14.05.2013

БОШ МАҚСАД: АВВАЛО, ИНСОННИ АСРАШ, УНИНГ ТИНЧЛИГИ ВА ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

Хотира ва қадрлаш куни Президентимиз ОАВ вакиллари билан қилган суҳбатда ана шу фикр илгари сурилди

Президентимиз Ислом Каримов­нинг Хотира ва қадр­лаш куни билдирган фикрлари ҳар биримизни яна бир бор огоҳликка даъват қилди. Ўзбекис­тон­даги осойиш­та­лик ва изчил тараққиётни асраб-авайлаш, инсон ва унинг тинчлиги ҳақида қайғуриш ҳисси ҳар бири­мизнинг қалбимизга кўчди, десак муболаға бўлмайди.

Давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, «Биз бугун қандай шиддат билан ўзгариб, ён-атрофимизда қарама-қаршилик, хавф-хатарлар кучайиб бораётган нотинч замонда яшаётганимизни кузатиш ва англаш қийин эмас». Шундай экан, жаҳонда ва ён-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга тўғри ва холис баҳо бермай, кечаётган жараёнлардан тегишли хулоса чиқармай, «бу таҳдидларнинг менга дахли йўқ, улар ҳақида бошқалар бош қотирсин», деган тушунча билан яшашнинг, лоқайдликнинг вақти аллақачон ўтган. Бугун кўпчиликка яхши маълумки, уруш алангаланаётган мамлакатлар аҳолиси ўзлари йўл қўйган қўпол хатоларнинг, аниқроғи бировларнинг ноғорасига ўй­нашнинг жабрини тортаяпти.

Яқин Шарқ ва Афғонистон каби уруш олови сўнмаётган ҳудудлар сафига Ироқ, Судан, Миср, Ливия, Сурия, Мали каби мамлакатлар қўшилиб, нотинчлик, беқарорлик ўчоқлари йилдан-йилга кўпайиб бораётган экан, бу ҳол дунёга уйғоқ боқаёт­ган, соғлом фикрли ҳар бир инсонни ташвишлантирмасдан, хавотирга солмасдан қолмайди.

Тарихдан маълумки, қудратли давлатлар, империяларнинг геостратегик манфаатлари тўқнашган ҳудудлардаги халқлар кўпдан-кўп жабр чеккан, қурбонлар берган. Президентимиз суҳбат чоғида уруш жиловини ушлаб турган, шу орқали ўзининг ёвуз ман­фаатларини қондираётган кучлар борлигига бежиз эътибор қаратмади. Ҳозир дунё­да тинчликни таъминлаш энг долзарб вазифага айланди. Чунки, турли ҳудудларда урушнинг янги ўчоқлари пайдо бўлмоқда. Ер юзида яна қуролланиш пойгаси авжига чиқмоқда. Айни шу масалаларни тадқиқ қилувчи халқ­аро институтларнинг таҳлилларига қараганда, дунёда анъанавий қурол-яроғларнинг асосий турларини етказиб бериш ҳажми 2008-2012 йилларда 2003-2007 йилларга нисбатан 17 фоизга ўсган. Кейинги беш йил мобайнида қурол-яроғлар глобал импортининг 47 фоизи айнан Осиё ва Океания мамлакатлари ҳиссасига тўғри келган.

Сир эмас, жаҳонда халқларнинг даъфатан тинчини бузаётган гуруҳлар ва кучлар ўз ёвуз мақсадлари йўлида асосан ёш­лар­дан фойдаланаяпти. Талотўп­лар, исёнлар иштирокчилари орасида ўша мамлакат фуқаролари билан бирга четдан ёллаб олиб келинган жангарилар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Яқинда Интернетда бир хабар тар­қалди. Шу йилнинг март ойи охирида қирғизистонлик бир гуруҳ ёшлар «жиҳод» қилиш учун Сурияга жўнаб кетган. Бу мамлакатда қандай сиё­сий ўйинлар бўлаётганини, кимларнинг манфаати тўқнашганини, кимлар, нима мақсадда қон тўкаётганини бутун дунё кўриб-билиб турибди. Уруш оловини ёқаётганлар учун ўтин бўладиган қизиққон, мустақил фикри шаклланмаган ёшлар керак.

Марказий Осиё минтақаси хавф-хатарлардан холи эмас. Биринчидан, заминимиз минерал ва энергетика манбаларига бой, иккинчидан, ўта муҳим ­геостратегик маконда — қудратли давлатларнинг манфаатлари тўқнашган ҳу­дудда жойлашган ва шу сабабли азалдан дунё­нинг кучлари бу заминга эгалик қилиш учун ўзаро курашиб келади.

Ўзбекистонни этник, демографик, иқтисодий ва бошқа ўткир муаммолар юки остида қолган мамлакатлар қуршаб турибди. Бунинг устига, юртимиз минтақадаги диний экстремизм, наркобизнес ва ички можаролар авж олган Афғонистон билан чегарадош. Афғонистонда ўттиз йилдан кўпроқ давом этаётган уруш ҳозирги кунда бутун Марказий Осиё минтақасида тинч­лик ва барқарорликка энг катта хавф-хатарга айланди.

Ўзбекистон мустақил давлат бўлибдики, Афғонистонда тезроқ тинчлик қарор топиши ҳақида жон койитиб келмоқда. Ислом Каримов 2008 йил апрел ойида Бухарестда бўлиб ўтган НАТО/СЕАПнинг Саммитида биринчи бўлиб афғон муаммосининг ҳарбий ечими йўқлигини айтиб, бунинг учун БМТ шафелигида «6+3» мулоқот гуруҳини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди. Ҳозирги пайтда эса бу ягона оқилона йўл эканини барча давлатлар раҳбарлари, Аф­ғонистондаги коалицион кучлар қўмондонлари ҳам эътироф этмоқда. Давлатимиз Раҳбарининг фикрича, бу инқирозни бартараф этишнинг ягона йўли — сиё­сий йўл бўлиб, қандай қийин бўлмасин, қарама-қарши кучларни музокаралар орқали ўзаро келишувга олиб келишдир. Минг афсуски, бугунги кунда Афғонис­тоннинг ўзидаги ва унинг таш­қарисидаги айрим кучлар ўз манфаатларини кўзлаб, можарони сиёсий асосда ечишга қарши чиқмоқда.

Мана шундай ўта оғир ва таҳликали бир вазиятда АҚШ ва Европа давлатларининг АЙСЕФ деб ном олган ҳарбий кучларини яқинда Афғонистон ҳудудидан чиқариш жараёнининг бошланиши кутилмоқда. Бу Афғонис­тонда янги қарама-қаршиликларнинг авж олишига, турли миллат ва элатлар ўртасидаги зиддият ва тортишувларни янада кучайтиришга олиб келиши мумкин. Ўз-ўзидан аёнки, бундай ҳолатда Афғонистон атрофидаги мамлакатлар ҳудудида ҳам кескинлик ва муаммолар келиб чиқиши эҳтимоли ортади.

Бундай хавф-хатарларнинг олдини олиш ҳақида сўз кетганда, ўтган йили Президентимизнинг қонунчилик ташаббуси билан «Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғ­рисида»ги қонун қабул қилинганини эслаш жоиз. Мазкур Концепция дунё­да халқаро вазият, сиёсий ва ҳарбий кучлар жойлашуви шиддат билан ўзгараётган бир паллада қабул қилинди. Ўта мураккаб шароитда бундай қарорга келиш учун нақадар кучли қатъият ва сиёсий ирода зарурлиги ва муҳимлигини англаш, ҳис қилиш мушкул эмас.

Ўзбекистон ва яна бир бор Ўзбекистон манфаатидан келиб чиқиб, шундай қатъий қарорга келингани баъзи давлатларга хуш келмагани ҳам табиий. Чунки юртимизда ўз ҳарбий базасини жойлаштириш пайида юрган, Ўзбекистонни турли ҳарбий-сиёсий блокларга фаол жалб қилмоқчи бўлган ёки ўзбек аскарларидан ўзга юртлардаги ҳарбий операцияларда фойдаланмоқчи бўлган давлатлар йўқ дейсизми? Шу маънода, мазкур Концепция Ўзбекистонни турли сиёсий-ҳарбий ўйин ва можароларга жалб қилишга бўлган уринишларнинг олдини олиши, тинч ва барқарор тараққиётнинг ҳу­қуқий кафолати бўлиб хизмат қилиши билан жуда қадрлидир. Президентимиз бундай сиёсат ва мақсадларни ҳаётга татбиқ этишда барчамизга куч-қувват бағишлайдиган омил ва мезонлар ҳақида тўхталар экан, аввало, Ўзбекистонимиз мус­тақил тараққиёт йўлида қандай улкан, бошқаларнинг ҳа­васини тортадиган ютуқ ва марраларга эришган бўлса, буларнинг барчасининг негизи – юртимизда тинч ва осуда ҳаёт, миллатлар ва фуқаролараро тотувлик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни асраб-авайлаб келаётганимизда, деди.

Ҳақиқатан ҳам, қачон нотинч, беҳаловат жойда тараққиёт бўлибди? Талотўпли жойда инсон ўзини бахтли ҳис қиладими? Аксинча, осойишталик бўлган, кучли давлат ҳукм сурган жойдагина ривожланиш бўлган, халқ фаровон ҳаёт кечирган, саодатга эришган.

Президентимизнинг суҳбати моҳиятида инсонни асраш, унинг манфаатларини ҳимоялаш, унинг тинчлиги ва хавф­сизлиги учун кураш ғояси илгари сурилди. Дарҳақиқат, қандайдир темир-терсаклар, жонсиз тепаликлар ҳақида эмас, гап инсон ҳақида кетди. Уни улуғлаш, ҳимоялаш хусусида қайғурилди. Ҳар бир инсон ўзини бахтли ҳис қилиши учун, албатта, тинчлик керак. Тинчлик эса кўп бор таъкидланганидек, осмондан тушмайди. Жамият­да­ги огоҳлик, ҳушёрлик, хал­қимизнинг ўзаро аҳил ва тотувлиги, Ватанимиз тақдири учун масъуллик туйғуси тинч­ликни асрайди, мустаҳкамлайди.

Мадамин САФАРОВ,

«O‘zbekiston» телерадио-канали Ижтимоий-сиёсий ва социал иқтисодий дастурлар бош муҳарририяти бош муҳаррири.



DB query error.
Please try later.