасдан, замон талабларига жавоб берадиган ишлаб чиқариш ва кадрлар таркибига эришмасдан туриб бугун миллий иқтисодиётда ҳам, халқаро иқтисодий маконда ҳам юксак самараларга эришиб бўлмаслик аён.

Модернизация сўзи «модерн», яъни янги, замонавий деган маънони англатади. Модернизациялаш ишлаб чиқаришни такомиллаштириш, янгилаш, замон талаблари ва меъёрлари, сифат кўрсаткичларига мувофиқлаштиришдан иборат жараён бўлиб, асосан микродаражада, яъни корхоналарда амалга оширилади. Бунда, аввало, машиналар, асбоб-ускуналар, технологик жараёнлар замонавийлаштирилади.

Модернизациялаш, шунингдек, кўп илм талаб қиладиган технологияларга ўтишни тезлаштириш ва ишлаб чиқаришнинг инновацион йўналишини кучайтириш, халқаро рақобатбардошликни, пировардида давлат иқтисодий қудратини янада юксалтиришга хизмат қилиши билан ҳам эътиборлидир.

Модернизациялаш ва диверсификациялаш солиқ ва бошқарув тартиботини муттасил такомиллаштириб боришни тақозо этгани боис, бунда давлатнинг ўрни ва роли жуда муҳим.

Мамлакатимиз саноатида ишлаб чиқариш таркибининг такомиллашуви энергия – хомашё тармоқлари ривожланиши ҳисобидан эмас, балки машинасозлик ва металлни қайта ишлаш соҳаси улушининг муттасил ошиши баробарида кечмоқда. Бу иқтисодиёт секторларини модернизациялаш ва реконструкция қилиш жараёнларидаги энг самарали йўллардандир. Узоқни кўзлаб, пухта ўйлаб юритилаётган ана шундай изчил иқтисодий сиёсат натижасида хом­ашё бўлмаган тайёр товарларимизнинг экспортдаги улуши 70 фоиздан ошди. Глобал молиявий-иқтисодий инқироз ҳамон давом этаётган, ҳатто энг ривожланган мамлакатларнинг ҳам экс­порт имкониятлари кескин пасайиб, ишсизлик авж олиб, кўплаб ижтимоий муаммолар юзага келаётган мураккаб шароитда республикада бундай ютуқларга осонлик билан эришилаётгани йўқ, албатта. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, бу рақамлар ҳақида шунчаки гапириш осон, лекин улар қандай катта маблағ, қандай катта меҳнат ҳисобидан амалга оширилаётганига эътибор қаратиш лозим. Бунинг замирида тинимсиз ҳаракат, хорижий ҳамкорларни топиб, уларга барча зарур шароитларни яратиб бериш билан боғлиқ машаққатли меҳнат мужассам.

Юртимизда эришилаётган ана шундай юксак кўрсаткичлардан бири саноатнинг ва инвестицияларнинг ўсиш суръатлари тобора ошиб бораётганида ҳам намоён бўлаётир.

Ўзбекистонда саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ва асосий капиталга инвестициялар динамикасига эътибор қаратамиз.

2000 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 105,9 фоизни ташкил этгани ҳолда, асосий капиталга киритилган инвестициялар 101,0 фоизга ўсган. 2012 йилда ушбу кўрсаткичлар 107,7 ва 114,0 фоизга ўсган.

Ушбу рақамлардан кўриниб турибдики, 2000 йилгача мамлакатимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг йиллик ўсиш суръатлари асосий капиталга инвестициялар киритишдан юқорироқ бўлган. Сўнгги йилларда бу борадаги нисбат сезиларли даражада ўзгарди. Яъни, 2012 йилда инвестиция­лар саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш суръатларига нисбатан қарийб 2 баробарга устунроқ ўсди. Бу мамлакатимизда инвестициялар, жумладан, хорижий инвестициялар учун яратилган шароит ва қулайликларнинг амалдаги самарасидир.

Ўз навбатида, кенг кўламда жалб этилаётган инвестициялар янги қувватларни барпо этиш, реконструкция ва модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни диверсификациялаш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Юртимизда модернизациялаш, аввало, ўз ички имкониятларимизга таянган ҳолда, айни вақтда халқаро молия муассасалари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Инвестиция дастурининг 75 фоизи ички манбалар, қолган қисми эса хорижий инвестициялар ҳисобига молия­лаштирилаётгани фикримизнинг далилидир.

2012 йилда мамлакатимизни ижти­моий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг му­ҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузада таъкидланганидек, жами инвестицияларнинг қарийб 74 фоизи ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва янгилашга қаратилган дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилди.

Шу ўринда улардан айримларини – янгидан ташкил этилган «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зона ва «Ангрен» махсус ин­дустриал зоналари бугунги кунда мамлакатимизнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини модернизация қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда муҳим ўрин тутаётганини ало­ҳида таъкидлаш керак.

Маълумки, республикамиз экспорт ва импорт сиёсатида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Ўтган йили экспорт ҳажми 11,6 фоиз ошди. Унинг таркибида хом­ашё, масалан, пахта толасининг улуши муттасил пасайиб бормоқда. Айни пайтда импорт таркибида машина ва асбоб-ускуналарнинг ҳиссаси 44 фоизни ташкил этмоқда.

Экс­порт ва импорт операцияларига янги, тайёр маҳсулотлар турларини киритиш йўли билан мамлакат ташқи савдо алоқаларини диверсификациялаш, айниқса, ҳозирги шароитда, муҳим аҳамиятга эга. Чунки таш­қи савдони диверсификациялаш ягона бозорга ва мавсумий тебранишларга боғланиб қолиш даражасини камайтириш имконини беради. Диверсификация нафақат бир турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришга ёки ягона хўжалик фаолиятига боғлиқликнинг олдини олиш, балки мавжуд бозорлардаги улушни ошириш, янги бозорларни эгаллаш, капитал оқими учун янги соҳаларни топишда ҳам зарурий омил ҳисобланади.

Шуниси қувончлики, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизациялаш концепция­си бугун дунё­нинг тараққиёт сари интилаётган аксарият давлатларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Юртимизда одамлар ҳаёт сифати ва фаровонлигини ошириш мақсадида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини эса вақтнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Нурислом ТЎХЛИЕВ,

иқтисод фанлари доктори.



DB query error.
Please try later.