16.05.2013

ОБРЎ ЎЗ-ЎЗИДАН КЕЛМАЙДИ

унга курашиб, меҳнат қилиб, ташаббус кўрсатиб, амалий ишларни кучайтирибгина эришилади

Жиззах вилоят партия кенгашининг навбатдаги пленуми ўз-ўзини тан­қид руҳида ўтди. Унда бошланғич ташкилотлар, халқ депутат­лари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари олдида турган бугунги вазифалар, улар фаолияти­даги камчиликларни бартараф этишга қара­тилган таклифлар айтилди, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

— 2012 йилда партия Ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши бўйича Жиззах шаҳар, Ғаллаорол, Мирзачўл ва Янги­обод туман партия кенгашлари, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари мунтазам иш олиб борди, ша­ҳар, туман Кенгашлари сессиялари муҳокамасига бир нечта масалалар киритил­ди, — де­ди ЎзХДП Жиззах ви­лоят кенгаши раиси вази­фасини бажарувчи Мўътабар Каримова. — Аммо йўл қўйилган сусткашликлар оқибатида Ҳаракат дастурида бел­гиланган айрим вазифалар бажарилмай қолди. Хусусан, Пахтакор туманида янги иш ўринлари ташкил этиш чора-тадбирларининг ижроси, Арнасой туманида коммунал хизматлар сифатини яхшилаш, Бахмал, Дўстлик ҳамда Зомин туманларида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш ҳисобига аҳоли бандлигини ошириш бўйича депутатлик гуруҳла­ри томонидан тайёрланган масалалар туман Кенгашлари сессиялари муҳокамасига олиб чиқилмади.

Пленумда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш пар­тия Дастури ижросини амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди. Бандлик Дастури асосида вилоятда ўтган йили 44 мингга яқин янги иш ўрни яратилди. Уларнинг 29 мингтаси қишлоқ ҳудудларига тўғри келади. Касб-ҳунар коллежларининг 18 минг нафардан ортиқ битирувчиси иш билан таъминланди. Натижада ишсизлик даражаси бир йилда бир фоизга камайди. Бунда маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП депутатлик гуруҳларимиз Дастур ижроси бўйича депутатлик назоратини олиб бориш орқали ўз ҳиссаларини қўшишди.

Аммо ишга жойлашган битирувчиларни маълум муддатдан сўнг корхоналар, яъни иш берувчилар ташаббуси билан ишдан бўшатиш ёки иш ўринларини қисқартириш каби салбий ҳолатлар ҳали-ҳамон учраб турибди.

Бу масалалар пленумда алоҳида таъкидлаб ўтилди. Партия етакчилари, депутатлар биринчи марта ишга жойлашган ёшлар дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди. Халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгашларидаги партиямиз депутатлик гуруҳлари бу борада мунтазам иш олиб бориши, сусткашликларни бартараф этиш бўйича ташаббус билан чиқишлари, энг муҳими, электорат манфаати йўлида қатъийлик кўрсатишлари талаб этилади. Шунда бандлик Дастури ижроси бўйича депутатлик назорати тизимли ташкил этилади, халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгашлари доимий комиссиялари, сессиялари муҳокамасига олиб кирилган масалалар амалий руҳда муҳокама этилиб, самарали қарорлар қабул қилинишига эришилади. Аҳоли бандлик даражаси ва турмуш фаровонлигини оширишда бу муҳим аҳамиятга эгадир.

Жорий йилда ҳам бандлик Дастури асосида Жиззах вилоятида 44 мингга яқин иш ўрни яратиш мўлжалланмоқда. Пленумда дастурда белгиланган иш ўринлари ўз вақтида очилиши, барқарор бўлиши учун маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларимиз депутатлик назоратини кучайтириши лозимлиги алоҳида қайд этилди. Хусусан, депутатлик гуруҳлари Дастурнинг жойларда қандай бажарилаётганини мутахассислар кўмагида доимий равишда ўрганиб, таҳлил қилиб, танқидий баҳолаб бориши, уларни бартараф этиш чораларини белгилаш бўйича амалий ташаббуслар кўрсатиши зарур.

Шунингдек, пленумда Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини тубдан яхшилаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Вилоят партия кенгаши Жамоатчилик қабулхонасининг 2012 йилдаги фаолияти натижалари таҳлил этилди.

Маълумотларга кўра, ўтган йили унга 500 дан ортиқ мурожаат бўлган. Уларнинг 471 таси депутатлар томонидан маҳаллий ижро ҳокимияти, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ижобий ҳал этилган. Бунда депутатлар ҳамда партия кенгашларининг корхона ва ташкилотлар билан изчил ҳамкорликни йўлга қўйгани яхши самара берди.

Пленумда сўзга чиққан Арнасой туман партия кенгаши раиси Фарҳод Басматов, Жиззах шаҳар «Ёшлик» маҳалласидаги ҳудудий партия ташкилоти етакчиси Ҳафиза Норматова, «Фаол аёллар» қаноти Фориш туман бўлими етакчиси Гулмира Абдулахатова, халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати Хидир Шукуров сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида ўтказилаётган машғулотлар, «Истиқбол» ёшлар ва «Фаол аёллар» қанотлари томонидан ташкил этилаётган тадбирлар, давра суҳбатлари таъсирчанлигини ошириш, бошланғич ташкилотлар билан кўпроқ ишлаш масалалари хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Пленумда ташкилий масала кўриб чиқилди. ЎзХДП вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаб келаётган Мўътабар Каримова Жиззах вилоят партия кенгаши раиси этиб сайланди.

Пленумда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов қатнашди ва ви­лоят партия ташкилотлари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари олдида турган муҳим вазифалар ҳа­қида сўз юритди.

Жумладан, партия етакчиси Дастурий мақсадларни амалга ошириш, Ҳаракат дас­турида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда барча даражадаги партия ташкилотлари, фракция ҳам­да маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари ҳамкорлигини кучайтириш, салоҳиятли, бугунги кун талабларига жавоб берадиган иқтидорли ёшларни партия фаолиятига жалб қилиш, тадбирларни илғор сиёсий технологиялардан фойдаланган ҳолда юқо­ри савияда ташкил этиш, ички партиявий ишларни янада яхшилаш, Жамоатчилик қабулхоналари фао­лиятини кучайтириш борасида тавсиялар берди.

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.