16.05.2013

МИНГ ДАРДНИНГ МАЛҲАМИ

ёки асаларичиликни ривожлантириш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва янги иш ўринлари хусусида

Халқимиз қадим-қадимдан асални минг дардга даво неъмат сифатида қадрлаб келади. Ҳақиқатан ҳам дунё ҳакимлари асалнинг саломатликка фойдали хусусият­лари ҳақида кўп маълумотлар қолдиришган. Бу шифобахш маҳсулотга аҳолининг талабини тўлиқ­роқ қондириш мақсадида ҳукуматимиз томонидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.

Мухбиримизнинг соҳа мутасаддилар, мутахассис­лари, асаларичилар билан мулоқоти асаларичиликни ривожлантириш истиқболлари, унинг озиқ-овқат сано­атидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида бўлди.

Ёзил ШУКУРОВ, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги паррандачилик, балиқчилик ва асал­аричиликни ривожлантириш бош бошқармаси бош мутахассиси:

— Республикада асаларичиликни ривожлантириш аҳолининг асал маҳсулотига бўлган талабини қондиришдан ташқари, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш, уруғ етиштиришда ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Кўпчилик эҳтимол билмаслиги мумкин. Бир мисол келтираман. Маълумки, бугун халқаро бозорда пахта нархининг ошиши пахтачилик соҳасига эътиборни кучайтириб, ундан янада кўпроқ сифатли ҳосил олишни тақозо этмоқда. Экспертларнинг фикрича, асалари оиласи жойлаштирилган бир гектар майдонда у билан чанглатилган ғўзанинг ҳосилдорлиги асалари оиласи бўлмаган жойдаги ғўза ҳосилдор­лигига нисбатан 2,6 центнерга кўп бўлади.

Фарғона вилоятида мевали боғлар, мойли экинлар ва ғўзаларни асалари билан чанглатиш устида 22 та тажриба ўтказилди. Унга кўра, асалари билан чанглатилган пахта даласи, шафтоли, олма, олхўри, бодом, гилос, олча, ўрик каби мевали ўсимликларда ҳосилдорлик юқори даражада ошди. Булар ҳозирча кичик ер майдонларида синалмоқда. Келгусида бундай тадқиқотларни кўпайтиришни режалаштирганмиз.

Ўзбекистонда кенг тарқалган асал­ари зотлари касалликка чидамлилиги, иқлим-шароитга мослашувчанлиги, кўп миқдорда тухум қўйиши, яхши асал бериши каби жиҳатлари ҳисобга олиниб танланган. Булар сирасига «Карпат», «Кавказ», «Украина», «Кавказ тоғ» кулранг зотлари ва маҳаллий асаларилар киритилган бўлиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида парвариш қилинмоқда.

2012 йил якунига келиб, республикада асалари билан шуғулланувчилар сони 7589 нафар ва улардаги асалари оилалари сони 290 мингтадан ошди. Аҳолининг асал маҳсулотларига бўлган талабини тўлароқ қондириш мақсадида жорий йилда асаларичилик билан шуғулланувчи субъектлар сони 8975 нафарга, асалари оилалари сони 367 мингтага, 2013 йил якунига қадар асал ишлаб чиқариш ҳажмини 7300 тоннага етказиш кўзда тутилган. Ушбу сайъ-ҳаракатлар натижасида 1900 тадан зиёд янги иш ўринлари яратилади. Қўшимча иш ўринларининг ташкил этилиши, авваламбор кўплаб оилаларнинг даромади ошиши, дастурхонимиз тўкинлигига хизмат қилиши табиий, албатта.

Ниёзбек АсҚаров, Қашқадарё вилояти, Шаҳ­рисабз туманидаги «Асалчилик Н.Х.Ж.» фермер хўжа­лик раҳбари:

Фермер хўжалигини 2004 йилда ташкил этиб, 5 та янги иш ўрнини очиш орқали ўз фао­лиятимизни бошлаганмиз. Ҳар йили пахта, янтоқ, масхар ва бошқа турли гиёҳ ва ўсимликларни чанглатиш туфайли 5 тоннадан зиёд асал оламиз. Ўзим 40 йилдан буён асаларичилик билан шуғулланиб келаман, мана ўн йилдан ошдики, ўғлим Ҳусанжон менга шогирд тушган.

Асал йиғиш асал берувчи ўсимликларнинг гул шираси кўп бўлишига боғлиқ. Масалан, «асалли» ўсимликлар сирасига кирувчи пиёз июль ойларида кўпроқ шира ажратади. Бунда бир гектар пиёз поясидан 70 кг, июль ва август ойларида бодрингдан — 30, июль-сентябрь ойларида қовоқдан — 40, июнь ойининг охиридан то сентябрь ойигача ғўзадан — 200, март-апрель ойларида ўрикнинг бир тупидан — 7-8, апрель-июнь ойларида олманинг бир тупидан — 5-7, оқ акация гуллаш даврида, унинг ҳар бир гектаридан 300-450, май-июль ойларида бедадан 100, июль-сентябрь ойларида янтоқдан — 150, июнь-июль ойларида кашнич ўсимлигидан 500 (!) килограммгача асал олиш мумкин. Кўриниб турибдики, асалчилик сердаромад тармоқ ҳисобланади.

Ҳозирда бизда 200 та асал­ари оиласи мавжуд бўлиб, ҳар йили 50-60 та асалари пакетини етиштирамиз. Йиллик умумий даромадимиз 30-40 миллион сўм атрофида. Бугун давлатимиз томонидан асалари­чиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани боис, тармоқ кескин тараққий этмоқда. Бу эътибор ушбу йўналишда ишлайдиган тадбиркорлик субъектлари учун ажратилаётган имтиёзли кредитларда, шакар маҳсулотларини арзон нархларда харид этишда намоён бўлмоқда. Энг муҳими, республикада асаларичилар уюшмасининг ташкил этилиши тармоқ жонкуярларининг бошини қовуштириб, ўзаро тажриба алмашиш, унинг фаолиятини кенг кўламда тарғиб этиш ва қолаверса, халқимиз дастурхонини шундай тотли неъмат билан тўкин этишга замин яратмоқда. Ниятимиз йил охирига келиб, ўзимизда қадоқлаш цехини ташкил этиш орқали яна 10 та қўшимча иш ўрнини барпо этишдир.

Тоҳир ШЕРМАТОВ, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, Республикада асаларичиликни ривожлантириш ишчи гуруҳи раҳбарининг ўринбосари:

Асаларичилик соҳасини ривожлантириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Юртимизда ўтган йили жами 4887 тонна асал ишлаб чиқарилган бўлиб, жойларда уни қайта ишлаш ва қадоқлаш цехлари ташкил этилмоқда. Жорий йилнинг якунига келиб, бундай цехлар сонини 25 тага етказиш режалаштирилган.

Дастурга асосан 2012 йилда жами 290 та янги асаларичилик ҳўжалиги ташкил этилиши кўзда тутилган эди. Амалда эса 573 та шундай субъект фаолият бошлади.

Асалари оилаларини мавсум даврида табиий ўсимликларнинг гуллашига қараб, (чўл, тўқай, тоғ олди, маданий экинзорлар) озуқа базасини мустаҳкамлаш ва асал йиғиш мақсадида республикада бир ҳудуддан бошқа ҳудудга кўчириш жадваллари ишлаб чиқилиб, жараён давом эттирилмоқда.

Белгиланган режага асосан, мавжуд ўрмон фонди ерларидан (қўриқхоналардан ташқари) асаларичилик билан шуғулланувчи субъект­лар бепул фойдаланиши учун шароит яратиб берилди.

Юқорида қайд этилганидек, чорва озуқа экинлари уруғини етиштиришда ҳам асаларилар «меҳнати» жуда асқотади. Шу мақсадда 31 та махсус деҳқон ва фермер хўжалиги ташкил этилиб, бунинг учун 50 гектарга яқин ер майдони ажратилган. Шунга қарамасдан, ҳали қиладиган ишларимиз анчагина. Авваламбор, асаларичилик билан шуғулланувчи субъектларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш, замонавий технологияларга асосланган қайта ишлаш ва қадоқлаш кичик цехларини ҳамда аҳоли зич бўлган туман ва шаҳар марказларида савдо дўконларини изчил ташкил этиш зарур.

Абдухалил ЧЕКАЛОВ, Ўзбек-Асал уюшмаси раҳ­бари:

— Бугун турли вазирлик, давлат идора ва ташкилотлари томонидан асалари пакетлари­ни сотиб олувчилар сони ортиб бормоқда. Масалан, Андижон вилоят Асака туманида жойлашган «Асака» асаларичиликда наслчилик фермер хўжалигидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси — 50 та, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги — 60 та, «Uzbek­energo» давлат акциядорлик компанияси — 250 та асалари пакетини сотиб олиб, уларни ўз хўжаликларида кўпайтиришни йўлга қўйган.

Асал маҳсулотини катта ва кичик ҳажм­ларда қадоқлаш жуда муҳим. Чунки ҳар ким ўз эҳтиёжига қараб, 50 граммдан бир килогача бўлган турли ҳажмдаги қадоқланган асални сотиб олиши мумкин.

Бундан ташқари, четга асал чиқаришни кўпайтириш учун ҳозирда турли хил ўсимликларнинг гуллаш даврида алоҳида монофлёр асал олинмоқда. Фақат биргина ўсимлик гулидан олиниб тайёрланган монофлёр, бир неча ўсимликлар гулларидан олингани полфлёр асал деб аталади. Пахта асали, тоғ ўсимликларидан олинган асал, акация ёки янтоқ асали шулар жумласидандир. Бу ҳам уларнинг сифатини яхшилаб, бозорбоплигини таъминлайди.

Бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан асаларичиликка алоҳида эътибор қаратилиши қишлоқ хўжалиги соҳасида катта фойда келтирадиган яна бир тармоқнинг гуллаб-яшнашига пухта замин яратди, дея бемалол айтиш мумкин. Шу билан бирга, бу борада олдимизга катта вазифалар ҳам пайдо бўл­моқда.

Маълумки, асал таркибини асал, гул чанги (асалари учун озуқа гуллардан олинади), мум (асалари уя қуришда ишлатилади), прополис (асал елими — совуқдан ва касалликдан ҳимоя қилади), мерва (эски рамкадан олинадиган мум қолдиғи), перга (гул чанги қоришмаси), асал­ари заҳари ва асалари сути ташкил этади. Айнан ушбу асал маҳсулотлари (асалнинг ўзидан ташқари) ҳозирча ўз фойдаланиш объектини тўлалигича топган эмас. Ваҳоланки, улардан тиббиётимизда, масалан, «Апитерапия» йўли билан инсонни даволашда, фармацевтика соҳасини янада тараққий эттиришда унумли фойдаланиш имконияти мавжуд. Бунинг натижа­сида асаларичилик янада сер­даромад соҳага айланади.

Бундан ташқари, асаларичилик экотизим билан чамбарчас боғлиқ эканини унутмаслигимиз лозим. Келгусида бутун флора оламини асалари билан чанглатиш истиқболи мавжуд. Назаримизда юртимизда асаларичиликни ривожлантириш истиқболлари тўғрисида халқаро конференциялар, форумлар ўтказишга ҳаракат қилишимиз керак. Бу борадаги хорижий тажрибаларни ўрганиш мақсадга мувофиқ. Қолаверса, анжуманлар орқали маҳсулотларимизни намойиш қилиш имконига ҳам эга бўламиз.

Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, асал етиштириш борасида республикамизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад юртдошларимизнинг асалга бўлган эҳтиёжини қондириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигини оширишда ушбу соҳадан самарали фойдаланишдир.

Обиддин МАҲМУДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.